“Жалолиддин Мангуберди” филмини суратга олиш бўйича матбуот анжумани ўтказилди

0
1092

Ўзбекистон маданият вазирлигининг мажлислар залида турк режиссёри Меҳмет Бўздағ ва ўзбек киноижодкорлари билан “Жалолиддин Мангуберди” филмини суратга олишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди- дея хабарқилади Turon24.

Мазкур анжуманда маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ,“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков, республиканинг таниқли маданият ва санъат арбоблари, тарихчи олимлар иштирок этди.

Анжуманда сўз олган Меҳмет Бўздағ ўзбекистонликларни дунёнинг икки буюк обидаси – Самарқанд ва Бухоро эгалари сифатида ҳавас билан қайд этди.

“Ёшлигимдан бу ерга келиб кезишни орзу қилардим. Чунки ўзбекистонликларни Ҳусайн Бойқаро, Имом Мотирудийлар авлоди сифатида ниҳоятда қадрлайман. Барчамиз ҳам бундай залворли тарихга муносиб бўла олишимиз керак”, – деди у.

Шунингдек режиссёр Ўзбекистонда ҳам миллионлаб томошабинлар меҳрини қозонган “Эртуғрул” сериалини 2 миллиард киши томоша қилаётганини қайд этди.

Анжуманда “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров “Жалолиддин Мангуберди” тарихий филмини суратга олиш анча машаққат талаб этиши, шу боис мазкур лойиҳа устида катта гуруҳ иш олиб бориши режалаштирилганини айтди.

“Ҳар бир халқ ўз тарихини яхши билиши керак. Кино эса элларни бирлаштирадиган санъатдир. Ҳамкорлигимизда суратга олинадиган “Жалолиддин Мангуберди” филми ҳам тарихини севган, ардоқлаб келаётган турк-ўзбек миллатларини янада бирлаштириши шубҳасиз”, – деди Фурқат Зокиров.

Анжуманда турк филмларининг жаҳон киночилигидаги мавқеига ҳам алоҳида урғу берилди. Айни вақтда Туркия жаҳонга кино экспорти бўйича Америкадан кейин иккинчи ўринни эгаллаб келаётгани қайд этилди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев турк ва ўзбек санъати, адабиёти ўртасидаги муштаракликка алоҳида тўхталди.

“ХХ аср бошларида Абдурауф Фитрат каби жадид боболаримиз Туркияга бориб, Европа маданиятини ўрганишган. Кейин турк театрлари тажрибасини қўллаб, қанчадан-қанча маърифий ишларни амалга оширганлар. 1970 – 1980-йилларда Мақсуд Юнусов, Маҳкам Муҳаммедовлар Алишер Навоий, Улуғбек ҳақида олган видеофилмларнинг Туркияда намойиш этилгани ҳам бу икки мамлакат ўртасидаги ёдда қоларли дўстлик намунаси бўлган эди. Бугунги кунда эса Осиё филмлари фестивалида 75 йил олдин ўзбек киноижодкорлари суратга олган «Тоҳир ва Зуҳра» филми танлаб олингани киночиликда тарихий филмларга нисбатан объектив ёндашувнинг яна бир намунаси бўлди”, – деди у.

Анжуманда Ўзбекистонда суратга олинган “Исломхўжа” тарихий-ҳужжатли филми намойиш этилди.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг