“Она тили” бирикмасини кўп эшитамиз. Унинг илмий ва маиший таърифи бор. Маиший жиҳатдан тил миллатга боғланади. Яъни ўзбекнинг она тили ўзбек тили бўлиши керак деб тушунилади. Ўзбек тилини билмайдиган ўзбек “она тилини билмайди” дейилади. Илмий жиҳатдан эса одамнинг тили қайси тилда чиққан бўлса, ўша тил унинг она тили ҳисобланади. Яъни миллати ўзбек бўлган одамнинг тили русчада чиқса, унинг она тили рус тили бўлади.
Шундай қилиб, она тили бу биз болаликдан гапира бошлаган тилимиздир. Она тилини ўрганиш чет тилини ўрганишдан анча осон. Негаки ушбу жараён болаликда, ҳали инсон ақлини танимаганда рўй беради. Барча ахборот автоматик тарзда онгостига кўчиб, ҳозирча биз тушунмайдиган нейролингвистик механизмлар негизида тизим ҳолига келади, бунинг натижасида бола ҳеч қандай махсус тайёргарликсиз шу тилда тўппа-тўғри гапира бошлайди.
Бу усул чет тилини ўрганишнинг одатий механизмидан (грамматикани ўрганиш, луғат ёдлаш, амалиёт қилиш, тестлар ишлаш, матнлар ўқиш, фильмлар кўриш ва ҳоказо) анча осон ва тез кечади. Натижа эса ҳар доим юз фоизлик бўлади. Фақат унинг бир минуси бор — бу механизм одам ақлини танишидан олдингина ишлайди.
Ақл танилгач, тилни рационализация қилишга эҳтиёж туғилади, яъни ахборот бевосита онгостига кўчмайди, ҳар бир янги ахборотни таҳлил қилиб, “у нега бундай?”, “бу нега бундай?” деб тушунишга уринилади, қонуниятлар изланади, ахийри ахборотнинг ўзидан ташқари қонуниятларни ҳам ўзлаштиришга тўғри келади. Бу тил ўзлаштиришни қийинлаштиради.
Буни пайқаган одамлар қадимдан ёшларга биттадан ортиқ тилни осон ўргатиш учун “она тили” механизмидан фойдаланиб келишган. Яъни ақлини танимаган болаларга бир йўла икки ёки уч тилда гапирилган. Бунинг натижасида икки ва ундан ортиқ тилни она тили даражасида биладиганлар — билингвлар ва трилингвлар пайдо бўлган.
Агар болангиз кўпроқ тилни билишини истасангиз, “она тили” методидан фойдаланишни маслаҳат бераман. Болаларга икки-уч тилда гапириб бориш жуда яхши самара беради, бунинг натижасида у мактабда рус ёки инглиз тилини ўзлаштиришга вақт ва куч сарфламайди.
Жараённи боланинг тили чиқмасидан бошлаш жуда муҳим. Ўз тажрибамда синаганман: ўзбекчада тили чиққан болага уч ёки тўрт ёшида русча гапира бошласангиз, ёши катталардан осонроқ ўзлаштиради, лекин барибир қўшимчаларда ва грамматик категорияларда хато қилади (масалан, жинсларни (родларни) чалкаштиради, замонларни тушунишга қийналади). Фақатгина мактабга боргач бу камчиликлар унинг нутқидан чиқиб кетади.
Шунинг учун бола ҳали гапиришни ўрганмасидан унга навбатма-навбат ўзбекча, русча ва иложи бўлса инглизча гапиринг (аралаштириб юбормаслик керак, акс ҳолда бола барчасини битта тил сифатида қабул қилади), натижада учта тилда ҳам бехато гапириб тили чиқади.