БМТ Халқаро Суддан Исроилнинг Фаластинни ноқонуний босиб олиши бўйича фикрини сўради

0
1022
Фото: Мэри Альтаффер/AP Photo

Резолюция Халқаро Судни Исроилнинг Фаластин ҳудудини босиб олгани бўйича қарорини кўриб чиқади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Халқаро Судни Исроилнинг Фаластин ҳудудларини ноқонуний босиб олишининг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида хулоса беришга чақирувчи резолюция қабул қилди.

Бош Ассамблея 26 та қарши, 53 та бетараф ва 87 та ёқлаб берилган овоз билан ёқлаб резолюцияни қабул қилди. Шу ўринда, Ғарб давлатлари иккига бўлинди, аммо ислом оламида, жумладан, Исроил билан муносабатларни нормаллаштирган араб давлатлари орасида деярли бир овоздан қўллаб-қувватланди. Россия ва Хитой резолюцияни ёқлаб овоз берди.

Исроил, АҚШ ва яна 24 аъзо, жумладан Британия ва Германия резолюцияга қарши овоз берган, Франция эса бетараф қолган 53 давлат орасига кирди.

Гаагадаги Халқаро Суд, шунингдек, Жаҳон суди сифатида ҳам танилган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги давлатлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқадиган олий суд ҳисобланди. Гарчи Халқаро Суд уларга риоя этилишини таъминлаш ҳуқуқига эга бўлмасада, унинг қарорлари мажбурийдир.

Шанба куни Фаластин раҳбарлари овоз беришни олқишладилар, юқори мартабали амалдор Ҳусайн ал-Шайх бу “Фаластин дипломатиясининг ғалабасини акс эттиради” деди.

«Исроил қонунга бўйсунадиган давлатга айланиши ва халқимизга қарши давом эттираётган жиноятлари учун жавобгарликка тортиладиган вақт келди», деди Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби Набил Абу Рудайнех.

Фаластиннинг БМТдаги вакили Риёд Мансурнинг айтишича, овоз бериш Исроилнинг янги ўта ўнгчи ҳукумати қасамёд қилганидан бир кун ўтиб, яҳудийларнинг ноқонуний манзилгоҳларини кенгайтириш ва фаластинликларга қарши “мустамлакачилик ва ирқчилик сиёсатини” тезлаштиришга ваъда берган пайтига тўғри келди. Шунингдек, у резолюцияни ёқлаб овоз берган ва “таҳдид ва босимлардан қўрқмаган” мамлакатларни олқишлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Халқаро Суддан Исроилнинг “босқинчилик, аҳоли пунктлари ва аннексияси”нинг ҳуқуқий оқибатлари, шунингдек, тегишли камситувчи қонунлар ва чораларни қабул қилиши юзасидан, шу жумладан, Муқаддас Қуддус шаҳрининг демографик таркиби, характери ва мақомини ўзгартиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида консултатив хулосасини тақдим этишини сўради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциясида, шунингдек, Халқаро Суддан ушбу сиёсат ва амалиётлар «оккупациянинг ҳуқуқий ҳолатига қандай таъсир қилиши» ва бу мақом барча мамлакатлар ва БМТ учун қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши ҳақида кўрсатмалар бериши сўралган.

Халқаро Суд охирги марта 2004 йилда ишғол қилинган Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги Исроил деворини ноқонуний деб топиб, Исроил ишғоли масаласини кўриб чиқди. Исроил судни сиёсий мотивда айблаб, бу қарорни рад этганди.

“Ҳеч бир халқаро ташкилот яҳудий халқи ўз ватанида “босқинчи” деган қарорга кела олмайди. Маънавий жиҳатдан банкрот ва сиёсийлашган БМТдан мандат олган суд органининг ҳар қандай қарори мутлақо ноқонунийдир”, деганди Исроилнинг БМТдаги элчиси Гилад Эрдан овоз беришдан олдин қилган баёнотида.

1967 йил июнь уруши пайтида Исроил бутун тарихий Фаластинни босиб олди ва 300 минг фаластинликни ўз уйларидан қувиб чиқарди. Исроил шимолда Суриянинг Голан тепаликларини ва жанубда Мисрнинг Синай ярим оролини ҳам эгаллаб олди. 1978 йилда Миср ва Исроил тинчлик шартномасини имзоладилар, унга кўра Исроил Миср ҳудудидан чиқиб кетди.

Босиб олинган Фаластин ҳудудлари 1967 йилдан бери Исроил ҳарбийлари назорати остида. Бу замонавий тарихдаги энг узоқ ишғол. Бўлинган ҳудудларга Ғазо, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддус киради.

«Биз Халқаро Судга мурожаат қилиш томонларни мулоқотга қайтаришга ёрдам беришига ишонмаймиз», деди британиялик дипломат Томас Фиппс БМТдаги овоз бериш ҳақида.

«Буюк Британиянинг позицияси шундаки, иккала томоннинг розилигисиз суддан икки томонлама низо бўлган масала бўйича маслаҳат хулосасини сўраш мақсадга мувофиқ эмас.»

Резолюцияни қўллаб-қувватлаган Ғарб давлатлари орасида Португалия ҳам бор, унинг вакили “халқаро муносабатларда ҳаддан ташқари юрисдикция хавфини” тан олди, лекин жаҳон суди “биз сақлаб қолишга интилаётган қоидаларга асосланган халқаро тартибни қўллаб-қувватлашини” айтди.

Манба

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг