Қадрли ёшлар, ҳаётда тез-тез учраб турадиган «Бешинчи колонна» тушунчасига доир қисқача тушунтиришларни эътиборингизга ҳавола этиб ўтмоқчиман. (муаллифдан)
Бешинчи колонна (исп. quinta columna) – юртнинг давлат тузилишини ўз хатти-ҳаракати ёки билдирган фикр-мулоҳазалари ила ёхуд бошқача усулда ўзгартиришга интилаётган ташкилот, давлат аҳолисининг муайян тоифаси ёки алоҳида шахсдир.
«Бешинчи колонна» терминининг келиб чиқиш тарихи ўтган асрда Испанияда кечган ҳодисаларга бориб тақалади. Хусусан, 1936 йили Испания қироли томонидан олиб борилган ислоҳотлар халқ орасида норозилик кайфиятини уйғотиб, оқибатда Пиреней яриморолида фуқаролар уриши бошланишига сабаб бўлди. Генерал Эмилио Мола бошчилигидаги республикачилар (франкочилар) Испания пойтахти Мадрид шаҳрини қамал қилишди.
Ўз радиомурожаатида генерал Э. Мола шаҳарликларга дўқ-пўписа қилар экан, ўз ихтиёрида тўртта колоннадан иборат пухта қуролланган армиядан ташқари, тасарруфида ушбу армиянинг Мадридда ҳукм сурган вазиятни зарурий фурсатда ичкаридан издан чиқаришга қодир, қирол бўлинмаларига қарата орқадан зарба беришга шай «бешинчи колонна»си ҳам борлигини маълум қилади.
Бошқача қилиб айтганда, ўша мурожаатдаги «бешинчи колонна» тушунчаси остида Нью-Йорк Таймс газетасининг Мадриддаги мухбири Вильяма Карни (инг. William P. Carney)нинг гувоҳлигига кўра, Испания аҳолиси орасида 1936—1939 йиллари генерал Франконинг айғоқчи-жосуслари, ҳар қандай фурсатда қўпориш ишларини амалга оширишга шай ҳолатдаги террорчилар назарда тутилган.
1939 – 1945 йилларда кечган Иккинчи жаҳон уруши даврида турли юртлар ҳудудида фаолият юритган бўлиб, тегишли давлат немис қўшинлари томонидан забт этилишига ёрдам берган нацистлар агентурасига ҳам «бешинчи колонна» номи берилган.
Бугунги даврдаги сиёсий нутқда, шу жумладан, журналистика соҳасида «бешинчи колонна» термини ички душманнинг ҳар хил турларига, чунончи:
– давлат томонидан олиб борилаётган асосий сиёсатга очиқдан-очиқ ёки хуфиёна қаршилик кўрсатаётган сиёсий кучларга;
– террорчиларга;
– шахсий тижорат манфаатлари хорижий давлатлар билан боғлиқ бизнесменларга нисбатан фаол қўлланилади.
Мазкур термин тарихшунослар томонидан адоват руҳидаги давлатларнинг қўпорувчилик фаолияти билан шуғулланадиган агентурасига нисбатан қўлланилади.
Жаҳон жамиятида реал геосиёсий аҳамиятга эга ҳар қандай давлат аҳолиси орасида «бешинчи колонна» мавжуд. Юртимиз Ўзбекистон бундан истисно эмас.
«Бешинчи колонна» томонидан кўзланадиган асосий мақсадлар:
– Ҳокимиятни эгаллаш.
Бунда, ҳукумат лавозимларига давлатнинг миллий манфаатларини учинчи томонга икки қўллаб топширадиган шахслар тайинланиб, халққа ваъда қилинган иқтисодий ўзгаришлар юз бермайди.
– Юрт иқтисодиётини заифлаштириш.
Муайян давлат иқтисодиётининг ўсиш суръатини сустлаштириш мақсадида ички ижтимоий вазият бешинчи колонна томонидан издан чиқарилади. Ушбу давлат ҳукумати иқтисодиёт равнақини бир четга қўйиб, ўз аҳолисининг эътирозлари-ю, исёнларини бостиришга мажбур бўлади. Ўша исённи ташкиллаштирган душман давлат эса фурсатдан фойдаланиб, жаҳон бозоридан сиқиб чиқарган рақобатчисининг ўрнини эгаллайди.
– Аҳоли орасида миллатлараро ёки диний низо чиқариш, миллий-диний қадриятларга путур етказиб, халқни таназзулга юз туттириш, адоват, айирмачилик ва сепаратизм уруғини сепиб, давлатнинг ҳудудий яхлитлигини бузишга уриниш.
«Бешинчи колонна»нинг тузилиши ва молиялаштирилиши.
Давлат ҳудудида тарғибот ва ташвиқот ўйинларини ўйнаб, барқарор вазиятни издан чиқарадиган тоифа ортида ким туради?
Бу масалада қуйидаги иккита асосий манбани кўрсатиб ўтиш мумкин:
– Бошқа давлатларнинг махсус хизматлари.
Яъни муайян давлат тегишли давлатга ўзининг таъсир ўтказадиган кучларини киритади. Бу кучлар, дейлик, телевизион каналлар, газета-журналлар, сиёсий партиялар таъсис этиб, амалдаги ҳокимиятни бадном қилиш билан машғул бўлади.
– Собиқ ҳукумат.
Жуда чигал ва хавфли вазият юзага келади. Пул оқимини ўз томонига йўналтиришга уринадиган сиёсий элита зимдан қаршилик кўрсатиш билан шуғулланади. Оқибатда, юрт равнақига қаратилган ислоҳотлар рўёбга чиқмайди. Бундай душманни фош этиш қийин кечади. Бинобарин, энг муҳим давлат лавозимларига вақт синовидан ўтган ватанпарвар шахслар тайинланиши лозим.
Либерал ва миллий-демократик ҳаракатларнинг барини ҳам бешинчи колонна сифатида кўриб бўлмайди, албатта. Зеро, юртга наф келтиришга интиладиган кучлар оз эмас. Уларни бешинчи колоннадан фарқлай билиш керак.
Масалан:
– Танқид.
Бешинчи колонна вакиллари фақат танқид қилади, амалдор шахсларни масхара қилиб, устидан кулади. Конструктив мухолафат эса танқид қилиш билан бир вақтда юртни ривожлантиришга доир таклифларини киритади.
– Ҳокимият.
Бошқа давлат манфаатларини ифода этадиган бешинчи колонна давлатнинг асосий лавозимларини эгаллашга интилса, асл ватанпарварлар амалдаги ҳокимиятга яқиндан ёрдам бериб боради.
– Миллий манфаатлар.
Конструктив мухолафатнинг қарашлари ҳукумат томонидан таклиф қилинган тараққиёт вариантларидан фарқ қилса-да, юртнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилади. Бешинчи колонна эса, аксинча, ушбу манфаатларни адоват руҳидаги давлатга топширади.
Қадрли ёшлар, бешинчи колонна нима эканлигини оз бўлса ҳам мана билиб олдингиз. Жамиятимиздаги соғлом вазиятни сақлаб бориш учун бешинчи колоннанинг фитнасига берилиб қолманг.
Оддий мисол келтирадиган бўлсам, бешинчи колоннанинг ўрис тилига давлат тили мақомини бериш даъватларига қарши курашиб, она тилимиз нуфузини ошириб боришга ҳаракат қилинг, шунингдек, динлараро урушлар ва ўрис давлати томонидан рўёбга чиқарилган мустамлакачилик сиёсатининг рамзи бўлмиш авлиё Георгий тасмасини тақманг.
Муаллиф: Ҳарбий пенсионер, подполковник Шокир Долимов