Большевиклар қурган тизим нимадан иборат эди ёки Совет тизимининг қулаши муқаррар бўлганми?

0
1852
Фото: m.business-gazeta.ru

Иқтисодчилар, тарихчилар ва файласуфлар «СССР»да қандай ижтимоий тизим барпо этилганини илмий асослашга ҳаракат қиладилар. Совет давлати ва коммунистик жамият Маркс ва Энгельс башорат қилган тараққиётга эришмагани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Қачонлардир икки қутбли дунёнинг бир бўлаги бўлган Совет Иттифоқида дастлабки даврдаги ҳайратомуз натижаларни ҳисобга олмаса, Маркс ва Энгельс ишлаб чиққан назария ўз тасдиғини топмади – коммунизм қурилгани йўқ.

Буни турли олимлар турлича изоҳлайдилар. Жумладан, Л.Д.Троцкий мазкур тизимни «пролетариат устидан диктатура» деб атаган. Умуман, оммабоп нуқтаи назар шундан иборатки, СССР ижтимоий тизими Энгельс башорат қилган тараққиёт шаклидан кўра, феодал тузумга кўпроқ яқин бўлган.

Совет давлатининг моҳиятини аниқлашнинг калити марксистик таълимотнинг ўзида ётади ва бу калит номи «Осиёча ишлаб чиқариш усули» дир.

Маркс ўзининг «Сиёсий иқтисодни танқид қилиш» (1859) асарида, хусусан шундай деб ёзади:

«Умуман олганда, Осиё, антик, феодал, замонавий ва буржуа ишлаб чиқариш усуллари иқтисодий шаклланишнинг прогрессив даврлари сифатида белгиланиши мумкин».

Капитал асарининг 3-жилдида (1894) Маркс «Осиёча ишлаб чиқариш усули» ни муфассал таснифлаган. Унга кўра, Маркс қуйидаги хулосаларга келган:

«Осиёда ернинг олий эгаси давлат ҳисобланади. Ер жамоага тегишли эмас ва бу ўз-ўзидан хусусий мулк шаклининг мавжудлигини инкор қилади. Давлатнинг ўзи мажбурлов аппаратига эга бўлиб, шу орқали мулкчилик муносабатларини ўрнатади ҳамда тасарруф қилади

«Осиёча ишлаб чиқариш усули» таркибидаги ҳукмрон синф – бу давлат бюрократияси ҳисобланади. Лавозим индивидга ишлаб чиқариш воситаларини тасарруф этиш ҳуқуқини беради. Лавозимни йўқотиш эса бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш воситалари устидан назоратни йўқотиш билан баробардир.

Немис-америкалик тарихчи Карл Август Виттфогел Маркс томонидан ишлаб чиқилган мазкур тизимнинг ўзига хос хусусиятларини шундай таърифлайди:

1. Ерга оид хусусий мулкчилик шаклининг мавжуд эмаслиги;
2. Бозор рақобатининг шаклланмаганлиги;
3. Ишлаб чиқариш ва айирбошлашнинг жамоавий табиати;
4. Давлат ҳокимияти ва мулкнинг ажралмаслиги;
5. Давлат томонидан арзон ишчи кучини эксплуатация қилиш, кенг оммани бевосита мажбурлаш;
6. Марказдан бошқариладиган давлат бюрократиясининг мутлақ ҳокимияти;
7. Бюрократик тизимни бошқарадиган ҳукмдорнинг мутлақ кучи.

Кейинроқ, айнан осиёча ишлаб чиқариш усули 30-йилларга келиб ёпиқ муҳокамалар учун мавзу бўла бошлади. Аммо, дунёдаги биринчи совет типидаги давлат сифатида Россия бунга қуллик тизими сифатида қараган.

Бироқ Маркс ўз китобида осиёча ер тизимини шарқдаги қулликка умуман алоқаси йўқлигини ёзган эди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, айрим жиҳатларига кўра совет тизими Маркс ғояларига мутлақо тескари бўлган. Қолаверса, советлар мамлакатда осиёча ер эгалигини эмас, феодал тизимдан ҳам ибтидойироқ бўлган мулк шаклини жорий қилдилар.

СССРда социализмни қуришга ҳаракат қилинган, аммо амалда Номенклатура бошқарадиган давлат – партия бюрократиясини барпо этилган, холос. Давлат ҳаётнинг барча соҳаларини, шу жумладан иқтисодиётни бошқарган ва назорат қилган, уни фуқароларнинг садоқати асосида тақсимлаган.

Фуқаролар учун имтиёзларни тақсимлашда айнан шу номенклатура иштирок этган. Табиийки, номенклатура вақт ўтиши билан таназзулга учради ва жамият ва иқтисодиётни ривожлантириш ўрнига, у ўз кучини сақлаб қолишга урғу берди.

Бу қандай якунлангани эса барчага аён – «СССР» қулади. Бир сўз билан айтганда, «СССР» жамият ва фуқароларнинг барча эҳтиёжлари максимал даражада таъминланадиган ижтимоий тизимни яратолмади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аксар адабиётлар қандай таъкидлашидан қатъий назар, «СССР» сиёсатда ҳам, иқтисодиётда ҳам капиталистик иқтисодиёт билан тенг кучга эга бўлмаган.

Сиёсий соҳада социализм муқаррар равишда тоталитаризмга мойиллик билдиради, чунки бунда тизимли мажбурлаш механизми жамиятнинг барча бурчакларига кириб бориб, эркинлик ва шахсий ҳуқуқларини поймол қилган. «СССР» диктатураси кадрлар алмашинуви ва рақобатга халақит беради, бу эса ўз-ўзидан жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини пасайтиради.

Иқтисодиётда Номенклатура ҳамма нарсани ва барчани бошқаришга интилиб, тадбиркорликни ўлдиради ва товар ва хизматлар ишлаб чиқаришга тўсқинлик қилади, шу билан иқтисодий ривожланишни пасайтиради.

Маданий жиҳатдан бундай тизим ижодий имкониятларни чеклайди, янги хатти-ҳаракатларнинг ривожланиши ва ўзлаштирилишига тўсқинлик қилади ва маданий янгиликларни кашф этиш ва муомалага киритиш жараёнига халақит беради.

Бир сўз билан айтганда, бундай бошқарув ва жамият тизими муқаррар равишда дегредацияга боради ҳамда қулайди. Қолаверса, бюрократизация иқтисодий носозликларнинг сабаби ҳам эди, бу уларнинг қулашига олиб келган.

Ишлаб чиқариш воситаларини миллийлаштириш натижасида уларни бошқариш мазкур ресурсларни самарали тасарруф этишга имконияти ҳам, қизиқиши ҳам бўлмаган амалдорлар қўлига ўтди. Натижада ҳосилдорлик пасайди ва ижтимоий боқимандалик кайфияти пайдо бўлди.

Бундан ташқари, марказлашган бошқарувга хос сустлик Совет Иттифоқи иқтисодиётининг техник янгиликларга тезда мослашишига йўл қўймади, бу эса Совет Иттифоқи ўзининг илмий ютуқларининг юқори даражасига қарамай, сўнгги пайтларда бир қатор энг муҳим технологик кашфиётларни ўтказиб юборганлигини изоҳлайди.

Троцкий ўзининг «Хиёнаткор инқилоб» китобида бу ҳақда шундай ёзган: «Давлат ягона иш берувчи бўлган мамлакатда бу чора очликдан секин ўлишни англатади. Бу тизимга кўра, ким ишламаса, у егулик ҳам ололмайди- деган эски тамойил янгиси билан алмаштирилган холос, яъни: ким итоат қилмаса, у очликдан ўлади».

 

Муаллиф: Ботиржон Ачилов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг