Россиядаги меҳнат мигрантлари мажбурий равишда бармоқ изларидан намуна топширишлари, яъни дактилоскопиядан ўтказилади, дея хабар беради Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази. Бу қоида Россияга 90 кундан ортиқ муддатга келган чет элликларга нисбатан қўлланилади. Қоида 29 декабрдан кучга кириши айтилмоқда. Ўша куннинг ўзидаёқ Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги йил бошидан буён чет элликлар ўртасида жиноятчилик 5 фоизга ошгани ҳақида хабар берган.
«2021 йил 29 декабрда федерал қонун кучга киради, унга кўра Россия Федерациясига иш излаб келган чет эл фуқаролари, шунингдек 90 кундан ортиқ муддатга Россияга келган бошқа тоифадаги чет элликлар мажбурий равишда дактилоскопиядан ўтказилади «, – дейилади вазирликда (ТАСС дан иқтибос).
2021 йилнинг 1 июль куни Россия президенти Владимир Путин Россияга уч ойдан ортиқ муддатга кириб келган хорижий фуқароларни мажбурий равишда биометрик рўйхатдан ўтказиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат бармоқ излари, суратга олиш ва тиббий кўрикдан ўтишни мажбурий қилади. Қонунга кўра, Россияга ишлаш учун келган чет элликлар 30 кун ичида тиббий кўрикдан ўтиши шарт.
Россия ҳукумати томонидан бундай қонун ишлаб чиқилишига асосий сабаб сифатида мигрантлар ўртасидаги жиноятчилик ва хуқуқбузарликлар холатларини олдини олиш мақсад қилинганлиги ҳақида таъкидланган бўлсада, Россия ҳукумати буни ортидан бошқа масалларни ҳам ҳали этиши кўзда тутаётганлигини кузатиш мумкин.
Масалан, 2019 йилда Россия аҳолиси сонини оширишни мигрантлар ҳисобидан амалга ошириш мақсадида Кремлда махсус идора ташкил этлиган ва унга 2019-2025 йилларда Россия давлатининг миграция сиёсатини амалга ошириш вазифаси юклатилган эди.
Таркибида турли вазирликлар, идораларнинг мансабдор шахслари, Россия Федерацияси Давлат думаси депутатлари киритилган ўша пайтдаги 24 кишилик гуруҳга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Россия президент маъмурияти раҳбари Максим Травников бошчилик қилган.
Бундан кўзланган асосий мақсад-Россияга қўшни давлатлардан иложи борича кўпроқ одамларни, тахминан 5-10 млн. киши жалб қилиш ва фуқаролар таклиф қилинадиган давлатлар рўйхатига Украина, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Молдова киритилган эди.
Жумладан, машҳур рус совет ёзувчиси, журналист, киносценарист Михаил Шолоховнинг набираси, Россия давлат ва сиёсий арбоби, Давлат думаси депутати, эксперт Александр Шолохов бу борада 2019 йилда шундай деган эди:
“…бугунги кунда ассимляция дастурлари мавжуд эмас, муҳожирлар ўзларига ихчамгина яшаш жойларини яратиб олишни маъқул кўришиб, аксарияти рус тилини билишмайди ва уни ўзлаштиришга интилишмайди. Бу эса маҳаллий аҳолида салбий фикрларни пайдо бўлишини келтириб чиқаради ва фойдасиз зиддиятлар келтириб чиқаради. Бундан ташқари, бундай анклавлар кўпинча яширин иқтисодиёт марказига айланиб қолади ва бундай жойларда умуман қонуний бўлмаган маҳсулотлар билан бирга, хизматларни сотиб олишингиз ва сотишингиз мумкин», – дея тушунтириб ўтганди Шолохов.
Юқоридаги Федерал қонун, шунингдек, рус тили ва рус тарихи бўйича имтиҳон талабларига риоя этилишини назорат қилишни ҳам назарда тутади. Бундан ташқари, чет элликлар учун электрон ахборот ташувчисига эга бўлган махсус ҳужжатни жорий этиш режалаштирилмоқда, бу мигрантларнинг юз фоиз идентификациясини таъминлашга ёрдам беришни кўзда тутади.
USAIDнинг Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб -қувватлаш лойиҳаси доирасида тайёрланди