Анна Герман. Порлайверар номаълум юлдуз… (фото+видео)

0
554
Манба: stuki-druki.com

1971 йилда шоир Николай Добронравов ва композитор Александра Пахмутова ҳамкорлигида яратилган бу қўшиқни дастлаб эстрада юлдузи Иосиф Кобзонга тақдим этишади. У рад жавобини бергач, ўз даврининг яна бир машҳур хонандаси Эдита Пьехага куйлаб кўришни таклиф этадилар. Шу тариқа ушбу тарона Эдита Пьеха ижросида илк бор дунё юзини кўрди.

Айни пайтда қўшиқ муаллифлари уни даҳшатли автомобиль ҳалокатидан сўнг эндигина оёққа тураётган польшалик ёрқин юлдуз Анна Германга ҳам юборган эдилар. Анна Герман талқинидаги қўшиқ янада жозибалироқ чиқди ва у хонанда репертуарининг энг машҳур тароналаридан бирига айланди. (Айтишларича, кейинчалик Иосиф Кобзон ушбу қўшиқни рад этгани учун ўзини асло кечиролмаслигини кўп таъкидлаган экан)

Бу – салкам ярим асрдан буён кўнгилларни забт этиб келаётган “Порлайверар номаълум юлдуз” сатрлари билан бошланувчи “Надежда” (“Умид”) қўшиғи эди.

“Светит незнакомая звезда,
Снова мы оторваны от дома.
Снова между нами города,
Взлётные огни аэродрома”, деб куйланади қўшиқда.

Чинакам санъат асарига изоҳ ҳам, таржима ҳам шарт эмас. “Надежда” қўшиғи юракни орзиқтирувчи манзараларни баён этган матни, бетакрор оҳанги ва энг муҳими Анна Германнинг юрак қўшиб куйланган хониши билан миллионлаб кўнгилларга кириб борди.

2015 йилда Россияда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра бу қўшиқ матни рус ва жаҳон классикаси таснифидаги хит парадда 10-ўринга лойиқ кўрилган. Бу, албатта, нафақат қўшиқ матни, балки унинг гўзал ижроси оммалашганидан далолат.

Айтишларича, совет ва Россия фазогирлари ўртасида парвоз олдидан Анна Герман ижросидаги мана шу қўшиқни тинглаш анъанага айланган экан.

Анна Герман – Хоразм қизи

“Надежда” қўшиғини катта авлод вакиллари соғиниб эслашади ва ҳали ҳануз севиб тинглашади. Лекин унинг ижрочиси Анна Герман ҳақида ҳамма ҳам етарлича маълумотга эга бўлмаса керак.

Немис-голланд муҳожирлари авлодидан бўлган санъаткор 1936 йилнинг 14 февралида Урганчда бухгалтер Евгений Герман ва немис тили муаллимаси Ирма Мартенс оиласида дунёга келган. Анна бир ёшга тўлганида отаси иғво туфайли жосусликда айбланиб ҳибсга олинади ва ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади. (Кейинчлик маълум бўлишича, у 1938 йилда Тошкентда отиб ташланган экан. 1957 йилда Евгений Герман тўлиқ оқланган).

Бу вақтда оилада яна бир фарзанд Фридрих дунёга келган эди. Икки фарзанднинг кейинги тақдирини ўйлаган она узоқроқ жойларга кетиш ва шу орқали жон сақлашга мажбур бўлади.

Шу тариқа оила Тошкентда, Жамбулда, Новосибирск ва Красноярскда яшайди. Орада яна бир кулфат рўй беради: кичик фарзанд Фридрих нобуд бўлади.

Мурғак Аннанинг ёдида ўша даврлар аччиқ хотиралар қолдирган:

“Шундай даҳшатли муҳтожликда кун кечирардикки, мен яшайдиган хоначамизни иситиш учун колхоз даласидан қамиш ўғирлашга мажбур бўлардим. Онам бизга кепакдан нон пиширарди. Қоғоз тақчил бўлгани сабаб, мен дафтарларимни кийим-кечакка айирбошлашнинг уддасидан чиқардим. Шу тариқа ҳарбий шинель менинг пальтоимга айланди”

Олисга улоққан тақдир

1943 йилда Аннанинг онаси Ирма поляк офицери Герман Бернерга турмушга чиқади. Афсуски, кўп ўтмай Бернер урушда ҳалок бўлади.

Анна, онаси ва бувисига эса Польшага – Бернернинг қариндошлари олдига етиб олиш насиб этади.

Улар дастлаб Нова-Руда, кейинчалик Вроцлав шаҳарларида яшайдилар.

Бу ерда Анна умумтаълим лицейига жойлашади. У куйлаш ва расм чизишни ёқтирарди. Санъат олий мактабида ўқиш унинг орзуси эди. Лекин онаси бу орзуларни рад этиб, жиддийроқ касб билан шуғулланишни маслаҳат беради.

Шу тариқа Анна 1955 йилда Вроцлав университетининг геология факультетига ўқишга киради. Шу ерда у илк бор саҳнага чиқади. Уятчанлик ва ҳаяжон билан куйлаган талаба қиздаги истеъдодни дарров пайқайдилар. Концертдан сўнг унинг олдига талабалар театри раҳбари Ежи Литвинец келиб, спектаклларда иштирок этишга таклиф қилади.

Театр жамоаси билан турли шаҳарларга сафар қилган Анна кейинчалик ўқиш қолиб кетаётганидан ҳавотирланиб, бу ишларни йиғиштиради. Лекин мусиқага бўлган ҳавас уни тарк этмайди. Дугоналарининг қистови билан Вроцлав эстрада жамоасида куйлаб кўради. Унинг ижроси барчага маъқул бўлади.

Мен ҳамиша иштиёқ билан куйлардим. Талабалар тадбирларидами, уйга меҳмон келгандами, фарқи йўқ. Лекин ҳеч қачон профессионал хонанда бўлишни хаёлимга келтирмасдим. Мен фақат ўз кўнгил эҳтиёжим учун куйлардим, холос”, деб ёзганди кейинчалик Анна.

1962 йилда Герман қўшиқчилик бўйича имтиҳон топширади ва профессионал хонандага айланади.

1963-64 йилларда нуфузли мусиқа фестивалларида юқори ўринларни эгаллаб, нафақат Польша, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида шуҳрат қозонади.

1965 йилда Анна Герман биринчи бор Совет иттифоқида гастролда бўлди. Гастролдан сўнг “Мелодия” фирмаси унинг поляк ва италян тилидаги қўшиқлари жамланган илк пластинкасини чиқаради.

Бу вақтда Италиянинг овоз ёзиш студияси ҳам хонандага қизиқиш билдира бошлаганди. 1966 йилда Анна Италияга кетади. Бу ерда қатор фестивалларда чиқиш қилади, телекўрсатувларда иштирок этиб, кўплаб интервьюлар беради.

“Миланда узоқ вақтгача куйламадим. Фақат суратларга тушдим, саноқсиз интервьюлар бердим. Лекин мен куйлашни истардим. Мен бу ерга италян дизайнерларининг ютуқларини намойиш қилиш учун келган фотомодель эмасман. Менинг қалбимни фақат ва фақат қўшиқ банд этган эди”, деб ёзганди Герман.

Ойнинг қоронғу кунлари

1967 йилнинг баҳорида Анна Герман ўтирган машина Форли ва Милан орасидаги йўлда бетон тўсиққа урилади. Ҳайдовчининг рулда ухлаб қолгани ҳалокатга сабаб бўлади.

“Менинг охирги ҳис қилганим – машина ағдарилди. Биз қоронғуда нимагадир қаттиқ урилдик. Ренато (ҳайдовчи) кимнидир уриб юборди, деб ўйладим. Мени “машина ичида тириклайин ёниб кетмасайдик”, деган ваҳима қамраб олди. Кейин эса қоронғулик бошланди…”, деб эслаганди кейинчалик Анна.

Шундан сўнг Анна Герман ҳаётининг уч йиллик уқубатли даврлари бошланади.

Хонанда оғир жароҳатлари туфайли бир ҳафтадан кўпроқ хушсиз ётади.

 

 

Шифокорлар ярим йилгача ўрнидан туришга рухсат беришмайди. Ярим йилдан сўнг эса юришни қайтадан ўрганишига тўғри келади.

Уни эски дўсти – муҳандис Збигнев Тухольский Варшавага олиб кетиб, астойдил парваришлайди. Ярим тунда Збигнев Аннани кўтариб, лифтга олиб чиқарди ва дарё соҳилига йўл оларди.

Бу ерда Анна хасталикдан сўнг илк қадамларини қўйди. Бу ҳол кунда-кун ора тонг отгунча давом этарди.Икки йилдан сўнг улар оила қурдилар. 1975 йилда фарзандлари Збигнев дунёга келди.

Қайта порлаган юлдуз

1970 йилда Анна Герман яна саҳнада пайдо бўлди. Унинг биринчи концерти Варшава фан ва маданият саройида ўтказиларкан, саҳнага чиққан хонандани мухлислар йигирма дақиқадан зиёд олқишлаб турдилар.

1972 йилда Анна Совет иттифоқи бўйлаб гастрол сафарларини амалга оширди. Ўша йилнинг декабридан иттифоқ телевидениесида “Анна Герман куйлайди” туркум кўрсатувлари намойиш этилди. Кейинги гастроль 1975 йилда бўлди. Айнан шу даврда Анна Германнинг рус тилидаги қўшиқларидан иборат яна бир пластинкаси сотувга чиқарилади.

Бу вақтда унинг репертуари иттифоқ шоирлари ва композиторлари билан ҳамкорликда яратилган “Севги садоси” (“Эхо любви”), “Боғлар гуллаганда” (“Когда цвели сады”), “У менга ёқади” (“А он мне нравиться”) сингари бетакрор асарлар билан бойиган эди.

Унинг қўшиқлари нафақат Польша ва Россияни мафтун этди, балки Италия ва Германия, Франция ва Австралия, ҳаттоки, олис Америкада ҳам миллионлар қалбини забт этди.


У саҳналарда гулдасталар ва гулдурос қарсакларга кўмилар, баъзи қўшиқларини баъзан икки маротаба кетма-кет куйлаб беришига тўғри келарди. Анна Герман номи шу тариқа афсоналарга қоришиб кетди.

Видо дамлари

1980 йиллар бошида Анна бетобланиб қолади. Аслида автоҳалокатдан кейин унинг жисмида турли тушуниксиз оғриқлар пайдо бўлган, Анна уларга эътибор бермасликка ҳаракат қилиб келарди. Айниқса, оёқдаги оғриқ уни кўп қийнарди.

Кунлардан бир кун яқинлари уни тиббий текширувдан ўтишга кўндиришади. Бу текширув натижалари эса хонандага мудҳиш хабарни олиб келди: онкологик хасталик. Лекин табиатан қийинчиликларни енгиб ўрганган Анна ўзини йўқотмади.

Даволаниш курсларини олгач, ўз фаолиятини давом эттирди. Янги қўшиқлар яратди, болалар учун эртак китоблар тайёрлади, радиоэшиттиришлар олиб борди.

Аннага ҳамма қўлидан келган яхшиликни қилишга уринарди. Уни энг яхши ҳарбий госпиталда даволатардилар, Москвадаги ҳамкасблари дори-дармон ва ўғли учун ўйинчоқлар жўнатишарди.

Бироқ касаллик Аннани тобора енгиб борарди. Ҳаётининг сўнгги йилида у саккиз маротаба операцияни бошдан ўтказди. 1982 йилнинг 25 августида эса ёруғ дунёни мангуга тарк этди. Уни Варшава қабристонига дафн этдилар.

P.S. Тўғри, бугун Анна Германни поляк хонандаси сифатида танишади. Чунки, у Польшада вояга етди ва санъатга бўлган интилиши ўша ерда камол топди. Бироқ, ҳар гал Анна Герман қўшиқларини эшитиб, хаёлга толарканман, у вафот этганида ҳали олти яшар бола бўлган менинг кўнглимга бу оҳанглар нечун бунчалар яқин деган ўй миямда айланади.

Ким билсин, балки бу унинг қўшиқларидаги тасвирлар, туйғуларнинг боқийлиги, замон ва макон танламаслиги туфайлидир. Балки хонанда тақдирининг ҳам қай бир жиҳатдан мана шу биз яшаётган замин билан боғланганлигидандир?.. Билмайман. Билганим шуки, ҳар гал тинглаганимда юрагим орзиқади. Аллақаёқларга кетгим келади…

“Светит незнакомая звезда,
Снова мы оторваны от дома.
Снова между нами города,
Взлётные огни аэродрома”

 

Интернет манбалари асосида Нозимжон Мўминов тайёрлади.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг