Исломда шахсий мулк ва инсон қадри

0
346
Манба: islam.ru

Ушбу ривоят айни пайтда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалишга улгурди. Унда кўрсатилган масала бугун кунимизда содир бўлаётган воқелик билан бевосита боғлиқ бўлгани туфайли маълумот сифатида хизмат қилар деган мақсадда уни қайта эълон қилишни лозим топдик.

Халифа Умар ибн Хаттоб даврида мусулмонлар сонининг ортиши сабабли, Росулуллоҳнинг масжидларини кенгайтиришга тўғри келди. Бунинг учун масжид атрофидаги ер ва уйларни эгаларидан сотиб олиш керак эди. Масжидга қўшни хонадон соҳибларига бу таклиф маъқул келди.

Бироқ биргина киши бунга рози бўлмади. Бу – Росулуллоҳнинг амакилари Аббос эди.

У уйини сотишга рози бўлавермагач, халифа Умар унга таклиф билан чиқди:

–Эй Аббос, биз мусулмонлар учун масжид ҳудудини кенгайтирмоқчимиз, агар уйинг учун тўланаётган маблағ камлик қилса, уни кўпайтиришимиз мумкин,–деди.

–Бу ерлар менга тегишли, уни қанча пул берсанг ҳам сотмайман,–деди у.
Халифа чуқур ўйга толди. Қозига мурожаат этишга қарор қилди. Ўша даврда Мадинада фиқҳ илмини яхши билган, адолатли Убай ибн Каъб қозилик қиларди.

Халифа ва Аббос қозининг ҳузурига келдилар. Умар гап бошлади:

–Мен давлат раҳбари сифатида, мусулмонларга яхшилик истаб, катта пул эвазига Аббоснинг уйини масжидни кенгайтириш учун сотиб олмоқчиман. Лекин у бунга рози бўлмаяпти.

–Бу ерлар менинг мулким, уни сотишни хоҳламайман,–деди Аббос.

Ҳар икки томонни тинглаган қози қарорини эълон қилди: «Бировга тегишли бўлган ерни бошқа биров куч билан тортиб ололмайди, ҳатто бу мусулмонларнинг манфаати учун бўлса ҳам. Аббоснинг мулки ўзида қолади. Халифа ҳам ерни сотишга мажбур қилишга ҳаққи йўқ,» дея ҳукм қилди.

Халифа индамай қайтиб кета бошлади. Шу пайт Аббос қозига:

—Эй Убай, чиқарган ҳукминг кучига кирдими?—деди.

—Ҳа, албатта, ҳеч ким сенинг мулкингни куч билан тортиб ололмайди. Ҳукм кучга кирди.

Бу гапларни эшитган Аббос йиғилганларга қарата:

—Эй халойиқ! Мени эшитинг. Бугундан бошлаб масжид атрофидаги уйим ва еримни масжид учун ҳадя қилдим,—деди.

Таажжубга тушган Убай ибн Каъб:

—Эй Аббос, ҳозиргина уйингни сотишдан бош тортаётган эдинг, энди эса уни текинга бериб юборяпсан, нима бўлди?—деди.

—Мен бу ишимни инсоннинг қадри Исломда қанчалар улуғ эканини исботлаш учун қилдим, – деб жавоб берди Аббос…

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг