1402 йил. 28 июль. Анқара шаҳри яқинидаги Чубуқ водийсида Амир Темур билан Усмонли турк султони Боязид Йилдирим аскарлари ўртасида кечган жанг Соҳибқирон ғалабаси билан якун топди. Бухақида ЎзА муҳбири маълум қилмоқда.
Ана шунда Амир Темурнинг номи Ғарбий Европа давлатларида танилади. Чунки турк султони Европанинг баъзи ҳудудларини босиб олишни бошлагани учун Европа қироллари ундан чўчиб турганди. Шу боис ана шундай ҳукмдорни енгган инсон ким экан, деган савол уларни қизиқтира бошлайди.
Англия, Испания ҳукмдорлари қатори Франция қироли ҳам Соҳибқиронни эришган ғалабаси билан табриклаш ва дўстлик алоқасини боғлаш учун 1403 йилнинг 15 июнида мактуб юборади.
Қайд этиш жоизки, Амир Темурнинг хориж давлатлари раҳбарларига йўллаган мактублари, бизгача етиб келганларига кўра, форс тилида ёзилган. Аммо Соҳибқироннинг Франция қироли Шарл VI га юборган мактубидан кўринадики, улар, албатта, “Амир Темур сўзимиз” дейилган туркча таъкид ҳамда «Салом ва тинчлик эълон қиламан!», деган сўзлар билан бошланган.
Шунингдек, Ҳазрат Соҳибқирон ёзилган ҳар бир мактубнинг хаттотлик санъати талабларига жавоб беришига, мактубларнинг мазмуни ва бадиий безагига алоҳида эътибор берган.
1996 йил 24 апрель. Парижда «Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши» ҳафталиги бошланди. Кўргазма бошланишига озгина вақт қолганда, залга кутилмаганда Франция Президенти Жак Ширак кириб келган. Франция Президенти Ўзбекистон раҳбарига юксак ҳурмат ифодаси сифатида Амир Темурнинг 1402 йили Франция Қироли Шарль VI га йўллаган номасини тақдим этган эди.
Бу экспонат бугун Темурийлар тарихи давлат музейидаги энг ноёб тарихий ҳужжатлардан ҳисобланади. Музейнинг совғалар бўлимида французларнинг яна бир совғаси – Амир Темур бюсти ҳам бор. Ваҳоланки, Парижда XV асрдаёқ Амир Темурга ёдгорлик ўрнатилиб, унга «Европанинг халоскорига», деган чуқур рамзий маъноли сўзлар битилган.
Сайёра Шоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА