Эркинжон Турдимов қарийб олти соат мурожаат қабул қилди

0
1112

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимовнинг навбатдаги сайёр қабули Самарқанд шаҳрида ўтказилди- дея хабар қилади ЎзА.

Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали академик лицейи ҳовлисида ўтказилган тадбир соат 9.00 да бошланиб, 14.30 гача давом этди.

Асосан Самарқанд шаҳри аҳолиси, шунингдек, вилоятнинг бошқа ҳудудларидан келган 300 нафарга яқин фуқаронинг ҳар бири вилоят раҳбарига “дарди”ни айтиб, масалага қонуний ечим сўради. Қабулда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, вилоят ташкилотлари ҳамда Самарқанд шаҳридаги сектор раҳбарлари ҳам ҳозир бўлгани туфайли ҳар бир мурожаат мутасаддилар иштирокида шу ернинг ўзида муҳокама этилди.

Фуқаролар асосан, коммунал хизмат, уй-жой, тадбиркорлик фаолияти учун ер ва кредит ажратиш, ишга жойлашиш, имтиёзли тиббий хизматдан фойдаланиш масалалари, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти бўйича мурожаат қилди.

– Вилоят ҳокимига ўзимиз яшаб турган кўп қаватли уй томини таъмирлаш, лифтни алмаштириш, йўлни созлаш бўйича мурожаат қилдим, – дейди Самарқанд шаҳар Саъди Шерозий маҳалласида яшовчи А.Очилов. – Ҳоким уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғини чақириб, ушбу масалаларга изоҳ сўради ва камчиликларни бир ҳафта муддатда бартараф этиш вазифасини қўйди. Бошқарма бошлиғи шу бугундан таъмирлаш ишлари бошланишини айтди. 

Албатта, ҳар бир фуқаро мурожаати ўзининг фойдасига, ижобий ечим топишини истайди. Лекин қабул давомида асоссиз, қонунга зид айрим масалалар юзасидан фуқароларга рад жавоб берилиб, мавжуд тартиб-қоида тушунтирилди. Хусусан, Оқдарё туманидан келган бир гуруҳ фуқароларнинг қишлоққа табиий газ етказиб бериш бўйича мурожаати рад этилиб, аҳолига суюлтирилган газ, ижтимоий соҳа объектларига кўмир етказиб берилиши тушунтирилди.

Ўрганиш талаб этадиган масалалар юзасидан аниқ муддат белгиланиб, сайёр қабулдаги мурожаатларнинг натижаси бир ҳафтадан сўнг мутасаддилардан сўралиши маълум қилинди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг