Давлат тилини ўрганиш- фарз

0
667

Чақалоғининг инға деган товушига жавобан бешикни қучоқлаган ҳолда мурғак зурриётига кўкрагини тутган она – энг мўътабар зот. Она кўкрак сути билан чақалоғини озуқлантираётган паллада майин товуш билан алла айтади. Бу ёқимли товушда меҳрибонликнинг барча жозибалари мужассамлашган, у она тилидан тараляпти. Инчунин, она тили унинг ўзи ва сутидек муқаддас ҳисобланади.

Аксарият мамлакатларда фуқароларининг кўпчилигини ташкил этадиган миллатнинг она тили давлат тили мақомига эга. Бизда ҳам талаба ёшларимиз ва уларнинг миллатпарвар фидоий раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон олий совети ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги ҳақидаги қонунни қабул қилди. Бу катта тарихий ғалаба эди. Икки йилдан сўнг иттифоқ тарқалиб кетди, совет империяси таркибидаги иттифоқчи республикалар қатори Ўзбекистон ҳам мустақилликка эришди. Лекин мустақилликнинг дастлабки чорак асри мобайнида давлат тилининг амалий тадбиғи жуда суст кечди. Бунинг сабабларидан бири миллий ёзувимизни ислоҳ қилиниши туфайли вужудга келган муаммолардир. Фуқаролар саводхонлиги билан мамлакатнинг тараққий этганлиги орасидаги мутаносибликни эътиборга олиб ёзувимиздаги муаммоларни ҳал қилиб олиш – илм аҳлининг долзарб вазифаси дея оламиз.

Меҳнатий фаолиятимнинг аксарият қисми педагоглик билан боғлиқ бўлганлиги ва ёшлар учун ўзбек тилида дарслик ва қўлланмалар яратишдаги тажрибамга таянган ҳолда миллий ёзувимиз ҳақидаги фикрларимни баён этаман.

Қадим замонларда аждодларимиз яратган ўз ёзувимиз бўлган. Заминимизга ислом дини билан биргаликда араб ёзуви ҳам кириб келди, натижада қадимий ёзувларимиз истеъмолдан чиқиб кетди. Кейинчалик араб ёзуви асоси­да ислоҳ этилган ўзбек алифбосидан фойдаланилди. Шўро даврининг бошланғич йилларида лотин ёзувига асослан­ган ўзбек алифбосига ўтилди, лекин у 1929–1940 йиллар давомида яшади, холос. Кремлнинг топшириғини бажар­ган тилшуносларимиз рус алифбосини айнан кўчириб, унга русчада учрамайдиган “ў”, “қ”, “ғ”, “ҳ”  ҳарфларни қўшиб алифбо яратдилар.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг алифбомизда­ги белгилар (ҳарфлар) бирламчи манба – лотин ёзувида­гиларга мослаштирилди ҳамда тилимиздаги оригинал то­вушлар учун қўшимча белгилар киритилиб, 1993 йилда  янги миллий алифбо қабул қилинди. Шунинг учун уни лотин ёзувига асослан­ган янги ўзбек алифбоси деб талқин қилишимиз маъқул. Янги ўзбек алифбосининг афзалликлари мавжуд эди – од­дий товуш белгиларини танлашда тилимизнинг фоне­тик хосликлари эътиборга олинган: эски алифбодаги (тўртта ҳарф қўшилган русча алифбо назарда тутиляпти) “е”, “ё”, “ю”, “я” ҳарфлари замирида иккитадан оддий товуш бирикмаси бор. Шунинг учун уларни янги алифбода икки ҳарф бирикма­си уе, yo, yu, ya шаклида берилди.

“ч”, “ғ”, “ў”, “ш” ҳарфларини эса мос равишда ç, ğ, ö, ş тарзида белгиланди. Бундай усул турк, озарбайжон, туркман ёхуд Европа Шарқи ва Жанубидаги халқлар алифбосида ҳам қўлланилган. Улар ўзларининг миллий тилларига хос бўлган (лотинчада бўлмаган) товуш гра­фикасини (яъни ҳарфни) ясаш учун мазкур товушга яқин товушни ифодаловчи ҳарфнинг остига ёки устига бирор қўшимча белги қўядилар. Бу усул­нинг афзаллиги шуки, мабодо ўқувчи лотин ҳарфидаги қўшимча чизиқчани эътиборга олмаса ҳам, сўз талаффузи катта зарар кўрмайди.

Фикримча, мазкур алифбонинг камчилиги ҳам мавжуд эди: ўзбек тилида “ж” (журнал) тарзида талаффуз этиладиган товуш деярли учрамайди. Шунингдек “нг” товуши ҳам тўлақонли товуш эмас. Шунинг учун уларни алифбога киритишга зарурат йўқ эди. Шундай бўлса-да, халқимиз бу алифбони ўзлаштиришга киришди. Лекин 1995 йилда лотин ёзуви асосидаги алифбонинг янгиланган иккинчи вариантига ўтилди. Эндиликда “ў” ва “ғ” ҳарфларини қўшимча белгилар ёрдамида эмас, тескари вергул ёрдамида  (g‘ ва o‘) ифодалайдиган бўлдик. Шунингдек “ш” ҳарфи sh тарзида, “ч” ҳарфи эса сh тарзида, яъни икки ҳарф бирикмаси тарзида (худди инглизлардагидек) ёзил­ди. Инглизлар кетма-кет ёзилган оо ни “у” деб, ее ни эса “и” деб талаффуз қиладилар. Улар сўзлардаги баъзи ҳарфларни умуман талаффуз ҳам этмайдилар, бундай номутаносибликларнинг сабабини сўрасангиз, “анъана” деб жавоб берадилар.

Русчада ҳам “анъана” деса бўладиган хосликлар мавжуд. Рус алифбосида “о” ҳарфи “ў” ёки “а” товуши тарзи­да ҳам талаффуз этилади. Масалан, руслар “он”, “она” деб ёзишади-ю, “ўн”, “ана” деб ўқишади. Қаратқич кели­шик (родительный падеж) қўшимчаси “ого” ни “ўва” деб талаффуз этишади. Умуман русчада ҳарфларни бошқача талаффуз этиб ўқиладиган ҳоллар кўп учрайди. Қуйида баъзи сўзларнинг ёзилиши ва қавс ичида уларнинг талаф­фузи келтирилган: кого (кавў), чего (чэвў), кому (каму), отец (атец), Москва (Масква), Россия (Рассия), обезьяна (абезьяна), золото (зўлота). Бундан ташқари, бошқа мил­латларнинг сўзларини бузиб ёзиш ҳоллари ҳам учрайди. Қуйида қавс ичида шундай сўзларнинг русча ёзилиши келти­рилган: Тошкент (Ташкент), Ўзбекистон (Узбекистан), Хоразм (Хорезм), Фарғона (Фергана), Ҳамлет (Гамлет), Холландия (Голландия), Бойкўл (Байкал), Оқ идил (Аги­дель), Женисой (Енисей).

Умуман, инсон фао­лиятининг маҳсули бўлган ҳодисалар мутлақ мукаммалликка даъво этолмайди. Уларда эътиборга олмаса ҳам бўладиган ки­чик нуқсонлар, баъзи ҳолларда эса яққол намоён бўла­диган катта камчиликлар учрайди. Аждодлар бунёдкорлигида­ги бу нуқсонларни авлодлар тузатишга ҳаракат қилади. Тузатишлар катта ноқулайликларни вужудга келтириши мумкин бўлган ҳоларда камчиликларни “аждодларимиздан қолган анъана” деб ҳисоблашади. Аммо, инглизлар ва русларнинг анъ­аналарини бошқа миллатлар, хусусан, биз – ўзбеклар ҳам қабул қилаверишимиз шарт эмас.

Ҳозирда лотин ёзувига асосланган янги алифбо ўқув даргоҳларида тўлиқ амал қиляпти. Корхоналар, давлат идоралари, раҳбар мулозим­ларнинг ҳисоботлари ва ёзишмаларида эса ҳануз эски алифбо қўлланиляпти. Аниқроқ айтганда, ёшлар янги алифбодан, ёши улуғроқлар эса эски алифбодан фойдаланишяпти. Натижада мамлакатимизда икки алифболик вужудга кел­ди, у фуқароларимиз саводхонлигининг янада сусайиши­га сабабчи бўляпти. Мазкур муаммони ҳал этиш – давр талаби эканлигини англадик, лекин уни амалга ошириш ҳақида баҳслашаяпмиз, холос. Ортиқча баҳслашавермасдан, ҳамжиҳатлик билан муаммони тезроқ ҳал этиш йўлини қидирайлик. Шу асно­да мулоҳазаларимни (тилшунос бўлмасам-да!) баён этаман.

Алифбони ўрганмоқчи бўлган фуқаро ҳарфларни таниб олишга интилади, яъни ҳар бир ҳарф қандай товуш белгиси эканлигини аниқлаштириб ола­ди. Сўнг бир неча ҳарфдан иборат бирикма таркибида­ги ҳарфларга мос товушларни улаб талаффуз эт­ганда янграйдиган сўз қанчалик аниқ чиқишига эътибор қаратади. Мазкур жараёнда янги алифбомизнинг афзал ва номақбул жиҳатлари намоён бўлади. Ҳақиқатан, янги алифбонинг ҳозир қўлланилаётган 1995 йилги вариантидаги ҳарфлар воситасида битилган матндаги бирор сўзда sh ёки ch нинг аввал биринчи ҳарфини, кейин иккинчи ҳарфини талаффуз этиш керакми ёки икки ҳарф бирикмасини битта товуш тарзида талаффуз қилиш лозимми, деган муаммовий тўхталишга дуч келамиз. Агар “ш” ва “ч” ни янги алифбомизнинг биринчи (1993 й.) вариантидагидек ёхуд лотин ёзувига асосланган қардош миллатлар алифболаридек ş ва ç тарзида белгиланса, мазкур муаммо осонгина бартараф бўлар эди. Ёшлар ҳам бу жузъий ўзгаришларни қийналмасдан, осонгина ўзлаштиришарди.

Ёши улуғроқлар апострофни айириш белгиси сифатида идрок этишга одатланиб қолганлар. Бундай муаммо “ғ” ва “ў” товушларини белгиловчи ҳарфларда учрайди: матнда нигоҳимиз g‘, o‘ ҳарфларига дуч келганда, уларнинг белгисини апостроф деб қабул қиламиз. Зеро, ёшларнинг ўзи ҳам кўп ҳолларда адашиб, бу ҳарфларни апостроф белгиси билан g’ ва o’ шаклида ёзадилар. Натижада, бу ҳол саводсизликнинг авж олишига замин яратмоқда. Бизнингча, бу муаммони ҳал этиш учун g ва o ҳарфларига қўшимча элемент, белги киритиш мумкин. Янги алифбонинг биринчи вариантида “ғ”  ҳарфи ğ тарзида ифодаланган,  “ў”  эса ö тарзида белгиланган. Бу ҳам ёмон эмас, аммо  ö ҳарфини ёзаётганда фуқаро қаламини қоғоздан икки марта узиб, о белгиси устига икки марта нуқта қўйишига тўғри келади. Назаримизда, “ў” товушини ŏ тарзида белгилаш маъқул. Шунда ёзувимизда лотин алифбосининг асосий ҳарфлари ёнига тўртта миллий товушлар белгилари – ç   ş   ğ   ŏ ҳарфлари қўшилади, холос.

Чет тиллардан ўзбек тилига кириб келган сўзларни аслидек талаффуз қилиш мақсадида қўшимча ҳарфлар киритавериш номаъқул. Ўқув муассасаларида деярли 20 йилдан бери қўлланилиб келаётган янги алифбога иложи борича камроқ ўзгартиришлар киритиш тарафдориман. Янги алифбодаги ҳарфларга қўшиладиган чизиқчалар мазкур ҳарфнинг қаерига қўйилиши ва қандай шаклда бўлишини ҳал этишда техниклар фаоллик кўрсатиши керак. Фикримча, таклиф этилаётган жузъий ўзгартиришларни ёшлар ҳам, ёши улуғроқлар ҳам онсонгина ҳазм эта олади.

Баён этилган фикрлар давлат тили мавқеъини мустаҳкамлаш учун бажарилиши зарур бўлган амаллардан биридир, холос.

Иккинчи асосий сабаб шундаки, мустақил Ўзбекистондаги қатор лавозимларни иттифоқ давридаги амалдорлар эгаллаган эди. Улар бошқарувларидаги идоралар фаолиятини рус тилида олиб боравердилар, уларнинг аксарияти давлат тилида, яъни ўзбек тилида жўяли ёзиш ва нутқ сўзлашга қодир эмасдилар-да! Маҳаллий журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари орасида ҳам ўзбек тилини мукаммал эгалламаганлари талайгина эди. Мисол келтираман. Телевидение орқали гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш муаммолари ҳақида деярли бир соатли кўрсатув давомида бошловчилар ҳам, иштирокчилар ҳам қушхона атамасини қўлладилар. Ахир қушхона деганда қушлар, масалан кабутар, товуқ каби паррандаларни боқадиган ҳудуд тушунилади-ку! Гўшт тайёрлаш учун ҳайвонлар, яъни қўй ва қорамолларни сўядиган ҳудуд эса кушхона дейилади-ку! (Ўзбек тилининг изоҳли луғатида хам куш сўйиш, ўлдириш маъносини англатади.)

Бу каби мисолларни кўп келтириш мумкин. Ачинарлиси шуки, айрим миллатдошларимиз ўзбек тилини мукаммалроқ эгаллашга интилиш – ўзларининг ва зурриётларининг миллатимиз олдидаги бурчи эканлигини англамаётирлар. Уларнинг баъзилари ўзбек тилида ёзиш ва сўзлашиш малакасини оширишга камхафсалалик билан ёндашадилар, баъзиларининг зеҳниятида совет даврида шаклланган “рус тилини мукаммал билиш – ҳаётий зарурат” деган фикр ҳанузгача сақланиб келмоқда.

Совет даврида рус тилини ўқитиш соҳасида Ўзбекистон бошқа миллий республикаларга ўрнак бўладиган даражада илгарилаб кетганди. Раҳбарларимиз “рус тили – иккинчи она тилимиз” шиори остида анжуманлар ўтказиш бўйича кўрсатмалар беришарди. Иккинчи она тил (русчасига второй родной язык) иборасидаги она тил қўшма от ва у бошқа туркийзабон миллатларникидан фарқли тарзда ажратиб ёзилади-ки, натижада юқорида қайд этилган шиорни иккинчи онанинг тили мазмунида ҳам тушуниш мумкин. Ваҳоланки инсонни, ҳаттоки барча сутэмизувчи жондорларни ҳам, онаси ва отаси биттадан бўлади.

Фарзандларимизнинг хорижий тилларни (рус тили, инглиз тили, …) чуқурроқ ўзлаштиришини нур устига аъло нур, деб қабул қилиш лозим. Лекин бу ютуқларга эришиш йўлида она тили ва адабиётига оид билимлари оқсаб қолиши гуноҳи азимдир. Мазкур муаммо бўйича менинг фикрим қуйидагича: фарзандингизни мактабдан ташқарида она тили ва адабиётига оид билим олишига шароит яратиш имкониятига эга бўлсангиз уни хорижий тилдаги мактабга бераверинг. Акс ҳолда кўзингиз қорачиғидек азиз фарзандингизни она тилимизнинг ўзига хос жозибасию-латофатидан, асрлар давомида донишманду-шоирларимиз яратган ва аждодларимиз миллий маънавий мерос сифатида авайлаб авлодларга етказиб келаётган мумтоз адабиётимиз дурдоналаридан баҳраманд бўлиш бахтидан маҳрум этган, яъни уни маънавий мажруҳлик гирдобига етаклаган бўласиз.

Шу аснода халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг ўзаро суҳбатларда: “… Илмсиз одам сўқирга ўхшайди, уни камситиб четга суриб ташлаш инсофдан эмас. Балки кўр кўзини очиш учун билимдон унга нур бериши лозим”- таъкидлаган сўзларини эслаш мақул бўлади. Шунинг учун уларнинг ўзбек тили бўйича билимларини ўзларига намойиш қилиш усулидан фойдаланайлик. Бу усулни, яъни синов ўтказишни қисқача баён этаман.

Синов онлайн тарзда ўзбек тилидан диктант ўтказишдан иборат. Диктант матни ярим бет ҳажмда, масалан ҳар бир сатри 50 белгидан иборат 20 сатрдан ташкил топган бўлиши мумкин. Демак, матн 1000 белгидан иборат. Бундай матнлар бир неча мингта бўлиб, улар давлат тест марказининг топшириқлар жамғармасида сақланади. Синов ўтказиладиган катта залдаги ҳар бир столда компьютер жойлашган. Синовдан ўтувчиларнинг ҳар бири алоҳида компьютер қаршисига ўтиради ва қулоқларига аудиоқулоқчинни тақиб олади. Интернет орқали махсус дастур билан ажратиб олинган диктант матни компьютерга келиб тушади. Аудиоқулоқчиндан чиқаётган матнни синовдан ўтувчи компьютер клавиатурасидан фойдаланиб ёзиб боради. Диктант тугагач, компьютер мониторининг биринчи ярмида ўқилган матн ёзуви, иккинчи ярмида эса синовдан ўтувчининг ёзуви ва ундаги хатоликлар қизил ранг билан тузатилган ҳолда акс этади. Матнлар остида синовдан ўтувчи йўл қўйган хатолар ва диктантга қўйилган баҳо кўрсатилади. Бу усулда диктант ўтказишда объективлик таъминланади. Бунга ўхшаш онлайн тарзда синов ўтказишни Тошкент техника университетининг “Физика” кафедрасида 1993 йилда талабаларни оралиқ ва якуний назоратдан ўтказиш жараёнида қўллаганмиз. Турин политехника университетининг Тошкент филиалида кириш имтиҳонлари бир неча йиллардан бери компьютерлар билан жиҳозланган залда онлайн тарзда ўтказиляпти. Топшириқлар Италияда, абитуриентлар эса Тошкентда. Барча мамнун бўляпти, апелляцияга ҳожат ҳам қолмаяпти.

Дунёдаги тараққиётга мутаносиб тарзда ўзбек тили ҳам ривожланиб боряпти, тилимизга янги атамалар қўшиляпти. Атамаларни, айниқса ҳорижий тиллардан кириб келаётган атамаларни пала-партишлик билан тилимизга ўрнашиб қолишига йўл қўймаслик учун тилшуносларимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ҳамкорликда самарали меҳнат қилишлари керак. Фикримни бир неча мисоллар билан изоҳлайман.

Фермер хўжалиги атамаси бирор шахснинг маҳсулот етиштираётган хусусий ёҳуд ижарага олган ер бўлагини англатади, ғарб мамлакатларида уни оддийгина ферма деб аташади. Бу сўзга ер аффиксини қўшиш воситасида касбни ифодаловчи фермер атамаси (ўзбек тилидаги ишчи, пахтакор каби) ҳосил қилинган. Лекин бу атамаларни ўзбек тилига киритишга ҳожат бормикан? Асрлар мобайнида қўлланиб келинаётган деҳқон атамаси-чи? Балки фермер атамаси замирига мустақилликка эришилгандан сўнг йўқотилган колхоз ерининг каттагина қисмини (100 гектар чамасидагини) эгаллаб, унда ёлланма ишчилар меҳнати билан юқори ташкилотлар режалаштирган маҳсулотларни етиштираётган ёҳуд ерни бўлаклаб коранда (гектарчи)ларга ҳар йили ижарага берадиган шахсни улуғлаш учун керак бўлгандир. Агар деҳқон атамасини атиги 10 сотих (1 сотих = 0,01 гектар) чамасидаги томарқага эгалик қилаётган шахс учунгина қўллаш лозим бўлса, катта ерга эгалик қилаётган инсонни ўзбек тилида заминдор деб атайдилар-ку!

Иккинчи мисол: Тошкентнинг айрим қисмларида қурилаётган турар жой мажмуаларини жарангдор тарзда сити деб номлашяпти. У инглизчада шаҳар деган маънони англатади. Зеро мажмуа ҳудуди шаҳар таркибидаги шаҳар экан, уни оддийгина шаҳарча деб атайвериш керак-да! Олдинги аср бошларида русча сўзларга, эндиликда эса инглизча сўзларга маҳлиё бўлиняпти, шекилли. Шу аснода Муҳаммаджон амаким (1875-1979) билан суҳбатлардаги лавҳаларни эслайман. Тошкент шаҳридан ўтувчи Анҳорнинг чап томонидаги ҳудудда рус колонизаторлари бир неча бинолар қуришган экан. Бу ҳудудни город деб, Анҳорнинг ўнг қирғоғидаги ҳудудни эса эски шаҳар деб аташган. Ҳозирда тарих музейи ва Тошкент меҳмонхонаси эгаллаган бу ҳудудда Россиядан келтирилган буюмлар сотиладиган бозор бўлган экан. Бу ерда ресторан, харчевня, кабак ва алкаголь ичимликлар сотиладиган дўконлар ҳам мавжуд бўлганки, натижада бозорда маст-аласт кимсалар кўп учраган. Шунинг учун маҳаллий аҳоли бу бозорни пиён бозор (русча пьяный сўзини бузиб талаффуз этишган) деб аташган. Шунингдек, ўтган асрнинг бошларида талабалар партада ўтириб сабоқ оладиган янгича мактабни ишкол (русча школа сўзини бузиб талаффуз этишган) деб аташган.

Кейинчалик бу атамалар тўғирлаб олинди, албатта. Инчунин, атамалардаги нуқсонларни тўғирлашдан кўра, даставвал атама замиридаги маънони таҳлил қилиб, унинг тўғри муқобилини танлаш афзалдир. Қайд қилиш лозимки, совет даврида айрим тилшунослар ўзбек тилини бойитиш шиори остида русча атамаларни ўзбек тилида қўллашни тарғиб қилардилар. Масалан, автор (муаллиф), архитектор (меъмор), заказ (буюртма), запас (заҳира), прилавка (пештахта), редактор (муҳаррир), морожний (музқаймоқ),… Морожний атамаси русча мороженое сўзини бузиб талаффуз қилиниши, у рус тилида ҳам бир қийматли маънони англатмайди. Маънони тўлиқ англатиши учун “аниқловчи+аниқланмиш” модели бўйича ясаладиган атамадаги аниқланмиш етишмайди. Аниқланмиш остида сут ёки қаймоқни ҳаёлан тушуниш лозим, дейишади. Ўзбекча музқаймоқ атмаси эса “от+от”модели бўйича вужудга келган қўшма сўз бўлиб, ундаги биринчи от иккинчи отнинг сифатини акс эттиради. Инглизларда ҳам ўзбекчага ўхшаш: ice (муз) + cream (қаймоқ) → icecream (музқаймоқ).

Русча адабиётда “аниқловчи+аниқланмиш” моделидаги таркибий терминларнинг фақат биринчи қисми, яъни аниқловчини ёзиш билан кифояланадиган ҳоллар кўп учрайди. Масалан, лотинча константа сўзи рус тилида постоянная величина, ўзбек тилида эса доимий катталик тарзида қўлланилиши лозим. У ёки бу константани фанга киритган олимнинг номини  қайд қилиш учун “константа+олимнинг номи” модели бўйича таркибий терминлар ясалади. Лекин величина сўзи туширилиб қолдирилганлиги учун ғализ ибора ҳосил бўлади. Масалан: постоянная Планка (аслида постоянная величина Планка). Ўзбекча адабиётда ҳам бундай атамаларни сўзма-сўз таржима қилинарди, яъни Планк доимийси. Бундай нуқсонларни бартараф этиш учун доимий катталик ибораси ўрнига қисқароқ тарзда доимийлик сўзини қўллаш мумкин, яъни Планк доимийлиги.

Баён этилганлардан хулоса шуки, атамаларнинг ўзбекча муқобилини танлашда атама замиридаги маънони чуқур англаб олиш ҳамда ўзбек тили граматикаси ва имлоси қоидаларига риоя қилиш зарур. Хуллас, фуқароларимиз давлат тилини дурустгина ўзлаштиришлари учун тилшунослар, атамашунослар, услубиётчи педагоглар кўп ва хўб меҳнат қилишлари лозим. Дунё тамаддунига салмоқли ҳисса қўшган даҳоларни етиштирган заминимиздаги замондошларимиз бу шарафли ва савобли амалларни уддасидан чиқа оладилар. Раҳбарларимиз эса, бу долзарб вазифани бажаришга бел боғлаганларнинг молиявий таъминотини унутмасликлари керак.

ОМИЛЖОН   АҲМАДЖОНОВ

 физик-профессор, педагогика фанлари доктори.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг