22 декабрь сешанба куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги йўллардан бирида портлаш содир этилди. Натижада, қамоқхонада ишловчи 5 нафар шифокор вафот этган.
Портлаш юз берган пайтда шифокорлар мамлакатдаги энг катта қамоқхона ҳисобланувчи Пул-и-Чархи қамоқхонасига кетишаётган бўлган. Бу қамоқхонада кўплаб Толибон вакиллари ҳам сақланади. Аммо, Толибон ушбу портлашга алоқаси йўқлигини маълум қилган.
Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Маъсума Жафарининг айтишича, қурбонлар орасида қамоқхонада коронавирус тарқалишини назорат қилиш билан шуғулланадиган уч шифокор ҳам бўлган бўлиб, уларнинг иккитаси аёллар эди.
«Бугун инсоният душманлари тинчликпарвар сифатида танилган соғлиқни сақлаш ходимларимизни нишонга олди. Бу жуда ачинарли ҳолдир» дейди Жафари.
Айни пайтда Афғонистон соғлиқни сақлаш тизими уруш туфайли ярадор бўлган одамлар ва CОVID-19 беморлари билан тўлиб тошмоқда. Афғонистонда сўнгги 24 соат ичида 16 киши коронавирус сабаб оламдан ўтган.