Толибон делегациясининг ташрифига ойдинлик киритилди

0
150
Манба: darakchi.uz

Телегерамдаги davletovuz каналида Толибон делегацияси билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар юзасидан мулоҳазалар билдирилди.

Бугун ижтимоий тармоқларда ва интернет нашрларида Мулла Абдулғани Бардар бошчилигидаги Толибонлар делегацияси Ўзбекистонга келгани ва Абдулазиз Камилов билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабарлар эълон қилинди. Шу муносабат билан айрим масалаларга ойдинлик киритиб ўтиш мақсадга мувофиқ:

Биринчидан, Ўзбекистон 2018 йилнинг март ойида Ўзбекистон ҳудудида тинчлик жараёнларининг исталган босқичида Афғонистон ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрлигини маълум қилган эди. Глобал миқёсда кечаётган афғонлараро мулоқотнинг навбатдагиси Самарқандда бўлиб ўтиши кутилаяпти. Бу мазкур учрашувга оддий тайёргарлик жараёни.

Иккинчидан, Ўзбекистонга Толибонлар вакилларининг келишига Афғонистон ҳукуматининг розилиги олинган. Яъни Ўзбекистон тутган йўлга кўра, музокаралар жараёни Афғонистон ҳукумати ва мухолифат вакилларининг фақатгина розилиги билан амалга оширилиши лозим. Бу мулоқот афғон ҳукуматини четлаб ўтказилаётгани йўқ.

Учинчидан, Ўзбекистон музокаралар жараёни ўта қалтис эканлигини ва осон бўлмаслигини теран англайди. Негаки, Ўзбекистон Афғонистон иқтисодий тикланишида фаол қатнашаётган бир шароитда, ўзаро курашаётган томонларнинг бирини ёмонотлиқ қилиш ёки уларнинг бирини қўллаш билан чекланиб қолса, мазкур мамлакатдаги инвестициямиз, техникамиз, истиқболли лойиҳаларимиз ва меҳнат кучимиз хавфсизлиги кафолатланмайди. Шунинг учун ҳам етти ўйлаб, бир кесишга ҳаракат қилади.

Тўртинчидан, Ўзбекистоннинг музокаралар жараёнидаги иштироки халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, ШҲТ, шунингдек, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланган. Шу нуқтаи назардан ҳам глобал музокаралар контекстида бу учрашувга қараш, фикр билдириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бешинчидан, Дональд Трамп маъмуриятининг 2020 йилга қадар Афғонистондан чиқиб кетиш ҳақидаги норасмий гап-сўзлари (гарчи биз халқаро тинчликпарвар кучлар қолиши кераклигини хоҳласак-да) музокаралар жараёнида амалий қадамлар ташланишига туртки бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам Ўзбекистон ён қўшниси бўлган Афғонистонда тинчлик қарор топишидан ҳар томонлама манфаатдор бўлиб қолаверади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг