Игорь Моисеев балетининг Тошкентдаги концертлари улкан муваффақият қозонди

0
1163

Жорий йилнинг 26-27 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Игорь Моисеев номидаги Россия давлат академик халқ рақси ансамбли концертлари – мазкур юқори малакали жамоани Ўзбекистон аҳли нақадар завқ билан кутиб олишини намоён этди-деб маълум қилмоқда Ўзбекнефтгаз АЖ матбуот хизмати .   

Дунёга машҳур Игорь Моисеев балетининг хайрия концертлари «Газпромбанк» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Eriell Group халқаро нефть соҳасида хизмат кўрсатувчи компаниянинг молиявий кўмаги ёрдамида ташкил этилди. 

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида икки кеча давомида ўтказилган концертлар ҳақиқий рақс байрамига айланган бўлиб, улардан баҳраманд бўлиш учун Ўзбекистоннинг қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, ўқув юртлари талабалари, элчихона ва консулликлар вакиллари, ижод аҳли ва кенг жамоатчилик томошабин сифатида ташриф буюрдилар. 

Игорь Моисеев балети Тошкентда тақдим этган дастур ўз ичига мураккаб хореография, ҳаракатлар мукаммаллиги, акробатик элементлар, актёрлик маҳоратини олган бўлиб, буларнинг жами томошабинларга раққосларнинг ҳар бир чиқишидан завқланишга замин яратди. 
Бўлиб ўтган хайрия концертлари Ўзбекистон ва Россия Федерация ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашда санъатнинг роли катта эканлигини яққол намойиш этди. 
Игорь Моисеев балетининг кўп йиллар давомидаги машҳурлик сири нимада эканлиги ансамблнинг бадиий раҳбари Елена Щербакова берган интервьюсида равшан бўлди.  

Ҳозирда Елена Александровна Россия халқ артисти, «Дўстлик» ва «Ҳурмат» орденлари соҳибаси, Россия Федерацияси ҳукумати мукофоти совриндоридир. 1969 йилда эса у Россия давлат академик катта театри қошидаги хореография билим юрти битирувчиси, Игорь Моисеев балетида фаолият юритишни орзу қилаётган ёш қизча, умридаги муҳим қарордан бирини қабул қилиши керак эди. 

–“Талабалик даврида ансамбл чиқишларини кўриб, ўзим учун қарор қилганман, агар шу ансамблда ишлаш насиб қилмаса, умуман, рақс билан шуғулланмайман, дарҳол ҳужжатларимни Россия театр санъати институти (ГИТИС)нинг педагоглар тайёрлаш бўлимига топшираман деб. Омадим бор экан. Игорь Моисеев мени ансамблига олган. 23 йиллик меҳнат ва ансамбль солисти сифатида фаолият олиб борганимдан сўнг ижодий нафақага чиқар олдида, Игорь Александрович менга мактабимизда ўқитувчи сифатида ҳам ўзимни синаб кўришим кераклигини айтди. Икки йилдан сўнг 1994 йилда эса ансамбль директори бўлиш таклифини илгари сурди.  У давр жуда мураккаб эди, 90-йиллар, қайта қуриш, ҳеч кимнинг санъат билан иши йўқ эди. Бироқ биз ансамблни асл ҳолида сақлаб қолишга муваффақ бўлдик!” 

Ҳозирда оламшумул машҳурликка эришган ансамбль ўз фаолиятини 1937 йилда бошлаган. Игорь Моисеев ҳеч бир муболағасиз халқ-саҳна хореографияси жанри яратувчисига  айланди ва у яратган ҳар бир саҳна кўринишида халқ рақсини жуда моҳирлик билан профессионал саҳнага ўтказа олган. Унинг ўз ишига бўлган садоқати, энг ноёб чиқишларни ҳис қилиш қобилияти, ҳар бир рақснинг мукаммаллиги устидан доимий равишда ишлаш Игорь Александровични таниқли маэстро, буюк балет устаси ва режиссёр бўлишига замин яратди.  Тошкент аҳли ҳам у томонидан яратилган ансамблнинг юқори истеъдодли жамоа эканлигига ишонч ҳосил қилди – икки кеча давомида “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи гулдурос олқишларга тўлиб кетди. Игорь Моисеев балети ҳаракатлар уйғунлиги билан ажралиб туради. Бунга ҳатто ансамблнинг саҳнада  намойиш этаётган рақслари давомида ҳам ишониш қийин. Бу тасодиф эмас. Ансамбль раққослари балетнинг ўз мактабида таҳсил оладилар. 

“Игорь Моисеев шахсий мактабни ансамбль қошида очган. У давр жуда оғир эди – Иккинчи жаҳон урушининг айни ўртасида, 1943 йилда, ҳеч кимнинг кўнглига рақс сиғмайдиган пайтда. Ҳозирда ансамблнинг 99 фоизи – мактабнинг энг намунали битирувчиларидир. Бу йил ансамбль қошидаги мактаб-студия ўзининг 75 йиллигини нишонлайди”,  деди Елена Щербакова. 
“Мактабга 12 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўсмирларни қабул қиламиз, умумтаълим мактабининг 8 синфидан сўнг. Биз болалар таълимнинг биринчи йилидан саҳнага чиқишларига эътибор қаратмаймиз – биринчи концертларини улар битирув арафасида намойиш этадилар, чунки биз учун энг муҳими – уларни классик рақс асослари, актёрлик маҳорати, ва, албатта,  Моисеев рақс мактаби асосларини ўргатишдир. Буларсиз катта саҳнага чиқишнинг имкони йўқ.” 

Албатта, бу каби моҳирлик ва енгиллик билан рақсларни ижро этишнинг ягона сири эмас бу. Бу енгилликнинг ортида санъаткорларнинг улкан оғир меҳнати ётибди. Бу каби катта муваффақиятга ўша меҳнат ва ҳар бир кунга белгиланган аниқ жадвалга риоя қилиш орқали эришилмоқда.  

“Санъаткорларимизнинг репетиция жадвали жуда тирбанд. Ҳафтасига олти кун меҳнат қилинади ва бир кунгина дам. Иш куни соат 10 да санъаткорларимизни репетицияга тайёрлаш учун классик рақсдан бошлаймиз ва репетиция соат кундузги 3 га қадар давом этади. Иш вақтимиз 19.00 дан 21.00 га қадар. Репетицияларимиз орасида бизнинг залларимизда мактабимиз талабалари учун машғулотлар ўтказилади.” 

Бу муваффақият учун тўловдир. Балет артистларининг ижодий фаолияти қисқадир, бироқ шу давр мобайнида улар томошабинларни ўзига хос чиқишлари билан ўзларига ром қиладилар ва уларнинг самимий олқишларини мукофот сифатида оладилар – Тошкентда бўлиб ўтган икки кунлик концертлар сингари. 

Балет жамоамиз 90 нафар санъаткордан иборат бўлиб, улар ўртача 23-25 ёшларда. Бироқ бизда ягона бир артистимиз бор, Рудий Ходжоян, Россия халқ артисти, кўплаб орденлар ва медаллар соҳиби. У 75 ёшни қаршилаганига қарамай, Игорь Моисеев томонидан 1994 йилда айнан у учун қўйилган “Оила қувончлари” номи остидаги яҳудий рақслари жамламасида “Ота” партиясини жуда моҳирлик билан ижро этади. Рудий Ходжоян, шунингдек, ансамбль томонидан ижро этиладиган барча Шарқ ва Кавказ рақсларига жўрлик қилади. Бундан ташқари, у ансамблнинг кўзга кўринган чиқишларидан ҳисобланмиш аргентиналик подачилар рақси “Гаучо” бўйича устозлик ҳам қилади. 

Ҳақиқатдан, “Гаучо” рақси Игорь Моисеевнинг ноёб топилмаларидан бири бўлиб, у Тошкентдаги концерт дастурига киритилган, ундан ташқари “Лето” ёрқин рус рақси, “Сиртаки” романтик грек рақси, Қалмиқ рақси, жўшқин “Яблочко” рақси ва бошқалар ҳам дастурдан ўрин олган. 
Ҳар бир рақс ўзига хос, Игорь Моисеев томонидан саҳналаштирилган рақсларни эса қайта-қайта томоша қилгинг келаверади. Уларнинг барчасини ансамбль жамоаси таниқли мэтр ҳаётдан кўз юмганидан сўнг ҳам ардоқлаб, асраб келмоқда. 

“Биз Игорь Моисеев меросини бутунлигича сақлаб қолишга эришдик, устоз яратган барча анъана ва удумларни, Моисеев рақс мактабини. Бизнинг санъаткорларимиз бошқача бир ғайратга эга, улар томошабинларда катта қизиқиш уйғота оладилар. Ҳатто лоқайд томошабинлар ҳам бизнинг концертларда завққа тўладилар. Игорь Моисеев ансамбли 32 кишидан иборат кичик симфоник оркестрига ҳам эга. Барча мусиқий ишловлар айнан бизнинг оркестр учун ёзилган. Репертуардан Игорь Моисеев рус симфоник мусиқа бастакорлари Бородин, Мусоргский, Глинка, Римский-Корсаков томонидан яратилган мусиқаларга саҳналаштирган ноёб бир пардали балетлар ҳам ўрин олган”, дея айтиб ўтди Елена Александровна. 

 Ҳозирда ансамбль репертуарига 200 та рақс саҳналари киритилган. Еттита рақс ва битта мини спектакль – «Танго Del Plata» янгилардан. Танго Del Platа премьераси жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган. Уни аргентиналик хореограф Лаура Роатта саҳналаштирган. 
 Игорь Моисеев номидаги Россия давлат академик халқ рақси ансамбли концертларида доим бирор нарсани кашф этиш мумкин. Бунга ишониш қийин, ансамбль пойтахтимизда охирги маротаба бундан 36 йил аввал концерт берган! Бу сафар Игорь Моисеев балети Тошкентда хайрия концертларини қатор ҳомийлар кўмагида ўтказган ва Елена Александровна уларга ўзининг катта миннатдорчилигини изҳор этди. Томошабинлар ҳам ҳомийлардан миннатдор ва Игорь Моисеев балетининг келгуси концертларини интизорлик билан кутиб қолади. 

 “Биз Ўзбекистон маданиятини бутун дунёга тарғиб қиламиз. Репертуаримизда “Лаган билан рақс” ўзбек халқ рақси бор. Уни Игорь Моисеев 1937 йилда профессионал саҳнага олиб чиққан. Ҳозирда рақс катта муваффақиятга эришган. Бу йил Италияда ўзбек рақсини томоша қилган маҳаллий аҳоли уни тик туриб олқишлаган. Мен Тошкентнинг нақадар гўзал шаҳарга айланганидан тилим лол, бизнинг биринчи бора ташриф буюрган жамоа аъзолари ҳам. Шарқона меҳмондўстлик ҳар бир қадамда сезилиб турибди. Ансамблни Ўзбекистонга қайта олиб келиш менинг орзуим эди. «Газпромбанк» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Eriell Group Халқаро нефть соҳасида хизмат кўрсатувчи компаниясининг молиявий кўмаги эса бу орзунинг амалга ошишига замин яратди – бунинг учун уларга катта миннатдорчилик билдираман.” 
  
Ўзбекнефтгаз АЖ матбуот хизмати 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг