БМТ: Коронавирус туфайли глобал туризм соҳаси беш ойда 320 миллиард йўқотди

0
1752
Фото: AP

БМТ Бош Котиби Антонио Гутеррешнинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси туфайли дунё бўйича туризм саноати жуда катта зарар кўрди. 2020 йилнинг дастлабки беш ойидаёқ глобал туризм 320 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағни йўқотди ва ҳозирда ушбу соҳада фаолият олиб борувчи одамларнинг 120 миллионтасига ишсизлик хавф солмоқда.

Гутерреш 25 август куни қилган видеомурожаатида шуни маълум қилдики, дунё иқтисодиётининг экспорт соҳасида туризм ёнилғи ва кимёвий моддалар савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллайди. Туризм соҳаси 2019 йилда жаҳон иқтисодининг 7 фоизини ташкил қилган.

“Ер сайёрасидаги ҳар ўнта одамдан биттаси туризм соҳасида ишлайди ва бу билан юз миллионлаб одамларнинг тирикчилиги таъминланади. Мазкур соҳа иқтисодиётнинг ўсишига ҳисса қўшишдан ташқари одамларга дунёдаги маданий ва табиий бойликларни кўриш имконини яратади ва халқларни бир-бирларига янада яқинроқ қилади” дейди Гутерреш.

БМТ Бош Котиби пандемия туфайли 2020 йилнинг дастлабки беш ойида халқаро сайёҳларнинг ҳаракати 50 фоиздан кўпроққа пасайганини ва туризмдан келадиган даромад кескин даражада камайганини таъкидлади.

Гутерреш бу ҳолат бойроқ бўлган ривожланган мамлакатлар учун “катта шок” бўлганини, лекин, ривожланаётган давлатлар, хусусан, кичкина орол давлатлар ҳамда Африкадаги мамлакатлар учун эса фавқулодда ҳолат бўлганини таъкидлади. Баъзи давлатларнинг ялпи ички маҳсулотида туризм 20 фоиздан кўпроқ улушни ташкил этади.

БМТ берган маълумотларда айтилишича, 2020 йилнинг охирига қадар глобал миқёсда туризмдан келадиган даромад 910 миллиарддан 1.2 триллион долларгача камайиши мумкин ва бу жаҳон ялпи ички маҳсулотини 1.5 фоиздан 2.5 фоизгача камайтириши мумкин.

Ҳозирда дунё миқёсида туризмда фаолият олиб борувчи одамларнинг ишсиз қолишидан ташқари сайёҳларга озиқ-овқат етказиб бериш саноатидаги ходимларининг ҳам ўз ишларидан айрилиш хавфи мавжуд. Бу секторда 144 миллиондан ортиқ инсон ишлайди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг