АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифидан сўнг, Трамп маъмурияти Марказий Осиё учун янгиланган стратегияни расман эълон қилди.
Расмий равишда “Қўшма Штатларнинг Марказий Осиё учун 2019–2025 йилларга мўлжалланган стратегияси: суверенитет ва иқтисодий фаровонликни ошириш”, дея ном олган стратегиянинг асосий йўналишлари деярли ўзгармади.
Аввалгидек, асосий эътибор Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга қаратилган. Шунга қарамай, янги стратегияни ёзаётганда, америкалик сиёсатчилар минтақадаги ички жараёнларга тузатишлар киритдилар.
Мақсад, АҚШни Марказий Осиёдаги ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларини ўзгартириш эмас, балки уларни амалга оширишга янгича ёндашувларни излаш эди. Минтақанинг аксарият мамлакатларида раҳбариятнинг ўзгариши, ислоҳотлар учун кенг имкониятлар очди, минтақалараро ҳамкорликни кучайтирди ва АҚШни ушбу жараёнларга янада фаолроқ жалб қилди.
Президентнинг ёрдамчиси ва Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Керттис the Heritage Foundation минбаридаги нутқида, стратегияни ишлаб чиқишда «тобора ўсиб бораётган террорчилик таҳдидига қарши курашиш, ички минтақалараро ҳамкорлик масалаларига (жумладан, Суриядаги жангариларнинг қайтиши туфайли), шунингдек, Марказий Осиё томонидан АҚШнинг Афғонистондаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратганини таъкидлади.«
Келинг, ҳужжат матнини ўзи батафсил кўриб чиқайлик. Янги стратегиянинг оммавий талқини олтита асосий сиёсий мақсадга бўлинган:
1) Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва мустақиллигини, ҳам якка, ҳам бутун минтақада қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш: Қўшма Штатлар маҳаллий ҳокимият идораларига демократик институтларни мустаҳкамлаш ва минтақанинг иқтисодий фаровонлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга, хусусан, энергетик хавфсизлик масаласини ҳал қилиш ҳисобига ёрдам кўрсатишни кенгайтиради. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар ҳамкорликдаги ҳарбий ўқув машғулотлари ва машқлар сонини кўпайтириш бўйича қўшма ҳарбий ташаббусларга (масалан, Давлат Ҳамкорлик дастури) асосий урғуни беради.
2) Марказий Осиёда террористик таҳдидларни камайтириш: АҚШ минтақадаги давлатлар билан экстремизм ва терроризмни аниқлаш ва унга қарши курашиш, чегараларни ҳимоя қилиш ва Марказий Осиёда террорчилар ҳаракатланишини бостириш ва одам савдосининг олдини олиш бўйича ҳамкорликни давом эттиради. Америка Қўшма Штатлари 200 дан ортиқ ўқув машғулотлар ўтказиб, 2600 дан ошиқ чегара хизмати ҳодимларини тайёрлади ва Марказий Осиёда чегара хавфсизлигини таъминлаш учун 90 миллион доллардан кўпроқ маблағ сармоя киритди.
3) Афғонистондаги барқарорликни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш: АҚШ Афғонистон билан можарога барҳам берадиган тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш учун, Афғонистон билан иқтисодий, савдо ва бошқа алоқаларни ривожлантиришда Марказий Осиё давлатларини қўллаб-қувватлайди.
4) Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларни рағбатлантириш: АҚШ Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги кучли бизнес ва инфратузилма алоқаларини қўллаб-қувватлайди, бу эса минтақавий барқарорликка бевосита ҳисса қўшади. Бунга мисол қилиб, Марказий Осиёдан Афғонистон ва Покистонга электр энергиясини экспорт қилишни рағбатлантириш орқали Марказий Осиё иқтисодиётини мустаҳкамлашга қаратилган CASA -1000 лойиҳасини келтириш мумкин.
5) Қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш соҳасидаги ислоҳатларни қўллаб-қувватлаш: АҚШ минтақа мамлакатларида фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.
6) Марказий Осиёга ва уни ривожлантириш учун АҚШ сармояси билан кўмаклашиш: Қўшма Штатлар Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати билан йирик миқдордаги сармояларни, шу билан Америка бизнесини жалб этиш учун ислоҳатларни ўтказиш бўйича ишларни ташкил этади.
Америкалик сиёсатчиларнинг фикрига кўра, ушбу стратегияни самарали амалга ошириш минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга ёрдам беради ва шу билан бир қаторда, АҚШ билан ҳамкорликни чуқурлаштиради. Ҳар бир мамлакат минтақани халқаро сармояларга очадиган ва демократик институтларни мустаҳкамлайдиган ислоҳотларни амалга ошириши керак.
Бундан ташқари, режани амалга ошириш АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатларини илгари суришга ёрдам беради. Барча беш мамлакат билан яқин муносабатлар ва ҳамкорлик, Америка қадриятларини тарғиб қилишга ёрдам беради, шунингдек минтақавий қўшниларнинг таъсирига қарши курашишни таъминлайди.
Якуний нутқига Лиза Кертис алоҳида урғу берди. Марказий Осиёда «кўп нарса ўзгаришсиз қолмоқда», жумладан, «Россиянинг барча соҳаларда кучли таъсири сақланиб қолмоқда ҳамда оҳирги вақтларда минтақада ХХРнинг таъсири сезиларли равишда ўсмоқда», дея баёнот берди Кертис..