Блогерлар мулоҳазаси туркумидан: «Ор учун, ғурур учун қачон курашамиз?»

0
1317

Ҳаётда пулдан ҳам қиммат турадиган сотилмас, сотиб олиб бўлмайдиган нарсалар бор. Бу ор, бу ғурур.

Турк актёри учун тўланган пулни ҳисоб китобини қилмоқчи эмасман. Ўша биргина реклама учун турк актёрини чақирганимиз учун, унинг оёғига поёндоз бўлганимиз учун ҳайратланасан киши. Ор учун ташлашмаймизми, ғурур учун талашмаймизми?

Ачинарлиси, қизларнинг уни ўраб олиб суратга тушгани, янаям хунуги овқат еётган актёрнинг пешанасига бориб олиб талашиб-тортишиб суратга тушгани. Қанча сурат кўрган бўлсам атрофида ёш-ёш қизлар. Фахр билан суратга тушаяпти. Энг одамни ижирғантирадигани уни овқат ейишга ҳам қўймаётгани, энг кулгулиси актёрнинг ўзини хўрлангандек шумшайиб ўтиргани, тургани.

Бу нима биласизми?

У ҳайратда, аёлларимизнинг юзсизлигидан, сирти маданиятли кўрингани билан ички маданияти йўқлигидан ҲАЙРАТДА!!!

Баъзи аёлларнинг Туркияда ёмон номи чиқиб келаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Буни ишсизликка, буни пулсизликка йўйманг. Инсон ғурури, ори билан ҳайвондан фарқ қилади. Ҳамма оч қолаётган, пулсиз яшаётган аёллар ўзини сотаверса андиша, ҳаё ибо деган тушунчаларни луғатдан ўчириб ташлашга тўғри келади.

Мана шу турк актёрини чақириб ФАЛОН пулни беқадр қилиб, СОЧИБ ташлашимизнинг ўзи бизда ғурур, ор йўқлигидан дарак.

Суратларига, видеоларига қарасангиз ўзини жуда ноқулай ҳис қилаётгани кўриниб турибди. Агар салгина жилмайса қучоғига кириб кетишидан қўрққандир шўрлик. Сизлар учун, шундай аёллар борлиги учун у уялиб кетгандир.

Шаҳаримиз чиройли, меҳмонхоналаримиз даҳшатдир. Хизмат кўрсатишга гап йўқ. Овқатлари фалон пул. Аммо актёрни бир лаҳза ҳам тинч қўймаган, овқатининг устига чиқиб олган қизлар, аёллар худди ибтидоий жамоада яшаётгандек тасаввур уйғотади одамда. Худди актёр «жунглига» бориб қолгану, қабиладаги одамлар четдан келган сайёҳларга оғзини очиб қараб қолгандек тасаввур уйғотади одамда. 

Майли сериаллар таъсири ҳақида гапирмайман. Майли таниқли актёрга ёпишиб суратга тушишини оддий ҳол деб қарайман. У ҳамма жойда, ҳамма мамлакатда бор. Аммо бизнинг менталитетга, ўзбек қизларига бундай андишасизлик тўғри келмайди, менимча.

Баъзи ўзбек аёллари, ўзбек қизлари Туркияда ёмон ном чиқараётган бир пайтда суратга тушиш учун бошига чиқиб кетай деб турган қизлар у билан суратга тушиш учун талашиш ўрнига, ўзини четга тортиб турса актёр аёлларимиз ҳақидаги ёмон фикрлардан воз кечмайдими, ўзбек аёллари қизлари ҳаёли, иболи, ҒУРУРли эканки мен билан ҳам ҳатто суратга тушмадия, деб ҳайратланиб кетмайдими?

Актёрни бир реклама учун чақириб мана шундай томошани уюштирган, бошқа мамлакатлар олдида ўзини ерга уриб фалон маблағни осонгина қўш-қўллаб топшириб юборишни ўз қадрини ерга уриш деб ҳисоблайман. Актёр рекламаси орқали киритаётган инвестиция эвазига ғурурни, орни яксон қилиши керак эмас. Актёр билан суратга тушишга талашамиз, пул учун талашамиз. Ор учун, ғурур учун талашмаймизми?

Мамлакат фақат пул билан ривожланмайди, фақат бойлик, чиройли шаҳарлар билан ривожланмайди. ВАТАН ғурурли, ватанпарвар, ориятли эркаклари, андишали аёллари билан гўзал, ривожланган ҳисобланади. Агар буларнинг ҳеч бири бўлмаса у усти ялтироқ ичи қалтироқ арзон матоҳдан бошқа нарса эмас.

Ор учун, ғурур учун қачон КУРАШАМИЗ???

Барно Султонова

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг