Нега фидойилик кўпинча сохта бўлади?

0
432

Журналист ва филолог Эльдар  Асанов Телеграмдаги шахсий канали орқали, замонамизнинг нуфузли иқтисодчи ва сиёсатшунослари ҳисобланган Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон ҳаммуаллифлигидаги «Давлатлар нега барбод бўлади» номли илмий бестселлеридан айрим жиҳатларидан иқтибос олиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтган. Қуйида Эльдар Асановнинг фикр-мулоҳазалари билан танишиб чиқиш мумкин. 

Иқтисодий мавзуда охирги пост. Тавсия ва мулоҳаза шаклида бўлади буям.

Бугунги муҳокамаларда яхши фикр жаранглади. Нега хусусий корхоналардаги самара берадиган бошқарув методлари давлат корхоналарида самара бермайди? Чунки давлат ташкилоти раҳбарига корхона ривожи жиддий таъсир қилмайди, рағбатлантириш тизими яхши ишлаб чиқилмаган. Компания банкрот бўлса, бошлиқнинг ёнидан бир сўм кетмайди; компания бойиб кетса, бошлиқ бу фойдадан катта улуш олмайди. Фақат фидойилик учун ишлашни талаб қилиш энг аҳмоқона ва ёлғон йўлдир.

Шунга яқин фикрларни Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон ҳаммуаллифлигидаги илмий бестселлер — Why Nations Fail (Давлатлар нега барбод бўлади) китобида ўқигандим.

Муаллифларнинг хулосаси жуда аниқ ва тўғри: ватанпарварликни, фидойиликни талаб қилиш аксарият ҳолларда бефойда. Давлат қачон ривожланади? Бу ривожланишдан ҳар бир одам, ҳар бир қатлам учун бирдай манфаатли бўлса.

Бугунги капитализм формати Британияда шаклланган. Ўшанда шаҳарлик савдогарлар солиқлар ва мажбуриятлардан чарчаган қишлоқлик деҳқонлар билан иттифоққа кирган эди. Иккита икки хил дунё. Савдогарлар деҳқонлардан анча бой эди; шунга қарамай, улар ўзларини ҳуқуқлари камситилган деб ҳисобларди. Бутун ҳокимият феодаллар ва қирол атрофида жамланган аристократия қўлида эди. Улар деҳқонларга ҳам, шаҳарлик савдогар ва ҳунарманд-цехчиларга ҳам ўз шартларини қўйиб, моддий неъматларнинг каттароқ қисмини ўзига оларди. Шундай қилиб, баъзи қатламларнинг манфаати тўғри келиб қолиб, улар инқилоб уюштирди.

Аслида капиталистик тузум куртаклари, айтайлик, Италияда — Венеция республикасида ҳам бўлган эди. Аммо бу республикада барқарорликнинг муҳим омили — социал мобиллик ишламасди. Яъни, камбағал одам бойиб кетиши имконсиз эди. Венеция республикасининг ҳисобсиз бойликлари тор доирадаги савдогарлар қўлида тўпланиб қолиши натижасида қолганлар ишлашга мотивацияни йўқотиб борди. Ахийри республика таназзулга учради.

Янги Британия капитализмининг ўзига хослиги шунда эдики, у мувозанатлар тизимига асосланган эди. Одатда ҳуқуқлари поймол бўлгач, бирор йўл билан ҳокимиятга келган табақанинг ўзи бошқаларнинг сиқиб сувини ича бошлайди. Бунга энг зўр мисол — Россиядаги ишчилар ва деҳқонлар инқилоби. Бу ишчи ва деҳқонлар бир зумда янги элитага айланиб, бошқа миллионлаб одамларнинг бахтсизлиги ҳисобидан гуллаб-яшнаганини биламиз.

Британияда яратилган тизимда эса барча бирдай ҳуқуққа эга бўлиши муҳим эди: бу феодаллар ва қирол қуршови қайтиб ҳокимият тепасига келмаслигини таъминларди. Савдогарлар куч билан барча неъматларни ўзлаштирса, деҳқонлар ва ҳунармандлар ҳам ишлаш учун мотивацияни йўқотарди. Бунинг натижасида савдогарларнинг бозори тораяр (халқ қанча бой бўлса, савдо шунча катта бўлади), уларнинг ҳукмронлигидан норози каттагина қатлам юзага келарди.

Ривожланиш мана шунга — тенгликка ва ўзаро манфаатга, ҳеч ким сенинг ҳуқуқларингни поймол қила олмаслигига бўлган ишончга асосланади. Бировларнинг ҳалоллигига, олийжаноб ва ватанпарварлигига ишониб қолиш керакмас — доим барча бир-бирининг суиистеъмолга қўл урмаслигини назорат қилиши ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила билиши керак.

“Шу ватан барчамизники”, “сен ватан учун нима қилдинг?” каби шиорлар эса ўзни алдашдан бошқа нарса эмас. Бошқалар сен қилган меҳнатнинг роҳатини кўраётган бўлса, ўзингни фидойиликка мажбурлаш жуда қийин. Шахсий манфаатни фидойиликдан биринчи ўринга қўйиш — мутлақо нормал ҳолат бўлиб, тараққиётнинг асоси ҳисобланади.

Қаерда одамнинг барча ҳуқуқлари таъминланса, у ўз истеъдоди ёрдамида энг баланд мартабаларга кўтарила олса, шунга яраша даромад кўрса ва чиройли яшаса, у ўша ерни қадрлайди, ўша ердаги тартиб-таомилни, тинчлик ва барқарорликни асрашга ҳаракат қилади, табиий фидойилик юзага келади. Шунинг учун кейинги сафар фидойиликдан гапираётган сиздан кўра сипо кийинган одамни кўриб қолсангиз, аввал кўзларига яхшилаб қараб кўринг.

Д. Ажемўғлу

 

 

Ж. Робинсон.


манба 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг