Президентга неча кун меҳнат таътили берилади?

0
280
Манба: www.currenttime.tv

Кўпчиликка қизиқ, Президент неча кун меҳнат таътилига чиқиши мумкин? У меҳнат таътилига чиққанда унинг вазифаларини ким бажариб туради? Келинг, шу ва шу каби бошқа масалалар ҳақида гаплашсак.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига биноан, Президентга муддати 36 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади.

Президент меҳнат таътилига чиққанда унинг вазифалари кимнингдир зиммасига юкланиши ҳақида қонунчиликда бирорта қоидага кўзим тушмаган. Менимча, бундай қоида йўқ ва бу тўғри. Чунки Президент халқ томонидан сайланган олий ваколатларга эга шахс ҳисобланади, унинг вазифаларини вақтинча халқ сайламаган шахсга берилиши жоиз эмас.

Фақат Конституциямизнинг 96-моддасида биргина қоида бор, амалдаги Президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати Раисининг зиммасига юклатилади. Бунда асосий шарт – 3 ой ичида навбатдан ташқари сайлов ўтказилиши керак. «Ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолат»га айнан нималар киришига изоҳ берилмаган, лекин меҳнат таътили бунга кирмаслиги аниқ.

Олинган маълумотларга кўра, Шавкат Мирзиёев 14 йил Бош вазир, қарийб 3 йил Президент лавозимидаги фаолияти давомида илк бор меҳнат таътилига чиқибди.

Давлат раҳбарининг меҳнат таътилига чиққанлиги тўғрисидаги 2 қаторли кичкина хабар тўрт жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга:

Биринчидан, бу Президент матбуот хизмати учун янгилик. Мустақил Ўзбекистон тарихида ҳали бирор марта бу ҳақида маълумот берилмаган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг меҳнат таътилига чиққанлиги тўғрисида, адашмасам, қизи Лола Тиллаева-Каримованинг бир постида ўқигандим. Аммо бу ҳақида ҳеч қачон матбуотга хабар берилмаган. Демак, матбуот учун бериладиган очиқ хабарлар йўналиши яна биттага бойиди.

Иккинчидан, 2017 йилда Президент томонидан Ҳукумат вакилллари ҳамда раҳбарлар учун 2 йилга фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди. Бугунги хабар ўз-ўзидан ушбу фавқулодда ҳолат якунлангани ва иш тартибида хотиржам бўлиш мумкинлигига ишорадир.

Учинчидан, бизда йиллар давомида меҳнат таътилига чиқмасдан ишлаш ўзига хос «анъана» тусига кирган. Айниқса раҳбарлар орасида. Уларнинг меҳнат таътилига чиқиши, худдики ишдан қочиш ёки дангасалик сифатида қаралишидан хавотир олишади. Аммо албатта бу меҳнат қонунчилиги бўйича маъқулланмайдиган «анъана».

Президентнинг меҳнат таътилига чиққанлиги ҳақидаги хабар шуниси билан ижобийки, бу қуйи бўғин раҳбарларига яна бир ўзига хос сигнал вазифасини ўтайди. Демак, қолган раҳбарлар ҳам меҳнат таътилига чиқиши мумкин, бу уятли иш эмас, ёхуд ўша раҳбарсиз бутун тизим тақа-тақ тўхтаб, ишлар орқага кетиб қолмайди.

Барча ходим, у қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар, қонунчиликда белгиланган меҳнат таътилини олиши керак. Яхши дам – меҳнатга ҳамдам, дейишмаган бежизга.

Сўнгги 3 йилликда меҳнат қонунчилигига оид бу каби сигналлар кўп бора берилди. Якшанба куни ишга чиқмаслик, шанба куни вақтлироқ кетиш, эрта тонг ёки ярим кечаси мажлислар қилмаслик ва ҳ.к. Гарчи аҳвол яхшиланган бўлса-да, аммо минг афсуски ҳали амалиётда бунга тўла риоя қилинмоқда, дея олмаймиз. Ўша-ўша мажлисбозликни давом эттираётганлар ҳам йўқ эмас. Лекин энг муҳими бу гапларнинг энг юқори даражада айтилаётгани, турли сигналлар берилаётгани. Қолганини вақт ўтиши билан изга тушиб кетишидан умидвормиз.

Тўртинчидан, Президентнинг меҳнат таътилига чиққанлиги тўғрисидаги хабар Туркманистон Президенти билан бўлган ҳодисага ўхшаш воқеаларнинг олдини олиш учун ҳам берилди. Яъни маълум муддат матбуотда чиқиш қилмаслик ортидан турли миш-мишлар пайдо бўлиши мумкин эди.

Ҳар не бўлганда ҳам, Шавкат Мирзиёевга мароқли дам тилаймиз. Меҳнат таътили самарали ўтишига тилакдошмиз.

 

Муаллиф: Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев

 Манба

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг