Афғонистон – муаммони ҳал қилиш йўллари

0
741
фото коллаж
 У ёки бу мамлакатни Англиянинг доимий иттифоқчиси ёки абадий душмани сифатида кўриб чиқиш узоқни англамаслик ҳисобланади. Бизда доимий иттифоқчиларимиз йўқ, бизда абадий душманларимиз йўқ. Фақатгина бизнинг манфаатларимиз ўзгармас ва абадийдир ва бизнинг бурчимиз уларга риоя қилишдир”.
– Генри Жон Темплнинг  1848 йил 1 мартдаги жамоалар Палатасидаги нутқидан

 

Стратегик мақсадлар узоқ муддатли сиёсатни белгилашда, тактик мақсадлар эса оператив бошқариш вазифаларини ҳал қилишда шаклланади.

Афғон халқи турли этник гуруҳлардан иборат, аммо уларнинг барчаси ўзларини афғонман деб ҳисоблашади. Сиёсий жиҳатдан миллати афғон. Афғонистондаги энг катта этник гуруҳ пуштунлар ҳисобланади. Давлат тили – дарий тили бўлиб, форсчанинг бир тури. Аммо амалда деярли бутун аҳолиси кўп тилли саналади.

Шуни эсда тутиш керакки, афғонлар, қайси этник миллатга мансуб бўлишидан қатъи назар, ўзларини АФҒОН деб ҳисоблашади ва ўзларининг устидан чет элликлар ҳукумронлик қилишига тоқат қилмайдилар.

Ҳозирда чет эл қўшинларини Афғонситон ҳудудидан олиб чиқиб кетиши, ушбу минтақада тинчлик ўрнатиш учун дастлабки қадам ҳисобланади.

Агарда толиблар ҳокимият тепасига келишса, табиий равишда давлатнинг исломийлашишига олиб келади. Аммо шу билан бирга Афғонистонда ярашиш учун замин яратади. Толибон Ҳаракати асосан пуштунлардан таркиб топган.

Толибон ҳаракати Саудия Арабистони томонидан молиялаштириш натижасида ва Покистон махсус хизматлари ёрдамида ташкил этилган. Бу эса, табиийки, ушбу мамлакатларнинг Толибон Ҳаракатга таъсир кўрсатиши мумкинлигидан дарак беради. Аммо ҳар қандай холатда ҳам, Толибон Ҳаракати ҳомийларнинг манфаатларидан кўра, ўзларининг тушунчаларида Афғонистон манфаатларини юқори қўйишади. Бу иродаларини улар бир неча бор исботлаганлар.

Толибон Ҳаракатининг ҳокимият тепасига келиши, уларни иқтисодий соҳалар ва ҳукумат тузилмаларини бошқаришни ўз зиммаларига олишга мажбур қилади. Тарихий жиҳатдан қаралганда Афғонистоннинг шимолий минтақасида яшовчи халқларнинг вакиллари паштунларга қараганда саводлироқ ва нисбатан маданий даражаси юқорироқ бўлиб келган. Паштунлар кўпинча қабилавий шаклдаги ҳаёт тарзини кечиришган.

Шундан келиб чиқиб, Толибон Ҳаракати давлатни бошқариш учун тожиклар, ўзбеклар ва бошқа шимолий халқларнинг вакилларини жалб қилишга мажбур бўлади. Шунинг учун, паштунлар томонидан давлат ҳокимиятининг узурпация қилинишидан хавотир олиш шарт бўлмайди. Энг муҳими, толиблар ва бошқа қабилалар ва халқлар давлатни қандай бошқариш тўғрисида умумий фикрга келишлари керак бўлади.

Давлат ҳокимияти бироз бўлсада барқарор тарзда тузилиши кузатилиши биланоқ, қўшниларнинг Афғонистонга нисбатан таъсири кучайтирилиши керак. Бу сафар минтақага ҳарбий куч қўллаш ярамайди. Аксинча, қўшни давлатлар билан иқтисодий муносабатларга Афғонситондаги барча халқлар ва қабилаларни жалб қилиш зарур бўлади. Иқтисодий ривожланиш Афғонистон ҳукуматини илм-фан ва таълимни ривожлантиришга мажбур қилади. Обскуранти́змдан (жаҳолатдан) маърифатга босқичма-босқич ўтиш иқтисодиёт орқали бўлиши керак.

Афғонистон америкаликлар чиқиб кетганидан кейин мутаасиблар учун плацдарм бўлиб қоладими ёки кескинлик ўчоғига айланадими, буёғи энди бутунлай қўшниларга боғлиқ бўлади. Жумладан, Россия Федерацияси ва умуман Ғарб ҳам аслини олганда Афғонистонга тупурган.

Афғон можаросининг давом этишидан кимлар манфаатдор?

Америка Қўшма Штатлари, Ғарб учун,  – бу можаро Хитойга таъсир ўтказиш, Ипак йўли хавфсизлиги ва Шинжонга терроризмнинг тарқалиши учун манфаатдор ҳисобланади.

