26 март куни Англиянинг Йоркшир шаҳридаги мактаб директори мусулмон бўлган ўқувчиларнинг ота-онасидан кечирим сўради. Гап шундаки, ушбу мактабдаги дарс давомида ўқитувчи кўргазма сифатида мусулмонларнинг пайғамбари Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам тасвирланган суратдан фойдаланган, шунинг учун мусулмон ота-оналар норозиликларини билдиришган.
Ислом динида ушбу диннинг энг ҳурматли шахси бўлган Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суратини чизиш қатъиян тақиқланади. Шу ҳафта бошида Йоркширдаги Батлей номли мактабда бўлиб ўтган диний тадқиқотлар дарсида ўқитувчи мусулмонларнинг пайғамбари тавирланган расмдан фойдаланган бўлиб, ушбу расм Франциянинг Чарли Ҳебдо журналидан олинган. Шундан кейин ота-оналар интернетда ўз норозиликларини билдиришган. Бу ҳолат учун мактаб директори Гарри Кибли ота-оналардан узр сўради.
«Текширув ўтказилгандан сўнг, дарсда фойдаланилган манба мутлақо ноўрин эканлиги ва бизнинг мактаб жамоамиз аъзоларининг ҳуқуқларини бузиши мумкинлиги аниқланди. Биз бунинг учун самимий кечирим сўраймиз» деб ёзди Кибли ўзининг ота-оналарга юборган электрон хабарида.
Маҳаллий нашрлардан бири мазкур суратни ўқувчиларга кўрсатган ўқитувчи ишдан олингани ҳақида хабар қилди. Аммо, бу маълумот мактаб маъмурияти томонидан тасдиқланмаган. Кибли ўзининг хатида мактаб дарсликларидан ушбу сурат олиб ташлангани ва мактабнинг ўқитиш дастуридаги материаллар қайта кўрилиб чиқилишини маълум қилган.