Блогер мулоҳазаси туркумидан. ЎЙНАБ ЁЗСАК ҲАМ ЎЙЛАБ ЁЗАЙЛИК.

0
1998

Блогер мулоҳазаси туркумидан бериб борилаётган бугунги пост, муаллиф Анвар Бурановга тегишли.

Қадамингни ўйлаб бос! деган доно халқимиз..

Кейинги йилларда FACEBOOK ижтимоий тармоғи ўзбек зиёлилари учун том маънода эркин ахборот алмашинув майдонига айланди. Олимлар тадқиқотларини, публицистлар ижтимоий-cиёсий мазмундаги мақолаларини, ҳажвчилар ҳажвияларини, шоирлар шеърларини ҳеч қандан тўсиқларсиз оммага ҳавола қилишни бошлади. Диний-маърифий мазмундаги мақолалар, фикрлар ҳам кенг ёритилди. Хатто чет элларда юрган ватандошларимизнинг ижоди, фикрларидан баҳраманд бўлдик. 

Аммо!

Кўпчилик блоггерлар бу имкониятдан тўғри фойдаланмади. Ижтимоий тармоқда сўкинишлар, ҳақорат, одобсиз муомала, гап талашишлар кўпайиб кетди. Бу борада таниқли зиёлилар, ёзувчилар, шоирлар, дин пешволари ҳам ортда қолмади. Демак, ҳали халқимизда мулоқот маданияти яхши шаклланмаган экан. 

Оқибатда, тармоқ чеклаб қўйилди. Имкониятлар ҳам чекланди. 

FACEBOOKда чиқиш қилаётган одам журналистлик этикаси ҳақида оз бўлсада маълумотга эга бўлмаса бўлмас экан. Инсон шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилиш – олий қадриятдир. Ёлғон ва асоссиз фикрларни тарқатиш, кўчирмакашлик билан шуғулланиш -уят. Ёзаётган фиклар жамиятга хавф солса уни ёзмаган, миллат бирлигига таҳдид солмаган маъқул. Ирқчилик, миллатчилик, бировнинг ижтимоий холатини ошкор қилиш – низо келтириб чиқаради. Динимиз-миллатимизнинг фахри, маънавият мезонидир. Динга тил текизиш – пасткашликдир. Уламоларимиз ҳақида ёмон фикрлар ёзиш-динни ёмонлашдир. 

Энг асосийси, дунё саҳнасида ўзбек номи ёмонотлиқ бўлмаслиги керак. Бу саҳнадаги “ўзбек қиёфаси” – ҳаммамизнинг қиёфамиз, оримиз, номусимиз эканлигини англашимиз керак. Зеро, бизнинг ижтимоий тармоқдаги гап сўзларимизни бутун дунё кузатиб турибди. 
Қадамингни ўйлаб бос, дегандай қалам билан ҳам ўйлаб ёзиш керак. Зеро, инсон айтган сўзи, ёзган фикри учун маъсулдир. Қаламингиз қолдирган из, сизнинг тақдирингизда акс этади. Кези келса келажагингизни белгилаб беради.

Келажак сизни юзингизнинг чиройлилиги ёки қийшиқлиги учун эмас, ёзган фикрларин қараб ё улуғлайди ёки лаънатлайди. Баъзи одамларнинг саҳифасига қўйган постлари бирор бир мақсадни кўзлаб эмас, шунчаки кўнгилхушлик учун қўйилганга ўхшайди. Жайдаричасига айтганда: ўйнаб ёзилган постлар бўлади. Натижада унга ёзилган шарҳлар ҳам шунга муносиб саёз ва мазмунсиз бўлади. Оқибатда ўша саҳифа турли кераксиз баҳслар, ҳақоратлар, сўкинишлар майдонига айланиб қолади.

Шунинг учун ўйнаб ёзаётганлар ҳам ўйлаб ёзса яхши бўларди. 

Ўзбек халқи азалдан зиёлиларини ҳурмат қилиб, улар билан фахрланиб келган. Уларга эргашган. Шундай бўлиб қолсин!

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг