Хитойлар Шинжон деб атайдиган Шарқий Туркистонда уйғур биродарларимиз кўраётган хўрликларни, уйғурларнинг тили, дини, урф-одатлари ва номуси топталаётганини бутун инсоният кўриб, билиб турипти.
Ҳар қандай моралдан моддий манфаатни устун кўрувчи давлатлар, улар Хитойдан азроилдан қўрққани каби чўчийдиган қўшнилари бўладими ёки ислом уммаси ҳақида тинимсиз оғиз кўпиртирадиган мусулмон мамлакатларими, кўз ўнгимизда юз бераётган геноцидни жимгина кузатмоқдалар.
Хитойнинг зўравон сиёсати бўйича резолюциялар овозга қўйилганда ҳеч қурса бетараф қолиш мумкин бўлганида ҳам унга қарши овоз бераётган давлатлар бор. Номини айтиш шарт эмас.
Албатта дунё бир хил эмас, ўнта ёмоннинг ёнида битта яхши топилади. Шукурки, кам яхшининг тарозиси доим тош босади. Шунинг учун ҳам балки дунё ҳали бор.
2020 йил декабрда АҚШнинг Хитойдан пахта импорт қилиш бўйича чекловларидан кейин, Nike ва Adidas бошқа компанияларга ҳам уйғурлар қатлиоми юз бераётган Шинжонда пахта ва бу билан боғлиқ маҳсулотларни сотиб олмасликка чақирганди.
Оқибат ўлароқ Хитой маъмурияти ҳам ушбу компаниялар маҳсулотларини сотиб олмаслик кампаниясини бошлаган. Ўтган бир ойнинг ўзидаёқ Nike ва Adidas сотувлари 60-80%гача тушиб кетган.
Nike ва Adidas бу ҳаракатга, гарчи жами тушумларининг чорак қисми Хитой ҳиссасига тўғри келишини била туриб борган. Онгли равишда.