Ироқ урушидан 20 йил ўтиб ҳам, Британиянинг урушга киришига баҳона бўлган «оммавий қирғин қуроллари» (ОҚҚ) мавжуд бўлгани масаласи устидаги баҳслар ҳамон босилгани йўқ. Би би си ОҚҚнинг қандай излангани ҳақида фильмлар сериясини (Shock and War: Iraq 20 years on) ишлади. Серияда ОҚҚни излаш ишларида бевосита иштирок этган ўнлаб одамлар билан суҳбатлашилган.
«Бўлиши мумкинмас.» Америкаликларнинг Ироқда уруш бошлаш нияти жиддий эканини эшитган Британиянинг жосуслик хизмати – MI6 раҳбарларидан бирининг илк реакцияси шундай бўлган эди.
Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ходимлари ҳам британ ҳамкасблари ўша вақтда қандай шокка тушганини эслайди. «Улар ҳозир юрагини ушлаб қолади деб ўйлагандим», деб эслайди МРБнинг Ироқ операциялари гуруҳи раҳбари Луис Руэда. «Агар улар маданиятли одамлар бўлмаганларида, столни айланиб ўтиб, олдимга келиб юзимга тарсаки тортиб юборишлари ҳеч гапмасди.»
Хабар Даунинг Стритга етди. Буни дипломатлар эмас, жосуслар етказишди.
«Ўшанда Бош вазирга шундай айтиш керак эди: истайсизми, йўқми, улар истилога тайёрланишмоқда, ўрдакларингизни сафга тортинг», дейди MI6нинг ўша вақтдаги раҳбари Сэр Ричард Дирлав Би би сига берган интервьюсида.
MI6 Британиянинг ташқи разведка хизмати бўлиб, ўз тарихидаги энг жанжалли ишларга аралашиб қолишига тўғри келди.
АҚШ учун оммавий қирғин қуроллари масаласидан кўра Ироқ етакчиси Саддам Ҳусайнни ағдариш муҳимроқ эди. «Саддам Ҳусайннинг қўлида оддий қоғоз қистиргич турган бўлса ҳам, барибир, у кўзимизни ўйиб олмоқчи деган баҳонада Ироқни ишғол қилардик», дейди Руэда.
Британия учун эса иккиланаётган оммани ишонтириш учун Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари – кимёвий, биологик ва ядро қуроллари хавфи марказий ўрин тутган.
Баъзида Британия ҳукумати ОҚҚ ҳақида уйдирма баёнотлар тарқатгани ҳақида даъволар ҳам янграмоқда. Аммо ўша вақтдаги вазирлар жосуслик хизматлари уларни қурол борлигига ишонтиргани ҳақида гапиришади.
«Мен олинган разведка маълумотига таянар эдим ва унга ишонишга ҳаққим бор эди», дейди менга собиқ Бош вазир сэр Тони Блэр. Босқин арафасида у Қўшма разведка қўмитасидан кафолат сўрагани ва уни олганини айтади. У разведка хизматлари хато маълумот берди, деб уларни танқид қилишни истамайди.
Бошқа вазирлар эса ўшанда бу маълумотларга шубҳа қилишганини айтишади.
«Мен Ричард Дирловдан уч марта бу разведка маълумоти манбаси ҳақида сўрадим, – дейди ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Жек Строу. – Менга нимасидир ёқмаётганди. Аммо Дирлав мени ҳар сафар бу агентларга ишониш мумкинлигига ишонтирарди.» Бироқ, жаноб Строунинг айтишича, сиёсатчилар барибир масъулдир, чунки улар якуний қарорни қабул қилади.
Сэр Ричард Ироқ масаласи разведка хизматидаги хатолик бўлган деб ҳисоблайсизми, деган саволга: «Йўқ» деб жавоб берди. Унинг ҳамон ишонишича, Ироқда қандайдир қурол дастури бўлган ва унинг элементлари чегарадан Сурияга олиб ўтилиши мумкин эди.
Бошқалар бунга қўшилмайди. «Бу жиддий хато эди», дейди ўша пайтда Буюк Британиянинг хавфсизлик ва разведка бўйича мувофиқлаштирувчиси бўлган сэр Дэвид Оманд. Унинг айтишича, ҳукумат экспертлари ўз қарашларини тасдиқловчи маълумотларни осон қабул қилишган, яъни Саддам Ҳусайнда оммавий қирғин қуроллари бор ва уни инкор этувчи маълумотлар хато.
Айрим MI6 расмийлари ҳам хавотирга тушганини айтишди. «Ўшанда мен қилаётган ишимиз нотўғри эканини ҳис қилгандим», дейди илгари ҳеч қачон гапирмаган ва исмини айтмасликни сўраган, Ироқда ишлаган зобитлардан бири.
У 2002 йил бошига ишора қилиб, «Ироқ оммавий қирғин қуроллари дастурларини қайта бошлаганини ва улар таҳдид солаётганини кўрсатадиган янги ёки ишончли разведка йўқ эди, -дейди. – Ўйлайманки, ҳукумат нуқтаи назаридан, бу улар топа оладиган ягона нарса эди… ОҚҚ улар учун осилиш мумкин бўлган қонуний илгак эди.»
2002 йил баҳорида разведка ишлари ноаниқ бўлиб қолаётганди. MI6нинг Ироқдаги агентлари оммавий қуроллар ҳақида жуда кам маълумотга эга эди. Иш бўйича сентябрга мўлжалланган доклад тайёрлаш учун янги манбалардан янги маълумот топишга жон жаҳдлари билан уринишарди.
Бошқа бир инсайдер шифрланган хабарни эслайди, унда разведка хизмати Британия жамоатчилигини чора кўриш зарурлигига ишонтиришдан бўлак иши қолмагани айтилган экан.
12 сентябрь куни сэр Ричард Даунинг-стритга янги муҳим манба ҳақидаги хабар билан борди. Манба гўё Саддам қурол дастурини қайта бошлаётганини айтган ва тез орада батафсил маълумот беришга ваъда қилган. Гарчи бу манба тўлиқ текширилмаган ва унинг маълумотлари мутахассисларга етказилмаган бўлса да, тафсилот Бош вазирга етказилган.
Сэр Ричард иш тафсилотлари ёки аниқ манбалар ҳақида изоҳ бермайди. Аммо кейинги ойларда бу янги манба маълумот бермади ва, бошқа разведка манбаларининг таъкидлашича, улар охир-оқибат маълумотни уйдирма деб ҳисоблашган. Маълумотлар сифати назорати издан чиққан эди, дейди улар.
Эҳтимол, баъзи янги манбалар пул эвазига ёки Саддамни ағдариш ниятида маълумот тўплаган бўлиши мумкин. 2003 йил январь ойида Иорданияда Саддамнинг разведка хизматидан қочган одам билан учрашдим. У БМТ инспекторлари назарига тушмаслик учун биологик қуроллар бўйича кўчма лабораториялар яратишда иштирок этганини даъво қилди.
Унинг даъволари 2003 йил февраль ойида АҚШ Давлат котиби Колин Пауэллнинг БМТга тақдимотида ҳам акс этди, ваҳоланки, АҚШ ҳукуматидаги баъзилар бу маълумотларга ишониб бўлмаслигини айтиб огоҳлантирган эди. АҚШ ва Буюк Британия таянган «Curveball» кодли бошқа манба ҳам лабораториялар ҳақида тўқима маълумот берган.
Шуни эсда тутиш керакки, бир пайтлар Саддамнинг чиндан ҳам оммавий қирғин қуроллари бўлган. 2003 йилги урушдан бир неча ҳафта олдин Ироқ шимолидаги Халабжа қишлоғига бордим ва маҳаллий аҳоли 1988 йилда Саддам армияси уларга қарши қандай қилиб кимёвий қурол ишлатганини айтиб беришган эди. Бу қуроллар бўлганлиги ҳақидаги ҳақиқат фақат урушдан кейин пайдо бўлади.
Саддам биринчи Форс кўрфази урушидан сўнг, 1990 йиллар бошида БМТ қурол инспекторларидан ижобий баҳо олиш умидида оммавий қирғин қуроллари дастурининг кўп қисмини йўқ қилишни буюрган эди, деди кейинроқ ироқлик таниқли олим. Ироқ раҳбари бу дастурларни кейинроқ қайта бошлашни кўзлаган бўлиши мумкин. Аммо у ҳамма нарсани маҳфий шаклда йўқ қилган, бунинг сабаби қисман у ҳали ҳам уруш ҳолатида бўлган қўшни Эронни қўрқитиб туришни истарди. Шундай қилиб, кейинчалик БМТ инспекторлари Ироқдан ҳамма нарсани чиндан ҳам йўқ қилганини исботлашни сўрашганида, у буни исботлай олмади.
Ироқлик бир олим кейинчалик Ғарб разведка агентликлари ҳисобга олмаган бир ҳалокатли кимёвий моддани йўқ қилганликларини гапириб берган эди. Аммо улар Саддамнинг саройларидан бири ёнида амалга оширилган ва сир сақланган, буни ошкор қилганлар ўлдирилиши мумкин эди. Натижада Ироқ ҳеч қачон оммавий қирғин қуролига эга эмаслигини исботлай олмади.
2002 йил охирига келиб, БМТ инспекторлари оммавий қирғин қуролларини излаб Ироққа қайтди. Ушбу инспекторларнинг баъзилари Би би си билан биринчи марта гаплашар экан, Ғарб разведкаси кўчма лабораториялар жойлашган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган жойларни бориб текширганликларини айтди. У ерлардан ҳеч қандай лаборатория топилмаган.
Ўша пайтда жамоатчилик ҳеч қачон билмаган нарса шуки, уруш яқинлашганда, манбалар маълумот етказиб бера олмаган, инспекторлар эса қуруқ қўл билан қайтган. Инсайдерлардан бири таърифлаганидек, «ваҳима»ли ҳолат бўлган. «Менинг тақдирим сизнинг қўлингизда», деди жаноб Блэр 2003 йил январь ойида сэр Ричардга. Оммавий қирғин қуроллари мавжудлигига далил топиш учун босим кучайган бир пайт эди.
«Ўша пайтда асабий вазият эди», деб эслайди сэр Ричард. У ҳеч нарса топа олмагани учун инспекторларни «уқувсизлик»да айблади. БМТнинг кимёвий ва биологик текширувларига раҳбарлик қилган Ханс Бликснинг Би би сига айтишича, у 2003 йил бошигача қурол борлигига ишонган, аммо маълумотлар тасдиқланмагач, унинг мавжудлигига шубҳа қила бошлаган. У жавоб олиш учун кўпроқ вақт истарди, аммо вақт бўлмади.
Энди 2003 йил мартидаги урушни тўхтатиб бўлмасди.
«Мен охирги дақиқаларгача ҳарбий ҳаракатлардан тийилишга ҳаракат қилдим», деди Тони Блэр Би би сига. Президент Жорж Буш уруш арафасида иттифоқдоши сайловларда мағлуб бўлиши эҳтимолидан хавотир олиб, унга қўнғироқ қилган ва истаса урушда вақтинча қатнашмаслик ва кейинроқ қўшилишни таклиф қилган. Аммо жаноб Блэр буни рад қилган.
Блэр ўз қарорини ҳам Саддам Ҳусайн билан масалани ҳал қилиш, ҳам Британиянинг АҚШ билан алоқаларини сақлаб қолиш зарурати билан ҳимоя қилишга уринди. «Бу муносабатларга сезиларли таъсир кўрсатарди», дейди у ва қўшимча қилади: Мен бош вазир бўлганимда, президент Клинтон ёки Президент Буш даврида Америка президенти кимнинг қўнғироғига биринчи бўлиб жавоб берарди, биласизми? Буюк Британия Бош вазирининг. Бугун биз Европадан ташқаридамиз. Жо Байден Риши Сунакнинг телефонига биринчи жавоб берадими? Ишончим комил эмас».
Аммо шундан кейин ҳам оммавий қирғин қуроллари топилмади. «Ҳаммаси расво бўлди», дейди собиқ MI6 зобитларидан бири манбалар берган маълумотларнинг урушдан кейинги ички ўрганилишини эслаб. Бу жосуслар ва сиёсатчилар учун чуқур ва узоқ муддатли оқибатларга олиб келади.
Гордон Корера
Хавфсизлик бўйича мухбир, BBC News
BBC.COM/UZBEK