Буюк Британия парламент аъзолари бу йилги ҳаж мавсумида яратилган шароитларга юқори баҳо берди

0
1924
Манба: Arab News

Британия парламент гуруҳи раҳбари Саудия Арабистони ҳукуматининг навбатдаги ҳаж мавсумини муваффақиятли ўтказишдаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди. Бу ҳақда Arab news хабар бермоқда.

Саудия Қироллиги бу йил тахминан 26000 нафар британиялик зиёратчиларни қабул қилди. Буларнинг аксарияти биринчи марта ҳаж ибодатини амалга оширдилар.  Бундан ташқари, 100 мингдан ошиқ зиёратчилар Умра зиёратини амалга ошириш учун Буюк Британиядан ташриф буюришди.

Ҳаж ва Умра масалалари бўйича Умумпартиявий парламент гуруҳига раислик қилувчи депутат Ясмин Қуреши Британиялик ҳаж зиёратчиларидан бири эди.

«Мен Саудия Арабистони ҳукуматига логистика ва Ҳажга тайёргарлик ишлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман.  Бу Буюк Британиялик зиёратчиларга Ҳаж амалини катта қулайлик билан бажаришларига имкон берди», деди у.

Британиялик зиёратчилар ҳам бу йил Ҳаж зиёратидаги шароитлардан мамнун бўлишди. Жумладан, Макка шаҳрига бориш учун атиги бир неча соат сарф этганлари ҳақида айтиб ўтишди.

Буюк Британия Бош консули Саиф Ушер ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди: «Ўтган ой Жидда аеропортига Буюк Британиядан келган зиёратчиларнинг биринчи гуруҳини қабул қилганимда юрагимда фахр туйғуси жўш урди. Шунингдек, Ҳаж пайтида Буюк Британиялик зиёратчилар билан учрашиш шарафига муяссар бўлдим.  Уларнинг Исломдаги энг муҳим диний тадбирларни бажаришга бўлган садоқатлари, айниқса, августнинг юқори ҳарорати пайтидаги ғайрат-у шижоатлари менга руҳ бағишлади.”

«Биз Ҳажда кўрсатилаётган хизматлардаги янгиланиш ва ўзгаришларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Британиялик зиёратчиларга қулай шароитлар яратиш учун Ҳаж ташкилотчилари ва Саудия Арабистонининг маҳаллий агентликлари билан ҳамкорлик ишларини йўлга қўймоқдамиз.  Бизнинг фидокор Ҳаж жамоаси, ушбу муқаддас сафар давомида зиёратчилар билан биргаликда ҳаракатланиб, зарурат бўлганда уларга ёрдам қўлини чўзишади”, дейди Британия Ҳаж қўмитаси вакили Рашид Моградиа.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг