Қотил “намозхон” эмишми?! Жиноятчининг шаръий никоҳи ҳам бормиш!

0
1052

Ўтган ҳафта «uz24» ва «mahalladosh» онлайн нашрлари жуда ҳаддидан ошган эди. Эмишки, хавфли қотил суд залида намозхон эканлигини иддао қилибди. uz24.uz сайти қотилнинг намозхон эканлигига урғу бериб хабар тайёрлади. mahalladosh.uz сайтида эса бу хабар “Ўзим намозхонман” сарлавҳаси остида берилди. Ваҳоланки иддао килинаётган диндорликнинг хабардаги жиноятга умуман алоқаси йўқ экан. Энди эса «Daryo» қилган иш ўлганнинг устига тепган бўлди. Булар ҳаммаси келишиб олганми?

Ҳеч биримизнинг ёдимиздан кўтарилмаган бўлса керак, эл таниган, турли мукофотларни қўлга киритган, халқ ардоғидаги имомларимиздан бири ўз масжидида ибодат учун йиғилган жамоатни яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш учун жума маърузасида “намозхон, бенамоз” каби сўзлардан фойдалангани сабаб маломатлар остида қолиб, расмий нашрларда тошбўрон қилиб юборилган эди.

Мана бугун ҳам шунга ўхшаш манзарага гувоҳ бўлиб турибмиз. Фақат бу сафар нодавлат нашрлар масжид аҳлига эмас, балки кенг омма олдида ишлатилиши бироз мулоҳазали деб кўриладиган терминлар (намозхон, шаръий никоҳ ва ҳ.к.) билан истеъмол учун хабар тайёрлашяпти. Бўлиб ҳам, оддий хабар эмас, балки исломофобия аломатлари сезилиб турган хабар тарқатмоқдалар. Бундай хабарлар “мамлакатимиздаги кўп сонли мусулмонларнинг қадр-қимматини поймол қилиши, халқ орасида норозилик кайфияти уйғотиши ва алалоқибат жамиятда тартибсизликка сабаб бўлиши мумкин”. Шундай эмасми?

Инсоф билан қаралса ҳам, бундай хабарлар эътиқодли мусулмонларга нисбатан нафрат уйғотишга қаратилгани кундек равшан. Акс ҳолда бутун бошли жиноят тафсилотлари қолиб, қотил судда айтган иддао билан сарлавҳа ёзилган бўлармиди? Шаръий никоҳнинг жиноятга нима алоқаси бор? Масалан, ён-атрофимда мен таниган мусулмон одам борки, ҳаммаси ФҲДЁдан сўнг, албатта шаръий никоҳдан ўтади. Ҳатто юртимиздаги ўрислар ҳам ўз шариати бўйича никоҳланади.

Ҳеч биримиз унутмаслигимиз керак, эркин фикрлаш ва нафрат уйғотувчи, бузғунчилик кайфиятидаги нутқ ўртасида аниқ-тиниқ чегаралар бор. Улар қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Кейин айтганча, халқ орасида фақат блогерлар эмас, онлайн нашрлар ҳам норозилик кайфияти уйғота олади! Улар ўтказган таъсирнинг кўлами ҳам кенг бўлади…

Шундай экан, тегишли ташкилотлар, хусусан, Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита ёхуд Ўзбекистон мусулмонлари идораси каби мусулмонларнинг хоҳиш-истакларини ифода этувчи ташкилотлар бундай хабарларга ўз муносабатини билдириши ва қонунбузарлик аниқланган тақдирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан зарур чоралар кўрилиши керак.

Шаҳар бедарвоза эмас-ку, тўғрими, ҳамма хоҳлаган ишини қилаверадиган. Давлат бор, қонун бор, тартиб бор.

муаллиф: Жавоҳир Иззатулаев

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг