Исроил билан алоқаларни тиклаганидан кейин БААга бўлган танқидлар кучайди. Лекин, БАА Фаластинни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймоқчи эмаслигини, Исроил билан келишув Фаластин фойдасига ишлашини таъкидламоқда.
“Биз ҳеч қачон фаластинлик ака-укаларимиз ва опа-сингилларимизни ташлаб кетмаймиз, биз ҳар доим улар билан биргамиз. Биз бу мамлакат билан барча жабҳаларда ишлашда давом этамиз” дейди БАА Ташқи ишлар вазирлигининг вакили Жамол Ал Мушарак 17 сентябрь куни.
15 сентябрь куни БАА ва Баҳрайн Оқ Уйда Фаластиннинг азалий душмани бўлган Исроил билан алоқаларни нормаллаштириш бўйича шартнома имзоладилар. Бу ҳаракат Фаластин раҳбарлари, хусусан, президент Маҳмуд Аббос томонидан жиддий танқид қилинди.
Ал-Мушаракнинг сўзларига кўра, БААнинг имзолаган ушбу шартномасида Исроилнинг Фаластин ерларини аннексия қилишини тўхтатиш шарти мавжуд. Бу келишувни танқид қилаётганлар эса айнан шу шартни англамаяптилар. Исроил август ойида Фаластин ҳудудини аннексия қилиш ишларини тўхтатганди. Бунинг эвазига БАА Исроил билан дипломатик алоқаларни тиклади.
“Бизнинг амалга оширган ишимиз Фаластин ва Исроил ўртасидаги муаммони иккита мамлакат қуриш орқали бартараф этиш ва фаластинликларнинг Қуддуснинг шарқий ҳудуди пойтахт бўлган ўзларининг давлатларини қуришларига бўлган умидларни амалга оширишдир. БАА ҳамон Қуддуснинг шарқий ҳудудини келажакда қуриладиган Фаластин давлатининг пойтахти деб ҳисоблайди ва бу сўзидан ҳеч қачон қайтмайди” дейди Ал Мушарак.