Америка Қўшма Штатлари Фаластиннинг «Ҳамас» гуруҳи ва Эроннинг Исломий инқилобий соқчилар корпуси («ЭИИС») фаолларига қарши янги шахсий санкцияларни жорий этди. Бу ҳақда Эроннинг «Меҳр» хабар агентлиги хабар бермоқда.
Санкцияларнинг янги тўплами Америка компанияларининг «ЭИИС» аъзолари билан иш олиб боришни тақиқлашни, шунингдек, уларнинг АҚШдаги ҳар қандай мулкини блокировка қилишни ва Америка банкларидаги ҳисобларини музлатишни англатади. Санкциялар АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтонни ўша куни ишдан бўшатгандан сўнг кучга кирди.
2018 йилда Қўшма Штатлар Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режаси (БКҲР) дан бир томонлама равишда чиқиб кетди ва Эронга, шу жумладан, «ЭИИС»га қарши санкцияларни янгилади. 2019 йил бошида «ЭИИС» АҚШда террорчилик ташкилоти, деб тан олинди.