Чоршанба куни Президент Владимир Путин Россияда туғилишни кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни эълон қилди ва бу ҳаракатларни мамлакат келажаги учун жуда муҳим деб айтди. Бу чора-тадбирлар учун жорий йилнинг ўзида камида 6,5 миллиард доллар маблағ сарфланиши кутилмоқда.
Россиядаги демографик вазиятни «жуда оғир» деб таъкидлаган Путин, кичкина болалари бор кам таъминланган оилалар учун тўловлар, биринчи марта фарзандли бўлган оналар учун нафақа, кўп болали оилалар учун юқори тўловлар ва болалар боғчаларида кўпроқ жойлар яратишни таклиф қилди.
«Бизнинг тарихий бурчимиз бу муаммога муносиб ечим топишдир. Россиянинг тақдири ва унинг тарихий истиқболлари рус оилаларида келаси бир, беш, ёки ўн йил ичида қанча бола туғилиши ва улар ким бўлиб етишишлари билан боғлиқ», деди Путин.
90-йилларда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Россия аҳолиси оғир иқтисодий ва ижтимоий муҳит сабаб кескин камайди ва Путин 2000 йилда президент бўлганидан бери демографик муаммоларга дуч келмоқда.
Маълумот учун, Қримни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 147 миллион нафар аҳолига эга бўлган Россияда аҳоли сони 2018 йилда 86 мингтага камайган.