Буюк Британиянинг янги Бош вазири ким бўлади?

0
689
Фото: Reuters

Собиқ молия вазири Сунак Буюк Британиянинг навбатдаги бош вазири бўлиш мумкин. У овозларда биринчиликни ҳеч кимга бермаяпти.

Собиқ молия вазири, Консерватив партия етакчиси Риши Сунак чоршанба куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнларида икки рақибини ортда қолдирди.

Сунак партиянинг 358 парламент аъзосидан (депутатлар) 88 таси томонидан қўллаб-қувватланди. Кичик савдо вазири Пенни Мордаунт 67 овоз билан биринчи раундни тамомлаган бўлса, Ташқи ишлар вазири Лиз Трусс 50 овоз билан учинчи ўринни эгаллади.

Овоз беришнинг навбатдаги босқичи пайшанба куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. Келаси ҳафта охиригача фақат икки номзод финалга чиқади, шундан сўнг Консерваторлар партиясининг 160 мингга яқин аъзоси улардан бирини танлаши керак бўлади.

Янги бош вазир ким бўлиши эса 5 сентябрь куни маълум бўлади.

Риши Сунак биринчи раундда ғалаба қозонган бўлсада, Мордаунт унинг иккинчи босқичдаги асосий рақиб бўлиб қолмоқда.

Муаммолар гирдоби

Ким ғолиб бўлса ҳам унга осон бўлмайди. Жонсон билан боғлиқ бир қатор жанжаллар туфайли бузилган жамоатчилик ишончини қайта тиклаши керак бўлади. Бундан ташқари, Британия иқтисоди кескин инфляция, юқори қарз ва паст ўсиш билан юзма-юз келмоқда. Буларнинг барчаси ёқилғи нархининг кескин ошишига олиб келган Украинадаги уруш туфайли кучайган энергия инқирози фонида содир бўлмоқда.

Сунак кам солиқ тўлаб, кўпроқ харажат қилиш «эртак» эканлигини ва у ҳалолликни таклиф қилаётганини таъкидламоқда.

Труссни қўллаб-қувватлаётган маданият вазири Надин Доррис «Лизни тўхтатиш» стратегиясининг бир қисми сифатида Сунак жамоасини «ифлос ҳийлалар»да айбламоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил декабрь ойида кўпчилик овозларни қўлга киритиб, бош вазир бўлган Жонсон ўтган ҳафта Консерватив партиянинг кўплаб қонунчиларининг очиқ қўзғолон кўтарганидан кейин истеъфога чиқишини эълон қилган эди.

Манба

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг