Кашмир – қонаб турган яра, ёхуд деярли бир асрдирки, ҳал бўлмаётган муаммо

0
485
Манба: Arab News

1947 йил 3 июнда қабул қилинган ва шу йилнинг 18 июлида Британия парламенти томонидан маъқулланган бўлиниш режасига биноан ягона Ҳиндистон диний белгига кўра икки суверен давлатга бўлинди. Ҳиндлар кўпчиликни ташкил этадиган ҳудудлар Ҳиндистонни, ғарбий вилоятлар ва Бенгалнинг шарқидаги мусулмонлар кўп бўлган ҳудудлар Покистон таркибига киритилган.

Ҳиндистон ярим оролидаги 550 дан ортиқ князликлар ушбу хужжат натижасида мустақил бўлиб, Покистон ёки Ҳиндистонга қўшилиш имкониятига эга бўлдилар. Бироқ, Ҳиндистон Ҳайдаробод, Жунагарх ва Кашмирни ҳарбий босқинлар орқали ноқонуний равишда босиб олганлиги даъво килинади. Аҳолисининг 87 фоизи мусулмон бўлган Жамму ва Кашмирнинг Покистонга қўшилиш истаги бор эди.

Буюк Британиялик таниқли тарихчи Алистаир Ламб ўзининг «Фожеанинг туғилиши» китобида ушбу ҳикоянинг ҳинд версиясини шубҳа остига қўяди.

Унинг сўзларига кўра, бўлинишдан кейинги воқеалар, яъни Кашмирнинг Ҳиндистонга қўшилиши тўғрисидаги ҳужжат расмий Деҳли қўшинлари Кашмирга бостириб кирганидан сўнг имзоланган ва шунинг учун Ҳиндистон ҳукумати бу ҳужжатни ҳеч қачон бирон бир халқаро форумда эълон қилмаган.

Жамму ва Кашмир мусулмонлари, хусусан 1947 йилда Жамму минтақасида яшовчилар Покистонга қўшилиш истаги учун катта бадал тўладилар. Ҳинд босқини унга қарши оммавий курашни бошлаган Кашмир аҳолисининг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Ушбу қатъиятли ҳаракат Ҳиндистонни 1948 йил 1 январда БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиб, низони ҳал қилишда ёрдам сўрашга мажбур қилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кетма-кет резолюциялари орқали ҳинд босқинчилигини бекор қилди ва Кашмир халқига ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини бериш орқали низони ҳал қилишга чақирди.

Шунингдек, ташкилот Жамму ва Кашмир аҳолиси ўз истакларини билдиришлари учун ўз назорати остида холис плебиссит ёки референдум ўтқазишни маъқуллаган. Ҳиндистон раҳбарларининг дунё ҳамжамияти олдида берган барча ваъдаларига қарамай, плебиссит ҳали ҳам бажарилмади. Можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича барча ҳаракатларнинг самарасизлигидан ҳафсаласи пир бўлган Кашмирда эса, озодлик учун курашлар суръати тўхтовсиз равишда ўсиб бораверди.

Одамлар ҳар куни босиб олинган ҳудуднинг ҳар бир қисмида ўз тақдирларини ўзлари белгилаш ҳуқуқини талаб қилиб норозилик намойиши билан кўчаларга чиқдилар. Бироқ, Ҳиндистон полицияси ва қўшинлари намойишчиларга қарши ҳар қандай шафқатсиз тактикани, шу жумладан ўқ ва кўздан ёш оқизувчи заҳарли газни қўллашни давом эттирдилар. Бу каби усуллар натижасида 270 дан ортиқ одам кўзларидан жудо бўлгани, 1000 га яқин аҳоли кўриш қобилиятини йўқотиш арафасида тургани ҳакида интернет нашрларида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Юзлаб одамлар, жумладан, сепаратизм тарафдори бўлган «Ҳуррият сиёсий, ижтимоий ва диний иттифоқи» панжара ортига ташланди.

Бироқ, бу шафқатсизликларнинг ҳеч бири Кашмир аҳолисининг қатъиятини синдиролмаган. Покистон раҳбарияти эса доимий равишда Кашмирлардаги миллий озодлик курашларини қўллаб-қувватлаб келган. Таъкидлаб ўтиш жоиз, бунинг остида расмий Исломободнинг манфаатлари ётибди. Йирикроқ масштабда қараладиган бўлса, айнан Кашмир масаласи Покистон ва Ҳиндистон ўртасида деярли бир асрдирки, совуқчилик тушириб келаётган зиддиятли нуқта ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Кашмир ҳудудининг асосий қисми Ҳиндистон назорати остида бўлиб, бу ердаги миллий озодлик ҳаракатлари ва ҳудудий яхлитликка раҳна солаётган Покистоннинг қўллаб-қувватлашлари натижасида Кашмир Жанубий Осиё минтақасининг хавфсизлигига нисбатан жиддий хатар ҳисобланади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг