Коронавирус пандемияси ҳали якунланганича йўқ. Дунё бўйлаб коронавируснинг янгидан янги штамлари тарқалар экан, давлатлар ҳам турли чора-тадбирларни кўришиб, ўз эҳтиётларини қилишмоқда.
Ҳозирда омикрон деган штами дунё бўйлаб тарқалаётганлиги ҳақида хабарлар янгиликлар лентасини тўлдириб ташлаган. Хусусан, ушбу штам Ўзбекистонга ҳам кириб келганлиги тўғрисида яқинда хабарлар тарқалган ва бу расман тасдиқланган эди.
Буни олдини олиш чораларини кўриш мақсадида Ўзбекистон расмийлари томонидан тезкор чора-тадбирлар кўрилаётганлиги, албатта таҳсинга сазовор. Жумладан, 5 январдан Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган фуқаролар (автомобиль ҳаракати бундан мустасно) киришидан камида 48 соат олдин ПЗР усулида ўтказилган коронавирусга салбий тест натижасини тақдим этишлари, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига киришда коронавирус инфекцияси мавжудлигини аниқлаш учун экспресс антиген тестини топширишлари шартлиги ҳақида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларнинг учиб келиш залларида ташкил этиладиган экспресс-тест пунктларида, экспресс-тест топшириш Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича сўм эквивалентида 5 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.
Талабалик гувоҳномаси бўлган талабаларга 50% чегирма берилиши ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар бепул топшириши мумкинлиги айтилган. Икки ёшгача бўлган болаларни ковид учун текшириш шарт эмас дейилмоқда.
Ушбу хабардан кейин, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар бир қатор саволарни келтириб чиқарди. Саволлар Махсус комиссияга қаратилган.
Видеолардаги овозларда маълум бўлишича, хориждан Ўзбекистонга ҳаво йўллари орқали учиб келган фуқароларга аэропортда такроран экспресс топширишга мажбурланаётган экан.
Видеоларда ўз норозилигини билдираётган одамлар нима учун самолётга чиқишдан аввал ҳам ва самолётдан тушганидан кейин ҳам коронавиурсга ПЗР тест топшириш талаб этилаётганлигидан шикоят қилаётганликларини англаш мумкин.
Маълум бўлишича, бу йўловчилар хорижий мамлакатдан самолётга чиқишидан олдин ҳам ПЗР тест топширишган. Агарда ўша ПЗР тести бўлмаса, самолётга чиқарилмаган.
Шу ўринда, Махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарор юзасидан мантиқий ва шубҳали саволлар пайдо бўлади, яъни:
– Ҳали уч кунлик муддати тугамаган ПЗР тест натижалари бўла туриб, нима учун яна экспресс- тест топшириш талаб этилмоқда?
– Агар Ўзбекистон аэропортларида шундай экспрес тест оладиган пунктлар бўлса, нима учун самолётга чиқишдан олдин тест натижалари сўралмоқда?
-Аэропортларда экспрес тестни жорий этилиши юзасидан қарор чиқарган Махсус комиссия, бошқа мамлакатларнинг ПЗР тестларига ишончсизлик билдирмоқдами?
-ПЗР тестларини нархи нима учун 5$ этиб белгиланди? Бу қиймат қаердан келиб чиқди?
-Экспресс- тестни ишлаб чиқарувчиси қайси ташкилот? -Агар омикрон штамига шубҳа бўйича экспресс-тест олинаётган бўлинса, ахир бу штам пайдо бўлгани унчалик кўп вақт бўлмадику? Қандай қилиб қисқа вақт ичида омикронни аниқловчи экспрес- тестлар яратилди?
-Бу экспрес-тестни олишга кимлар жалб қилинган?
– Коронавирусни юқтирмасликнинг асосий талаби имкон қадар одамлар бир жойга тўпланмаслигига эришиш бўлса (аслида, шунинг учун ҳам таълим муассасаларининг қишқи таътили чўзилган эди), экспрес тест топширишда бу қоидаларга нима учун риоя этилмаяпти?
-Энг муҳими одамларни саломатлигими ёки тезроқ ва кўпроқ пул ундиришми?
—Экспрес-тест қайси пулларга ҳарид қилинди ёки ишлаб чиқарилди ва улардан тушган пуллар қаерга кетмоқда?
Ниҳоят, Махсус комссия таркибида ушбу беш долларлик экспрес-тестлари билан боғлиқ саволларга жавоб берадиган мутасаддилар борми?