Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган глобал иқтисодий инқироз ва дунёнинг айрим ҳудудларида юз бераётган беқарорлик яна бир жаҳон урушининг хавфини туғдириши мумкин, дея огоҳлантирди Буюк Британия қуролли кучлари раҳбари.
Буюк Британиянинг Мудофаа штаби бошлиғи Ник Картер 8 ноябрдаги Хотира куни маросимида берган интервюсида жаҳоннинг турли минтақаларидаги зиддиятларнинг кучайиши охир-оқибатда кенг можароларга олиб келиши мумкинлигини айтди.
«Менимча, ҳозирда биз дунё жуда беқарор ва хавотирли бўлган бир пайтда яшаяпмиз. Албатта, давлатларнинг ўзаро рақобат қилиши ҳаётимизнинг ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Лекин, ўйлайманки, айни пайтда давом этаётган кўплаб минтақавий можаролар биз учун энг катта хавфдир” дея Картернинг сўзларини келтирди Sky News.
Ушбу минтақавий можаролар яна бир жаҳон уруши бўлиши борасида жиддий хавф мавжудлигини англатадими деган саволга Картер шундай жавоб берди: «Мен буни хавфли деб айтмоқдаман ва биз бу хавфларни англашимиз керак».
«Шуни ёдда тутишимиз керакки, тарих айнан такрорланмаслиги мумкин, аммо унинг ритми бор. Агар ўтган асрга назар ташласангиз, иккала жаҳон урушидан олдин ҳам минтақавий можаролар бўлганлиги кўрасиз», дейди Картер.