Британия мустамлакачилиги 40 йил ичида 100 миллион ҳиндларни қандай ўлдириб юборди

0
852
Фото: Wikimedia Commons

Совет Иттифоқи, маоистчилари Хитойи ва Шимолий Кореядаги очарчиликдан ўлганларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам 1880-1920 йиллар оралиғида Ҳиндистондаги Британия мустамлакачилик сиёсати кўпроқ одамни қурбон бўлиши олиб келди.

Сўнгги йилларда Британия империясига бўлган носталгия қайта тикланмоқда. Найл Фергюсоннинг “Империя: Британия замонавий дунёни қандай яратди” ва Брюс Гиллининг “Сўнгги империалист” каби машҳур китобларида Британия мустамлакачилиги Ҳиндистон ва бошқа мустамлакаларга фаровонлик ва тараққиёт олиб келгани ҳақида даъво қилади. Икки йил аввал YouGov сўровномалари шуни кўрсатдики, британияликларнинг 32 фоизи ўз мамлакатларининг мустамлакачилик тарихи билан фаол равишда фахрланади.

Мустамлакачиликнинг бу кескин манзараси тарихий фактларга зид келади. Иқтисодиёт тарихчиси Роберт  К. Алленнинг тадқиқотига кўра, Ҳиндистонда ўта қашшоқлик Британия ҳукмронлиги остида 1810 йилдаги 23 фоиздан 20-аср ўрталарида 50 фоизга ошганлигини кўрсатади. Британия мустамлакаси даврида реал иш ҳақи пасайиб, 19-асрда энг паст даражага етди, очарчилик эса тез-тез ва ҳалокатли ҳолга келди. Мустамлакачилик ҳинд халқига фойда келтиришдан мутлоқ йироқ бўлган ҳолда, ёзма тарихда кам ўхшашликларга эга бўлган инсоният фожиаси бўлган эди.

Мутахассисларнинг фикрича, 1880-1920 йиллар – Британия императорлигининг гуллаб-яшнаган даври Ҳиндистон учун айниқса ҳалокатли бўлган. 1880йиллардан бошлаб мустамлакачи режим томонидан олиб борилган кенг қамровли рўйхатга олишлар шуни кўрсатадики, бу даврда ўлим даражаси сезиларли даражада ошган, жумладан: 1880 йилларда 1000 кишига 37,2 ўлим тўғри келган бўлса, 1910 йилларда (1000 кишига) 44,2 гача ўлим тўғри келган. Ўртача умр кўриш эса 26,7 ёшдан 21,9 ёшга қисқарган.

World Development  журналидаги яқинда чоп этилган мақолада биз ушбу шафқатсиз қирқ йилликда Британия империяси сиёсати туфайли ўлдирилган одамлар сонини ҳисоблаш учун аҳолини рўйхатга олиш маълумотларидан фойдаланганмиз. Ҳиндистонда ўлим даражаси бўйича ишончли маълумотлар фақат 1880 йиллардан бошлаб мавжуд. Агар биз буни «оддий» ўлим учун асос сифатида ишлатадиган бўлсак, 1891 ва 1920 йиллар оралиғида Британия мустамлакачилиги ҳомийлигида 50 миллионга яқин ортиқча ўлим содир бўлганлигини аниқлаймиз.

Эллик миллион ўлим – бу ҳайратланарли рақам, аммо барибир бу консерватив ҳисоб. Ҳақиқий иш ҳақи маълумотлари шуни кўрсатадики, 1880 йилга келиб мустамлака Ҳиндистонда турмуш даражаси аввалги даражадан кескин тушиб кетган. Аллен ва бошқа олимларнинг таъкидлашича, мустамлакачиликдан олдин Ҳиндистоннинг турмуш даражаси «Ғарбий Европанинг ривожланаётган қисмлари билан тенг бўлган». Биз Ҳиндистонда мустамлакачиликдан олдинги ўлим даражаси қандай бўлганини аниқ билмаймиз. Бироқ, агар биз бу кўрсаткич 16-17-асрларда Англиядаги ўлим даражасига ўхшаш бўлган деб ҳисобласак (1000 кишига 27,18 ўлим), Ҳиндистонда 1881 йилдан 1920 йилгача бўлган даврда 165 миллион ортиқча ўлим даражаси кузатилганлигини аниқлаймиз.

Гарчи ўлимларнинг аниқ сони биз ўлим даражаси ҳақидаги тахминларга яқин бўлса-да, Британия мустамлакачилиги авжида 100 миллионга яқин одам бевақт вафот этгани аниқ. Бу инсоният тарихидаги энг йирик сиёсатга асосланган ўлим инқирозларидан биридир. Бу Совет Иттифоқи, маоистлар Хитойи, Шимолий Корея, Пол Потнинг Камбоджаси ва Менгисту давридаги Эфиопиясдаги очарчилик содир бўлган пайтда ўлганларнинг умумий сонидан ҳам кўпроқдир.

Қандай қилиб Британия ҳукмронлиги бундай катта қурбонларни содир этди? Бунинг бир нечта механизмлари мавжуд бўлган. Биринчидан, Буюк Британия Ҳиндистоннинг ишлаб чиқариш секторини амалда йўқ қилади. Мустамлака қилишдан олдин Ҳиндистон дунёдаги энг йирик саноат ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, дунёнинг ҳар бир бурчагига юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиб келган. Англияда ишлаб чиқарилган бежирим бўлмаган мато, шунчаки рақобатлаша олмади. Бироқ, 1757 йилда Британия Шарқий Ҳиндистон компанияси Бенгалия устидан назорат ўрнатгач, вазият ўзгара бошлади.

Тарихчи Мадхусри Мухержининг фикрича, мустамлакачи режим Ҳиндистон божларини амалда бекор қилган, бу эса Британия товарларининг ички бозорга кириб келишига имкон берган, бироқ ўта катта солиқлар ва ички божлар тизимини яратган. Бу эса, ҳиндларнинг тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш у ёқда турсин, мамлакат ичида сотишига тўсқинлик қилган.

Ушбу тенг ҳуқуқли бўлмаган савдо режими ҳинд ишлаб чиқарувчиларини бостирилишига ва мамлакатни амалдаги саноати ривожланишига тўсиқ бўлган. Шарқий Ҳиндистон Хитой уюшмаси раиси 1840 йилда Англия парламенти олдида мақтанганидек: «Бу компания Ҳиндистонни ишлаб чиқарувчи мамлакатдан хом ашё экспорт қилувчи мамлакатга айлантиришга муваффақ бўлди». Инглиз ишлаб чиқарувчилари катта устунликка эга бўлишди, Ҳиндистон эса қашшоқликка тушиб, унинг аҳолиси очлик ва касалликларга қарши ҳимоясиз бўлиб қолди.

Энг ёмони эса, инглиз мустамлакачилари замондошлари томонидан “бойлик оқими” деб аталган ҳуқуқий талон-тарож қилиш тизимини жорий қилдилар. Буюк Британия ҳинд аҳолисига солиқ солиб, ундан тушган маблағни ҳинд товарлари – индиго, дон, пахта ва афюн сотиб олишга ишлатиб, бу товарларни текинга олишди. Кейинчалик бу товарлар Буюк Британия ичида истеъмол қилинган ёки чет элга рэкспорт қилинган, даромадлар Британия давлати томонидан ажратилган ва Буюк Британия ва унинг кўчманчи колониялари – АҚШ, Канада ва Австралиянинг саноат ривожланишини молиялаштириш учун ишлатилган.

Бу тизим Ҳиндистонни бугунги пул билан ҳисобланганда триллионлаб долларлик товарлардан маҳрум қилди. Инглизлар қурғоқчилик ёки сув тошқинлари маҳаллий озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солган тақдирда ҳам Ҳиндистонни озиқ-овқат экспорт қилишга мажбурлаб, бу йўналишни шафқатсизларча амалга оширди. Тарихчиларнинг аниқлашича, 19-асрнинг охирларида ўн миллионлаб ҳиндулар очликдан ўлган, чунки уларнинг ресурслари Британия ва унинг кўчманчи колонияларига ўтказиб юборилган.

Мустамлака маъмурлари ўзлари олиб борган бундай сиёсат оқибатларини тўлиқ англардилар. Улар миллионлаб одамларнинг оч қолаётганини томоша қилишда давом этишди ва  шу йўлларини ўзгартирмадилар. Улар одамларни яшаш учун зарур бўлган ресурслардан атайлаб маҳрум қилишда давом этдилар. Викториан давридаги экстремал ўлим инқирози тасодифий бўлмаган эди. Тарихчи Майк Девиснинг таъкидлашича, Британиянинг императорлик сиёсати «кўпинча 18 000 фут баландликдан ташланган бомбаларнинг аниқ ахлоқий эквиваленти эди».

Бизнинг тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, Британиянинг эксплуатацион сиёсати 1881 ва 1920 йиллар оралиғида тахминан 100 миллион ортиқча ўлим билан боғлиқ. Бу халқаро ҳуқуқда кучли прецедентга эга бўлган товон тўлашнинг оддий кўриниши. Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин Германия Холокост қурбонларига компенсация тўлаш тўғрисидаги шартномаларни имзолади ва яқинда Намибияга 1900 йилларнинг бошларида у ерда содир этилган мустамлакачилик жиноятлари учун товон тўлашга рози бўлди. Апартеиддан кейин Жанубий Африка оқ озчилик ҳукумати томонидан қўрқувга учраган одамларга товон тўлади.

Тарихни ўзгартириб бўлмайди ва Британия империясининг жиноятларини ўчириб бўлмайди. Аммо товон тўлаш, мустамлакачилик келтириб чиқарган маҳрумлик ва адолатсизлик меросини енгишга ёрдам беради. Бу адолат ва қайта тикланиш сари қўйилган муҳим қадам бўлади.

Муаллифлар:

Дилан Салливан

Манба

 

Мулоҳаза

Бугунги эса адолат тантана қозонаётганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Чунки, Британия давлатини бошқарувига тепасига борган сари кўпроқ этник ҳиндлар келишмоқда. Бу атайин қилинаяптими ёки тақдирми, алоҳида мавзу.  

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг