Aнглиянинг Бедфорд шаҳридаги «Whipsnade» ҳайвонот боғида икки нафар жигарранг айиқ отиб ташланди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
«Snow White» ва «Sleeping Beauty» деб номланган урғочи айиқлар дарахт қулаши оқибатида қафасдан қочиб, атрофдагиларга ҳужум қила бошлаган. Шу боис, ҳайвонот боғи қўриқчилари айиқларни ўлдиришга мажбур бўлган.
– «Ҳайвонот боғи ходимлари бир неча дақиқа ичида воқеа жойига етиб келган, аммо улар айиқларни тинчлантиришга қодир эмасди. Жигарранг айиқлар йиртқич ҳайвонлар тоифасига киради. Бизнинг биринчи устувор вазифамиз хавфсизликдир. Шунинг учун қўриқчилар одамлар, яъни ташриф буюрувчилар, ходимлар ва бошқа ҳайвонларни ҳимоя қилиш мақсадида уларни отиб ўлдирди», – деди ҳайвонот боғи бош куратори Мальколм Фитспатрик.
Унинг сўзларига кўра, айиқларни эвтанизация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди, чунки улар инсон ҳаётига хавф туғдирмоқда.
Ушбу воқеа ҳайвонот боғи барпо этилганига 90 йил тўлган кун содир бўлди. Хабарларга кўра, мазкур иш юзасидан тергов олиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, «Whipsnade» ҳайвонот боғида лемур, гепард ва пингвин каби уч ярим мингга яқин ҳайвон бор.