БМТ Хавфсизлик Кенгаши президенти АҚШнинг Эронга нисбатан санкцияларни қайта жорий қилиш бўйича сўровини рад этди

0
1834
Фото: Reuters

25 август сешанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг президенти бўлган Индонезия мамлакати АҚШнинг Эронга нисбатан барча санкцияларни қайта жорий қилиш бўйича берган сўровини рад этиб, бу борада бирон ҳаракатни амалга оширмоқчи эмаслигини маълум қилди. Индонезия бунга 15 давлатдан ташкил топган Хавфсизлик Кенгаши аъзолари рози бўлмаганларини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Мазкур кенгашнинг 13 та аъзоси 21 августда АҚШнинг санкциялар борасидаги талабига қарши эканликларини хабар қилишганди. Улар Вашингтонгнинг ушбу сўрови қонуний эмаслигини айтишган. Чунки, АҚШ 2015 йилда Эрон ва дунёнинг етакчи мамлакатлари ўртасида тузилган битимга асосланиб, Эронга нисбатан санкциялар қайтарилишини талаб қилмоқда. Ваҳоланки, АҚШ бу шартномадан 2018 йилдаёқ чиқиб кетган. АҚШнинг Хавфсизлик Кенгашига киритган сўровномасига фақатгина Доминикан республикаси қўшилган.

АҚШ эса ўзини Эронга қарши санкцияларни талаб қилишга ҳақли деб ҳисобламоқда. Қўшма Штатларнинг даъвосига кўра, ядро қуроллари бўйича 2015 йилда Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган резолуция АҚШни ҳали ҳамон иштирокчи эканлигини эътироф этади.

Индонезиянинг БМТдаги элчиси ва Хавфсизлик Кенгашининг август ойи мобайнидаги президенти Диан Трансия Жани 25 августда бўлиб ўтган йиғилишда Россия ва Хитойнинг Ўрта Шарқдаги масалалар ҳақидаги саволларига жавоб берди. Шундан кейин АҚШнинг элчиси Келли Крафт Жанининг сўзларини танқид қилди.

“Менинг ушбу ҳолатга ойдинлик киритишимга ижозат беринг: Трамп ҳукумати бу масала бўйича бир ўзи бошқаларга қарши туришдан қўрқмайди. Мен ачинаётган ягона нарса шуки, бу кенгашнинг бошқа аъзолари йўлларини йўқотиб қўйишди ва ҳозирда террорчилар тарафини олишмоқда” дейди Келли.

Маълумот учун, БМТнинг Эронга нисбатан жорий қилган санкциялари шу йилнинг октябрида ўз ниҳоясига етади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг