Ғарбнинг бу қадар муваффақиятли бўлишига сабаб нима?

0
5912
Манба: https://medium.com/Сингапур, собиқ Британия колонияси, ривожланишнинг ғарбий йўлидан кейин

Сиёсий шарҳловчи ва публицист Бен Шапиро нутқи

Станислав Шипицын таржимаси

Ғарб цивилизацияси. Бу ҳақда ҳар ким гапириши мумкин. Кўпчилик унинг устунлигидан хавотирда, бошқалар унинг муваффақиятидан мамнун.
Ғарб цивилизацияси нима? Бу Европанинг буюк ибодатхоналари ва черковларими, ёки нацистларнинг контцентрацион лагерларими? Ушбу эркинликлар Америка конституцияси томонидан кафолатланганми ёки крепостной қулликми? Энг яхши тиббиётми ёки кимёвий қуролми ?

Сўллар доимо салбий томонга – геноцид, қуллик, табиатнинг йўқ бўлиб кетаётганига эътибор қаратади. Бироқ, бу муаммолар сайёрадаги барча цивилизациялар учун хос нарса. Ижобий томонлар Ғарб учун истиснодир.

Диний бағрикенглик, қулликнинг тугатилиши, инсон ҳуқуқлари, дунёни билишнинг илмий услубини ишлаб чиқиш Ғарб цивилизациясининг афзалликлари ҳисобланади.

Албатта, Ғарбни ўзига хос ва муваффақиятли қилган барча ютуқлар шуларгина эмас. Ғарб фикрлари ривожланиб борган, янги ғоялар аёлларни ва озчилик гуруҳларни қутқарди, камбағалларга бой бўлишга имкон берди ва биз «замонавий дунё» деб атайдиган нарсаларни кашф этишга ҳисса қўшди.

Табиийки, тараққиётга эришишнинг ўзи осон ва тайин бўлмаган. Аммо тарихдаги йўналиш аниқ эди: Ғарб дунё устидан ғалаба қозонмоқда. Ва баъзи истиснолар билан, ҳозиргача Ғарбга айланмаган мамлакатлар эса Ғарбга айланишга интилмоқда.

Хўш, қандай сабаблар билан Ғарб бу қадар муваффақиятга эришди?

Кўпгина сабаблар бор, аммо икки қадимги шаҳар – Афина ва Қуддусдан чиққан таълимот ва фалсафалар билан боғлиқ сабаблардан бошлаш керак. Қуддус диндорлик ва яҳудий-христиан анъаналарини шакллантиришни англатади – бу таълимотга кўра пок Парвардигор бутун оламни яратган ва уни Ўзи бошқаради, ҳамда Худо Ер юзидаги ўзи яратган энг буюк мавжудотдан, яъни инсондан эзгу ахлоқий хатти-ҳаракатни талаб қилади.

Бошқа бир шаҳар – Афина улуғ юнон файласуфлари: Афлотун, Арасту ва бошқалар томонидан тасвирланган мантиқ ва тафаккурни ифодалайди. Бу иккита фикрлаш тури: диний эътиқод ва аниқ ақлга таянган тушунча доимий курашда ва бирининг бошқаси устидан ҳукмрон бўлишига йўл қўймай келади.

Яҳудий-насронийлик анъаналарига кўра, мутлақ устун бўлган зот, яъни Худо томонидан берилган бир неча асосий тамойиллар мавжуд. Биз бу тамойиллар ва ғояларни яратмаганмиз, Худо уларни бизга берди. Ушбу тамойиллар ахлоқий бир маданият ва бахтли ҳаётнинг мавжудлиги учун зарурдир. Юнон мутафаккирлари ҳақиқатни кузатиш, синаш ва қиёслаш йўли билан тушуниш мумкинлигига ишонишди. Эътиқод эмас, балки ҳақиқат, уларнинг нуқтаи назаридан, Коинотни ўрганишга ёрдам беради.

Фақат Ғарб цивилизацияси диний ва дунёвий фикрлаш ўртасидаги мувозанатни топди. Бу мувозанат қуйидагича ишлайди. Яҳудий-насронийлик анъанаси, Худо оламни яратганлиги ва бошқараётганлигини ўргатади ва биз бу дунёни яхшилашимиз керак. Бу бизга тарихнинг олдинга силжиши сабаби ва ғоясини беради. Бутпараст таълимотларда аксарият фикрлар: коинот мантиқсиз ва ноаниқдир ва тарих даврийдир, дейди. Гап шундаки, тарих ўзини абадий такрорлайди, шундай экан, янгилик яратиш ташвиши нима учун керак?

Иккинчидан, диний урф-одатлар бизга инсоннинг Худонинг ўхшашида яратилганлигини ўргатади. Бу ҳар бир инсоннинг ҳаёти чексиз қимматга эга деган фикрни келтириб чиқаради. Эндиликда бу бизга ўз-ўзидан равшандек кўринади, лекин бу фақатгина насронийликнинг таъсири туфайли рўй берган.

Дунё учун яна бир ғоя – кучлилар кучсизларни забт этиши керак, деган ғоя табиийроқ бўлиб туюлади. Бутун инсоният тарихининг кўпгина даври мобайнида ҳар қандай жамиятда, ҳар бир маданиятда худди шундай қилиб келинган. Аммо башарият ҳар бир вакилидаги илоҳийликни тан олиш орқали Ғарб бу ғоялардан инсон ҳуқуқлари устиворлиги ғоясига, демократияга ва эркин бозорга ўтишга қодир бўлди.

Аммо Ғарбнинг Ғарбга айланишига ёрдам берган йўл биргина яҳудий-насронийлик анъанаси эмас эди. Бизга шунингдек юнон фалсафаси ёрдам берди. Бу бизга объектив кузатувлар ва шахснинг янги нарсаларни кашф этишга қодир эканлигини кўрсатди. Юнон фалсафаси табиий ҳуқуқнинг шаклланишига ҳисса қўшди. Ҳар бир нарсада «телос» мавжуд, яъни мавжуд бўлиши учун қандайдир бир сабаб бор. Одамлар – тафаккур юритувчи ноёб яратиқдир ва биз инсонлардаги юнон фалсафаси таъкидлаган «телос», яъни мавжуд бўлишимизнинг асл сабаби, вазифамиз – тафаккур қилиш ва бунёдкорликдир.

Бу қадимги фалсафа Ғарб цивилизациясининг пайдо бўлишининг асосий сабаби эди. Бунга Америка инқилоби ажойиб мисол бўлади. Асосчи оталар илоҳий фалсафага асосланган илоҳиёт фикрларини ва Муқаддас Китобга асосланган яҳудий-христиан ғояларининг энг яхшисини қабул қилдилар. Бунинг натижасида бутунлай янги сиёсий фалсафа пайдо бўлди.

Яҳудий-насроний қадриятларсиз, биз фақат реалликгина аҳамиятга эга дейдиган илмий материализмга берилиб кетишимиз ҳавфи бор ва бу ҳаётнинг мазмуни йўқ деган фикрни таъкидловчи нигилизмга олиб келади.

Юнон фалсафаси бўлмаса дунё диний фундаментализм ривожланган фанатик бўлиб қолади ва ягона маълумот манбаи қотиб қолган догма фикрлар ва гуноҳсизлик тамойиллари бўлади.

Совет Иттифоқи, коммунистик Хитой ва бошқа социалистик давлатлар бу ғоялардан юз буриб, 20-асрда юз миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритдилар. Замонавий мусулмон дунёсининг аксарияти эса динни қабул қилган, аммо ақлни рад этган. Бундан фарқли ўлароқ, VIII-XIV, Ўрта асрларда Яқин Шарқнинг илм-фан соҳасидаги етакчилигида мусулмонлар юнон фалсафасини рад этмаганлиги фактидан яққол кўзга ташланади.

Шунинг учун такрор айтиш мумкинки, бизнинг маданиятимиз фаровонлиги учун иккала элемент ҳам керак. Қуддус ва Афина. Ваҳий ва Тафаккур. Ҳа, баъзи одамлар иккаласини ҳам тарк этиш йўлини тутмоқда. Бундай одамлар ўзларини «прогрессивистлар» деб аташади. Ажабланарлиси шундаки, уларда бизни, инсонни эътиқод, мантиқ эмас, балки ҳис-туйғулар бошқарган пайтга қайтариш истаги бор. Бу аҳлоқий тубанлик ва мувозанатдан чиқишга олиб келади.

Сиз эса Қуддус ва Афина билан бирга қолинг.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг