Би-би-си Ўзбек хизмати ва Ўзбекистон электрон ОАВ миллий ассоциацияси меморандум имзолади

0
3293
ЎзЭОАВМА раиси Фирдавс Абдуҳолиқов (чапда) ва Би-Би-Си Ўзбек хизмати муҳаррири Хайрулло Файз Тошкентдаги маросимда/ Манба: www.bbc.com

Тошкентда Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган ҳалқаро форум доирасида Би-би-си Ўзбек хизмати ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА ) ўртасида ҳамкорликка доир ўзаро тушуниш меморандуми имзоланди.

Меморандумдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда медиа ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон ва дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар юзасидан мунтазам ахборот (видео) алмашиш бўйича қадам-бақадам фаолиятни шакллантиришдир.

Меморандумни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) раиси Фирдавс Абдуҳолиқов ва Би-Би-Си Ўзбек хизмати муҳаррири Хайрулло Файз имзолашган.
Ўтган бир неча ой мобайнида Би-би-си Ўзбек хизмати журналистлари тайёрлаган лавҳалар деярли ҳар ҳафта Ўзбекистоннинг «Севимли» каналида эфирга узатилмоқда.

Меморандумни имзоларкан, ЎзЭОАВМА раиси Фирдавс Абдуҳолиқов чет эл оммавий-ахборот воситалари билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бой тарихи, сайёҳлик салоҳияти, мамлакатда кечаётган ислоҳотларни каттароқ аудиторияга тақдим этиш йўлида муҳим қадам эканини урғулади.

Би-би-си Ўзбек хизмати муҳаррири Хайрулло Файзга кўра, бу ҳар икки томон учун бирдек манфаатли ҳамкорликдир.

«Би-Би-Си Ўзбекистонда ўз ҳамкорларига эга бўлишдан мамнун ва бу икки томонлама ҳамкорлик лойиҳалари Ўзбекистонни дунёга, дунёни Ўзбекистонга яқинлаштиришга хизмат қилади», – деб айтган Хайрулло Файз.

BBC ва Ўзбекистон

Би-Би-Си Жаҳон хизмати таркибида 41 тилда телевизион, радио ва интернет дастурларига эга тил хизматлари бор.

Ўзбек хизмати 1994 йилда радиодастурлар билан иш бошлаган бўлса, бугунга келиб, вебсаҳифа, ижтимоий тармоқлар ва YouTubeда бир неча юз минглик, ҳамда 2 миллионга яқин аудиторияси бўлган кундалик телевизион янгиликлар дастурига эга.

Би-Би-Сининг глобал ҳафталик аудиторияси 350 миллионга яқин ва ўз-ўзидан бу рақамлар дунёга танилиш истагида бўлган Ўзбекистон учун ҳам муҳимдир.

Ўтган қарийб икки йил ичида ҳеч бир халқаро ахборот агентлиги Ўзбекистонни Би-Би-Си қадар кенг ва чуқур бир шаклда катта аудитория учун ёритгани йўқ.

Би-Би-Си Ўзбек хизмати журналистлари тайёрлаган теле-радио дастурлар, мақолалар инглиз тили дохил жаҳоннинг бошқа йирик тилларига ҳам таржима қилиниб, миллионлаб мухлисларга тақдим қилинди.
Буюк Британиядаги Ўзбекистон элчихонаси билан биргаликда ўнга яқин лойиҳалар амалга оширилди.

2017 ва 2018 йиллар давомида ўндан ортиқ журналистлар, хусусан МТРК журналистлари BBC меҳмони бўлишди.

2018 йилда МТРК журналисти икки ҳафта давомида Би-би-си Ўзбек хизматида тажриба оширди.

2017 йилда Ўзбекистон Ахборот Агентлигининг мухбири ҳам Ўзбек хизматида иш тажрибасини ошириб, ватанга қайтган эди.

BBC Media Action журналистлари билан ЎзЭОАВМА журналистлари бир неча трейнингларни ўтказишди.

МТРК ва ЎзЭОАВМАнинг юздан ортиқ журналистлари BBCнинг таниқли журналистларидан касб ва янги технологиялар сирларини ўрганишмоқда.

Қўшма лойиҳа ва режалар

BBC Ўзбек хизмати шу кунларда Бобурийлар даврининг энг илғор маликалари ҳақида махсус телевизион дастурларни суратга олиш устида ишламоқда. Айни дастурларни ЎзЭОАВМА билан биргаликда, бевосита уларнинг иштироки ила ҳамкорликда тайёрлаш режаланган.

Катта Лангар Қуръони тарихига доир «Катта Лангар сири» ҳужжатли фильм ҳам ЎзЭОАВМА журналистлари билан биргаликда суратга олинади. Бу лойиҳа ҳам нафақат ўзбек, балки инглиз тили дохил жаҳоннинг бошқа тилларига ҳам таржима қилинади.

Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчликпарвар ташаббуслари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм ҳам шу йил август ойида суратга олиниши режаланган.

Айни дамда Муқаддас Рамазон ойи давомида ЎзЭОАВМАнинг «Севимли» канали билан биргаликда маърифий дастурлар Би-Би-си журналистлари билан бирга тайёрланади ва ҳам Би-би-си Ўзбек телевизиони ва ҳам «Севимли»да эфирга узатиб борилади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг