АҚШ афғонистонлик 2,5 минг кишини аввал режалаштирилганидек учинчи мамлакатга эмас, балки бевосита ўз ҳудудига олиб кетади, деб маълум қилди NBC News телеканали Оқ уй маъмурияти манбаларига таяниб.
Президент Жо Байден аввалроқ АҚШ Афғонистоннинг америкаликлар билан ҳамкорлик қилган минглаб фуқароларини олиб кетиши ҳақида маълум қилган эди. Улар бошда учинчи мамлакатга олиб чиқилиши ва маълум текширувлардан кейин АҚШда доимий яшаш учун рухсат берилиши ҳақида хабар берилган эди.
Амма олиб чиқилиши режалаштирилган Афғонистон фуқароларининг 2 минг 500 нафари хавфсизлик бўйича текширувдан ўтиб бўлишган ва улар оиласи билан АҚШга кетиш имкониятига эга бўлди, деди давлат департаменти ва Пентагон вакиллари телеканалга. Улар тиббий кўрикдан ўтганидан кейин АҚШда қочқин мақомида қоладилар.
Яна 10 минг афғонистонлик АҚШ нинг бошқа мамлакатлардаги ҳарбий базаларига кўчирилади.
Телеканалнинг аниқлик киритишича, уларни кўчириш ишлари яқин кунларда бошланади.
АҚШ қўшинлари Афғонистон ҳудудини тарк этиши маълум бўлгач, АҚШ ҳукумати билан ҳамкорлик қилган тахминан 20 минг афғонистонлик ўз ҳаётларидан хавфсираб Америкага кўчиб ўтиш учун ариза ёзгани айтилади мазкур хабарда.