Аёллар – Яратганнинг омонати, уларни хорлаганлар албатта жазосини олади

0
2883
Манба: sputniknews-uz.com

Бугун ўзбек аёлларининг ҳолатига назар ташласангиз, жуда аянчли, уятли манзарага гувоҳ бўласиз. Яратган томонидан эркакларга омонат ўлароқ топширилган ожизаларнинг ҳақ ва ҳуқуқлари топталганини кўрмоқдамиз:

Пул топиш, ўзи ва боласининг қорнини тўйдириш ташвишида чет элларда сарсону саргардон юрган ҳам; кўчаларга мажбуран чиқарилиб, машиналар ғилдираклари остида ўлиб кетаётган ҳам; Президент келишидан аввал мана бу сенинг уйинг, энди шу ерда яшайсан, деб, давлат раҳбари кетганидан кейин ҳаммаси ёлғону сароб бўлиб чиқаётган ҳам; арзимаган айби учун ўлгудек калтакланаётган ҳам; турмушдан ажрагач, ҳеч кимга керак бўлмай қолиб, болалари билан кўчага чиқариб юборилаётган ҳам; алданган, хўрланган, зўрланган, қўлланилган, ечинтирилган ҳам; ҳимоясиз, ожиз, кучсиз, уйсиз юрган ҳам, хуллас, дунёда неки азоб-уқубат бўлса, барчасини бир-бир тотаётганлар – ўзбек аёлларидир.

Зиммамизга юклатилган вазифани адо этишдан бўйин товлаш, муқаддас омонатга хиёнат қилиш жазосиз қолмайди: бир куни яхшию ёмонимиз, ақллию аҳмоқимиз, ожизаларни уриб-калтаклаб, кўчага ҳайдаётганимизу бу манзараларни лоқайд, бефарқ кузатаётганимиз – барча-барчамиз жавоб берамиз.

Аслида аёлларга отаси, ака-укаси, эри, фарзандлари, улар бўлмаса тоғаси, амакиси, бошқа қариндошлари, қўшнилар, маҳалла-кўй эга чиқиши, моддий, руҳий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаши, ҳимоя остига олиши, ёрдам бериши, кўчада қолдирмаслиги керак.

Бугун Ўзбекистонда аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглиги, оилалардаги маиший зўравонликларнинг олдини олишга қаратилган қонунларнинг қабул қилинаётгани, қийин ҳаётий вазиятларга тушиб қолган хотин-қизларни ҳар томондан – ҳуқуқий, моддий, руҳий ва маънавий ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатлар эртага бошимизга бало бўлиши аниқ.

Бу билан нима демоқчиман? Бир қараганда бу каби саъй-ҳаракатлар оғир аҳволга тушиб қолган аёл жинсига мансуб фуқароларнинг давлат томонидан ҳимоя остига олиниши тўғри ва муҳим иш. Бу каби ишлар инсонпарвар сиёсат самараси, аёллар ва болалар тақдирига бефарқ ва лоқайд бўлмаган жонкуяр инсонлар борлигидан далолат беради.

Аммо шундай вақтлар келадики, қонунлар ижроси қатъий таъминланади, уни бузганлар жазоланади ва эркаклар аёлларга қўл кўтариш тугул, қаттиқ гапира олмайди ҳам. Акс ҳолда яшаб турган уйи, мол-мулклари, бор-будидан айрилиб, ҳатто қамалиши ҳам мумкин. Чегарадан чиққани учун таноби тортилган эркак фарзандлари вояга етганича катта миқдорда алимент тўлашга мажбур бўлади.

Бу фикрларимни Туркияда яқин кунларда бўлган бир воқеа билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. Шу ерда ишлаётган бир акахон ўзи гувоҳ бўлган ҳолатни сўзлаб берди. Айтишича, ўзи билан бирга ишлайдиган турк ҳамкасби (эркак) доимо турмуш ўртоғидан нолир экан. Турмуш ўртоғи бир ҳафтада бир марта, унда ҳам пул эвазига бирга бўлишга рози бўларкан. Телефони қатъий назорат остида, топган пули куруш-курушигача қўлига топширилади. Оилада хотиннинг айтгани айтган, дегани деган. Ажрашиб кетай деса ўртада болалар бор. Ажрашган тақдирда ойига 4-5 минг турк лираси миқдорида алимент тўлаши керак, уйи, машинасидан ҳам маҳрум бўлади.

«Бир куни қарасам, ҳамкасбим интернетда одам ўлдирилиши ҳақидаги қўрқинчли видеоларни кўриб ўтирибди. Кўзлари қонга тўлган. Ёмон хаёлда эканини кўнглим сезиб, у билан бафуржа гаплашдим. Сўзларидан хотини чавақлаб ташлаш нияти бор. Унга ётиғи билан тушунтирдим, ундан кўра ажрашиб, алимент тўлаб юргани минг марта яхши эканини айтдим», – дейди суҳбатдошим.

Кейин ҳамкасби ажрашиб, ҳозир масжидлардан бирида қоровуллик қилаётганини айтиб қолди. Уйи, люкс машинаси ҳам собиқ турмуш ўртоғида қолибди. Кундузи иш, кечаси масжидда қоровуллик. Топган пули алиментга кетади…

Бир қараганда бу воқеаликнинг Ўзбекистонда алоқаси йўқдек. Турк аёллари ҳам ўзбек аёлларига ўхшамайди – улар бутунлай бошқа олам, лаллайиб, мушт еб, кўчага ҳайдалиб жим юравермайди. Ҳаққини талаб қилиб, ўзини хўрлатиб қўймайди. Аммо воқеалар ривожи бизда ҳам яқин келажакда ана шундай бўлишидан далолат бермоқда. Аёлларимиз ҳаққини талаб қилмаган тақдирда ҳам, улар ҳуқуқлари учун курашаётганлар шу даражага олиб келади. Натижада бутун жамият: аёллар ҳам, эркаклар ҳам, болалар ҳам жабр кўради.

Биринчидан, аёлларга зулм ўтказаётган эркаклар муносиб жазосини олади ва бутун умр жабрини тортиб юради. Бундан ташқари, менинг фикримча, эркаклар ўртасида оила қуришга қўрқув, аёлларда эса талаблар ортади, бир умр ҳурмат ва иззатда яшаш кафолати сўралади.

Никоҳ ва оила муносабатларини расмийлаштириш: оила қуриш ва ажрашиш жараёнлари яна ҳам мураккаблашади. Норасмий, аммо шаърий никоҳсиз яшаш ҳолатлари кўпаяди. Бўйдоқ эркаклар, турмушга чиқмаган аёллар ва ажрашганлар ортиб, оила қуриш ёши каттаради, фарзандсиз оилалар сони кўпаяди.

Юқоридаги фикрларим мутлақ ҳақиқат эмас, барчаси шахсий фикр ва эҳтимоллардан иборат. Вазият шундай бўлган тақдирда ҳам қўрқмасдан расмий оилавий муносабатларга киришувчилар аҳлининг катта қисмини ташкил этади барибир. Онгли, дунёқараши кенг, иймон-эътиқодли одамлар, хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, айниқса иймон-эътиқодли кишилар бир-бирига нисбатан ҳар қандай вазиятда ҳам ҳурмат, меҳр ва муҳаббат билан, шариат, илойиҳ қонун-қоидалар ва буйруқлар асосида муносабатда бўлади.

 

Муаллиф: Санжар Саид

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг