Гўнг-тупроқ компостини тайёрлаш

0
1847

Гўнг-тупроқ компости тайёрлаш ва сақлашнинг энг самарали усулларидан бири молхоналар яқинидаги хандақ-гўнгхоналарда бульдозер ёрдамида шиббаланган компостлаштирш ҳисобланади. Чуқурнинг ҳажми: узунига 60–80 метр, энига 3–3,5 метр, чуқурлиги 3,5–4 метр бўлиб, сиғими минг тонна атрофида бўлади.

Моллар тагига солинган қуруқлик, силос қолдиғи, гўнг ва моллар шилтаси фермадан олиб чиқилади ва гўнгхона-чуқурликка бир қават қилиб солинади. Унинг устидан иккинчи қавати сифатида ариқ, зовур, канал лойқаси ёки экишда фойдаланилмайдиган дўнглик, эски деворлар кесаги, шўр бўлмаган тупроқлар, ўсимлик чириндилари, дарахт барглари, хазонлар ва бошқа органик қолдиқлар ташланади.

Учинчи қаватига компост аралашмасининг ҳолатига қараб 1–2 фоизгача ёки ҳар 1 тонна аралашмага 15–20 кг фосфорли ўғит ёки 150–200 кг паст навли Қизилқум фосфоритларидан(12–14%Р2О5) солиш мумкин.

Шундан кейин худди шу тартибда биринчи, иккинчи ва учинчи қаватлар билан ўрани тўлдириб, элементлар йўқолишининг олдини олиш ва сифатли бўлиши учун гўнгнинг умумий миқдорига нисбатан 40 фоизига тенг миқдорида узоқ экилмаган ер тупроғи билан аралаштириш мумкин.

Ана шундай қават-қават аралашмалар солиш натижасида компостнинг ер устидан баландлиги 1,5 метрга етганда керакли миқдордаги сув билан намланади ва унинг усти 15–20 сантиметр қалинликда тупроқ билан беркитилади.    

Тепаси шиббаланади (гўнг билан тупроқ 1:1 нисбатда иккови биргаликда бўлганда ёки тупроқ устига ўсимлик қолдиқлари солинганда 1:2 нисбатда бўлади). Гўнг билан тўлдириб туришни ҳисобга олган холда ўраларнинг зарурият юзасидан бир нечтасини ёнма-ён қилиб ковлаш тавсия қилинади. Компостни шу ҳолатда сақлаш 5–6 ой давом этади.

Компост тўплаш режалаштирилган фермер хўжаликда гўнг солиш учун 0,2 гектар ер ажратилиб ва унинг устига 500–600 тонна гўнг бир текисда тўшалади, уларнинг орасидаги қаватларга ҳар 1 тонна гўнг аралашмасига 15–20 кг ҳисобида фосфор ўғити ёки 100–200 кг паст навли Қизилқум фосфоритларидан (12–14% Р2О5) ташланиб, 20–25 см чуқурликда ҳайдалади.  

Кейин буларнинг бари дискали борона билан ишловдан ўтказилади, ёки ҳаммасини аралаштиришни таъмин этадиган оддий шудгорлаш плуги билан қайта хайдалади. Пировардида бутун масса аралаштирилиб, бульдозер ёрдамида бир жойга тўпланади ва усти 20–25 см қалинликдаги тупроқ билан беркитилади.

Агар аралашманинг намлиги етарли бўлмаса, у ҳолда тайёрланган уюмлар устидан гўнг суюқлиги ёки заруратга қараб сув қуйилади. Шундай бир уюмдан 4–5 ой ичида 1000–1200 тонна компост тайёрлаш мумкин.

Тайёр бўлган ушбу компостни ерни ҳайдашдан олдин 4-6 кг/м2 миқдорида солиш тавсия этилади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, айрим хўжаликларда кўпинча маҳаллий ўғит очиқ ва сочилган ҳолатда сақланади. Бундай сақланган гўнгда озиқа унсурлари ҳар 10 тоннасидан 23–24% қуруқ модда, 44% гача умумий азот йўқолади. Демак, юқорида билдириб ўтилган таклиф ва мулоҳазалар амалда қўлланилса, тупроқ унумдорлиги сақланиб қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олишга эришилади.

Б. Ниязалиев, Б.Тиллабеков

манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг