(1-қисм)
11 май куни Олий Мажлис Сенатининг 4-ялпи мажлисида сенаторларнинг кўпчилик овози билан Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиш таклифи маъқулланди. Кўпчилик овознинг дейишимизнинг сабаби бор. 16 сенатор ушбу масалага қарши овоз берган бўлса, 4 нафари бетараф қолган.
Бу борадаги интеграциянинг ижобий томонлари ҳақида гапираётганлар масалага асосан иқтисодий нуқтаи назардан ёндашишмоқда. Бу қайсидир нуқтаи назардан тўғридир, ўзини оқлар. Аммо бошқа жиҳатдан эса…
Келинг, гапни чувалаштирмайлик-да, пўсткалласини айтиб қўя қолайлик.
Россия оммавий ахборот воситаларини кузатиб бораётганлар яхши билади. Сўнгги йилларда РФ раҳбари Владимир Путин собиқ иттифоқ республикаларини Москва назорати остида қайта бирлаштириш режалари ҳақида бот-бот таъкидлаб келяпти (бу, айниқса, охирги ойларда фаоллашган). Хўш, бунга Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари қандай муносабат билдиряпти, дерсиз?
Табиийки, мустақиллик шарбатини тотиб кўрган ҳақиқий ватанпарварлар бундай “гегемон”лик даъволарини мутлақо рад этиб, “Ҳеч қанақасига эски тузумга қайтмаймиз” дея қатъий таъкидлашмоқда.(Айрим советпараст, шўропараст ва маргинал фирқаларни инобатга олмаганда албатта)
Кўпчилик томонидан билдирилаётган бундай қатъий қарши фикрлар бежиз эмас. Бундай бўлиши табиийдир ҳам.
Гап шундаки, масалан, яқинда, тўғрироғи, 19 апрель куни “Россия 1” телеканалининг “Москва. Кремль. Путин” эфирида Россия давлат раҳбари “СССР қайта тикланиши”нинг “афзал” томонларини эътироф этди.
“Совет Иттифоқи ва совет империясининг туғилиши билан боғлиқ ўтмиш қўрқинчлари, даҳшатларини енгиб ўтган ҳолда барчанинг фойдаси йўлида бирлашиш керак деган тушунча тобора ўзгармас маъно касб этиб боряпти”, — деб таъкидлади у.
“Ушбу устунликни ҳис қилган ҳолда, биз олға интиламиз, ушбу устунликни эса мазкур жараённинг барча аъзолари ҳис этмоқда”, — дея барча учун ўзи қўшимча қилган Путин.
Унинг сўзларига кўра, “биз шу пайтгача ушбу йўлдан юрмаганимиз” ажабланарлидир. Унинг айтишича, “аслида бу қўлимиздан келар” экан.
Путиннинг таъкидлашича, собиқ СССР республикалари учун бирлашиш ҳисобига ўзларининг рақобатдошлик даражасини ошириш “мутлақо табиий” ҳолдир.
Агар адашмасак, Кремль Собиқ Иттифоқни қайта тиклаш бўйича лойиҳа билан 2000 йилдан буён шуғулланиб келмоқда. Буни бутун ижтимоий тармоқларда, айниқса, Россиянинг “Одноклассники”, “ВКонтакте”да “СССР соғинчи”ни уйғотиш ва авж олдиришга қаратилган гуруҳлар фаолиятида яққол кўриш мумкин. Улар одамларда “бу ностальгия” ҳиссини қайта жонлантириш ва янги тарафдорларни оғдириш, мияларни ювиш каби вазифаларни бажариб келяпти…
Шубҳасиз, аҳолининг ялпи қатлами учун бу борадаги энг асосий ҳалокатли қурол — телевизор, Россия каналлари, Соловьёв ва Киселев қиёфасидаги тарғиботчилар (Кремль томонидан назорат қилинадиган ТВ-каналлар бошловчилари) бўлиб қоляпти. «Архаик ғоялар»нинг замонавий «карнайлари» ёлғонлар ва пропагандаларни шунақанги ёғдиришмоқдаки, чеки-чегараси, меъёри йўқ. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз ахборот майдонини уларнинг таъсиридан холи этиш зарур деб ҳисоблаймиз. Балки яқин келажакда бу амалга ошар, балки акси бўлар…