21 сентябрь куни Алексей Навальний Россия ҳукуматидан ўзининг заҳарланган пайтда кийиб юрган кийимларини қайтариб беришни сўради. Навальний Москвани кийимларни олиб қолиш орқали ўзининг заҳарланишидаги муҳим исботни яшираётганликда айбламоқда.
Владимир Путиннинг ашаддий мухолифи бўлган Алексей Навальний 20 августда Сибирда оғир аҳволга тушиб қолган ва касалхонага ётқизилганди. Кейинчалик уни даволаш учун Германияга олиб келишди. Лекин, парвоздан олдин Навальнийнинг кийимларини олиб қолишган. Айни пайтда Навальний Берлиндаги “Charite” касалхонасида даволанмоқда ва унинг аҳволи яхшиланиб бормоқда.
“Мени Германияга олиб боришга рухсат беришдан олдин барча кийимларимни ечиб олишди ва мени бутунлай яланғоч ҳолда жўнатишди. ”Новичок” менинг танамда топилганини ҳисобга олсак, кийимларим жуда муҳим далил ҳисобланади. Кийимларимни эҳтиёткорлик билан пластик идишга солиб менга қайтаришларини талаб қиламан” деб ёзди Навальний ўзининг веб-саҳифасида.
Берлиндаги шифокорларнинг маълум қилишича, Франция, Германия ва Швецияда олиб борилган текширувлар Навальнийнинг “Новичок” деб номланган модда билан заҳарланганини тасдиқлаган. Шундан кейин бир қатор Ғарб давлатлари Россиядан бу ҳолатга изоҳ беришни талаб қилишган.
Лекин, Россия Навальнийнинг заҳарланганига етарлича асос мавжуд эмаслигини айтган ва шу пайтгача бу борада жиноят иши очмаган. Кремль Навальнийнинг заҳарланишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб келмоқда.