Россия учун– Марказий Осиё республикаларини ўз қаноти остида ушлаб туриш ва уларнинг Ҳинд океанига йўл очишига қаршилик қилиш ва Россия Федерацияси орбитасидан чиқиб кетишининг олдини олиш учун фойдалидир.

Туркия учун – туркийзабон республикаларга таъсир ўтказиш ва Буюк Турон ғояларини тарқатиш учун фойдалидир. Туркия Афғонистонни парчалаб, Жанубий Туркистонни яратишни истаётган Афғонистондаги кучларни кенг тарқалиши ва уларни молиялаштириш билан шуғулланади. Бу эса асрлар давомида урушнинг давом этишига олиб келади. Афғонистондаги тинчлик Марказий Осиё республикаларини жанубга, Ҳинд океанига чиқишга ва Буюк Турон ғоясининг жозибадорлигини пасайишига олиб келади.

Афғонистондаги тинчликдан кимга фойда?

Марказий Осиё учун фойдали, чунки бундан мудофаа учун харажатлар камаяди, Ҳинд океанига энг қисқа йўллар очилади. Бу эса, Марказий Осиё логистика харажатларини камайтиради ва импорт нархларини пасайиши олиб келади, экспортдан келадиган даромадни оширади демакдир. Ниҳоят, Марказий Осиё республикалари иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатларга қаторига киришга мувоффақ бўлади.

Ҳозирда Марказий Осиё мамлакатларида ишлаб чиқарилган товарлар тараққий этган бозорларда рақобатлаша олмайди. Ҳинд океанига олиб борадиган йўл эса Африка, Индонезия, Ҳиндистон, араб мамлакатлари, Покистон билан савдо қилиш учун имкониятларни юзага келтиради. Термиздан Бандар Аббос портигача узунлиги атиги 600 км. Ушбу порт халқаро эркин иқтисодий ҳудудлардан ҳисобланади.

У ерда бутун дунёдаги компаниялар билан савдо-сотиқ ишларини амалга ошириш мумкин. Биз учун зарур бўлган маҳсулотлар – шакар, гўшт, кунгабоқар ёғи ва бошқа товарларнинг нархи анча паст. Биз транспортировка нархларини пасайтириш орқали импортдан тежашимиз ва экспортдан қўшимча фойда олишимиз мумкин бўлади.

Покистон ва Эрон учун, Марказий Осиёдаги республикалар билан яқиндан иқтисодий ҳамкорликни ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш фойдалидир.

Хитой учун фойдали. Чунки, Марказий Осиё мамлакатларига экспорт ва импорт йўлларини хавфсизлиги муҳим ҳисобланиб, Эрон ва Яқин Шарқ бозорларига темир йўл ва автомобил транспорти йўллари орқали кириш имкониятини беради. Бу эса маҳсулотларни етказиб бериш муддатини бир неча баравар қисқартириш имкониятини беради. Қолаверса, Афғонистонда табиий ресурсларни ўзлаштириш бўйича турли хил лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини яратади.

Нима қилмоқ керак ?

Афғонистон ва унинг атрофидаги манфаатдор бўлган қўшни мамлакатлар ўзаро учрашув ташкил этиб, унга Афғонистон жамиятининг турли хил кучларини таклиф этиш керак ва учрашувда бутун минтақани тинч йўл билан тартибга солиш ва ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш керак деб ўйлайман.

Бу мамлакатлар Покистон, Эрон, Хитой, Марказий Осиё республикалари бўлиб, улар Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан энг кўп манфаатдор бўлган қўшни давлатлар ҳисобланади. Келажакда ўзаро савдо –сотиқни ривожлантириш учун минтақада иқтисодий иттифоқ тузиш масаласини ҳам кўриб чиқиш мумкин бўлади.

Ҳар бир мамлакат ўз мамлакатининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда масалага ёндошади. Афғонистонда тинчликни ўрнатиш бир зумда амалга ошадиган ишлардан эмас. Бунинг учун ўнлаб йиллар керак бўлади.

Аммо ушбу мақсадга эришиш, деярли барча қўшниларнинг стратегик ривожланиш вазифаларини ҳал қилишга имкон беради. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш барча қўшнилар ва хусусан, Афғонистоннинг манфаатларига ҳам жавоб беради.

Баъзи сиёсий раҳбарлар ўзларининг шахсий манфаатларини ўз давлатлари ва халқлари манфаатларидан устун қўйиш хавфи мавжуд. Бундай ҳолатда, ушбу давлатлар ривожланаётган минтақанинг заиф бўғинига айланиб қолиши мумкин. Минтақанинг жадал ривожланиши натижаси бундай сиёсатчиларни давлат манфаатлари йўлидан боришга мажбур қилади ёки эътирозлар остида, улар халқнинг ғазабига дучор бўлиб, ҳокимиятни йўқотади.

Муаллиф: Ботиржан  Ачилов

 

 

 

Ташқи манбалардан олинган ахборот хабарлари мазмуни учун таҳририят жавобгар эмас. Муаллифлик материаллари ўзгартириш ва қўшимчаларсиз тақдим этилади. Таҳририятнинг фикри ёзувчи (журналист) фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг