“Ал-Изоҳ” журнали Тошкент “Уламо жамияти” нинг нашри афкори

0
2358
Фото Мурод Зикруллаев томонидан тақдим этилди

1917 йилнинг июнь ойида “Шўрои исломия” ташкилоти билан умумий иш кўриш билан баробар миллатлар ҳамда мусулмонларнинг ахлоқий асосларини муҳофаза қилишни мақсадида “Уламо жамияти”ни таъсис этилган эди.

Жамият мусулмон фуқаролар орасида диний заминда юзага келиши мумкин бўлган ҳар хил шикоят ва англашимовчиликларни ҳал этиш ва тушунтириш каби вазифаларни ўз фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олди.

“Уламо жамияти” ўз мақсад ва дастурларини тарғиб этиш учун Тошкентда ҳафтада бир марта чиқадиган диний, илмий, адабий, сиёсий нашри – “Ал-Изоҳ” журналини чиқара бошлади.

Журналнинг тўлиқ номи “Ал-изоҳул маромий ликулли аномий” бўлиб, барча инсонларга шариат ҳукмлари бўйича батафсил, маромига етказиб изоҳ берувчи, деган маънони англатади.

Журналнинг биринчи сони 1917 йил 19 июнда чиқиб, 1918 йил май ойида Туркистон Совет Республикасининг Халқ комиссарлари совети қарори билан “… аксилинқилобий ва халққа қарши фаолияти учун” деган баҳона билан тугатилган.

Қуйида “Ал-Изоҳ” журналининг 1918 йил 1 февралдаги 22-сонида эълон қилинган таниқли уламо, мударрис, шоир, олим, таржимон, публицист, мударрис Саидаҳмад Васлий Самарқандийнинг (1869-1925) оммавий митинглардан бирида сўзлаган нутқи келтирилган.

Шу ўринда С.Васлий фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Сайд Аҳмад уста Азим ўғли Самарқанд шаҳрида туғилган. 1883-1891 йиллар Тошкент, 1893-1902 йилларда Бухородаги Кўкалдош мадрасаларида ўқиган. 1903-1909 йиллар Бухорода, 1909-1917 йиллар Самарқанддаги Орифжонбой ва Қусам ибн Аббос мадрасаларида мударрислик қилган. Улуғбек мадрасасида янги усул мактаблари учун муаллимлар тайёрлаш курсида дарс берган, 1918-1922 йиллар адабий тўгарак очиб, унга ҳомийлик қилган.

Васлийнинг етук олим ва шоир сифатида илмий-адабий мероси жуда катта. Ундан 12000 мисра шеър ва “Армуғони дўстон” (1909), “Асос ул-ислом” (1904), “Туҳфат ул-аҳбоб” (1912), “Таълим ва билдурмакнинг фойдалув ўлмоқи” (1914) каби 25 рисола етиб келган. Ўз вақтида унинг Туркистон тараққийпарварларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий билан мунозаралари жуда машҳур бўлиб кетганди.

Мазкур мурожаат митингда иштирок этаётган бойлар, талабалар ва ёшларга қарата Васлий Самарқандийнинг, умуман олганда эса Туркистон уламоларининг ўлкадаги давлатчилик масаласи, Ватан озодлиги, миллат равнақи йўлидаги қарашларини ифодалайди.

МУХТОРИЯТ УЧУН ЭНГ КАТТА ИЖТИМОЪДА

АЙТГАН НУТҚИМ

Эй азиз ҳамватан ва ҳамдин биродарларим!
Алҳамдулиллоҳ барчамиз аҳли исломдурмиз. Ислом бир муқаддас “Дин” эрурким, тарафи ақидаси илоҳийдан мазҳари коинот сарвари олам пайғамбар олий шаънимиз саллоллоҳи алайҳи ва саллам воситаи шарифлари ила келмишдур. Исломнинг барча аҳкоми муқаддасаси Қуръони аъзимуш-шаънда баён ўлмишдур. Зоҳир ва ошкорадурким исломнинг барча аҳкоми бандаларнинг солиҳий қиёматғача навъи башарнинг манофиъий ва яхши тириклик қилмоқлари учундур. Шариати ғаррои исломиядаги аҳкомлар ҳаққинча жорий ўлса ҳеч бир одам дунёда заррача жафо ва зарар ва зиён ва асорат кўрмас. Зероки, шаръи нур қонуни илоҳийдур. Албатта, тангри таолонинг таъсис қилгон қонуни бошқа муассислар вазъ қилгон қонундек нуқсонлик ва халалпазир эмасдур, балки доимо қиёматғача бандалар осойишлариға комил мутасаддидур.
Эмди бизлар учун ижрои аҳкоми шариати ғарро айни саодати дунё ва охират бўлса керак. Агар аҳкоми исломға риоя қилсак саъид ва некбахтдурмиз ва агар амал қилмасак шақир ва бадбахт ва асири ҳокими золим бўлишимиз махфий эмасдур. Чунончи, эллик йил амалсизликдан асорат остида қолмиш эрдук. Бизларнинг Мухторият ижройи шариатимиз ва шариат аҳкомиға ийқон амал қилгонимиз бўлса керак. Агар ижрои аҳкоми ислом ва амал қилсак бу Мухториятимиз пойдор ўлур. Ва илло аввалдан ҳам баттарроқ расво ва хор ўлурмиз. Албатта амал керакдур.
Эмди ислом тарафи ашрафиндан бу ижтимоъдаги тўрт тоифадан тўрт умид илтимос эдарим.
1 инчи: Эй уламои ислом, сизлар раҳбар ва пешвои аҳли исломдурсиз. Лозимдур ки энг аввал заррача қолдурмасдан шарънинг риоя эдарак амал қилсонгиз.
2 инчи: Эй талабаи ислом, келажакда дин ва ватан эгаси сизлар бўлурсиз. Фарздур ки ҳар ким илм ва ҳар фан ким диндорлик ва ватанпарварликға дахлдордур ўқуб билиб оммада хизмат бўлунгиз.
3 инчи: Эй ағниёи ислом, зиммангиздаги ҳаққ-ул-закот Қуръони карим ҳукминча бечора ва қашшоқлар ҳаққиларидур. Вожибдур ки шариати ғаррои исломия аҳкомиға амал қилиб, адои закот қилингиз. Яқин эдарам ҳар маҳалладаги бойлар ўшал маҳалладаги бечора ва қашшоқларға ўз ҳуқуқларини берсалар бирор бечоранинг фиғони зоҳир ўлмас, балки кўчаларда гадой кўрулмас.
4 инчи: Эй ислом йигитлари ва ватан бўз болалари, Ватаннинг муҳофазаси сизларнинг ҳаммият ва ғайрат ва қувватларингизға боғлудур. Зарурдур ки Ватанингизни ҳимоя қилингиз. Айибдур ким, сизлар борлигизда баъзи ҳамватан ва ҳамдинларингиз жафо ва тарож кўрса.
Хулоса: омил ва якдил бўлсак саъид ва мухториятимиз устивор ўлур. Чунончи, саҳобаи киром омил ва якдил ва иттифоқликларидан то Ҳитой ва то шу Туркистонғача нашри аҳкоми ислом қилдилар. Хотими шаръ жорий бўлсун деб, такбир Оллоҳу акбар, Оллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳи валлоҳу акбар, Оллоҳу акбар ва лиллоҳил ҳамд.

“Мударрис Саййид Аҳмад Васлий Самарқандий”

Нашрга тайёрловчи Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг