Миллатларга мансубликни суриштирувчиларга жавобимиз

0
259
Манба: womanadvice.ru

Ассисмиляция жараёнлари ҳақида ижтимоий тармоқларда кўп маротаба мунозаралар бўлиб туради.

Илгариги замонларда, бугун бизнинг онгимизга ўтириб қолгани каби чегаралар бўлмаган ва уруғ-қабила, турли этнослар бир жойдан иккинчи жойга бемалол кўчиб юришган.

Масалан, ҳатто Сицилияда Бухоро қишлоғи борлиги, аждодларимиз Мисрда катта давлатлар қургани, Хитой, Россия, Украина, қўйингки катта-катта ҳудудларда яшаганлари ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Ҳатто Марафон жангида ҳам Турон аскарлари бўлган.

Инглиз қироличасининг аждодлари ҳам Муҳаммад с.а.в.га бориб тақаларкан.

Бугунги болгар халқининг аждодлари ҳам прототурклар эканлиги илмий исботини топган.

«Половцы» деб аталган халқ бу турклардир. Россиянинг қарийб 80 фоиз ҳудудлари ҳам туркларнинг асл ватанидир.

Болтиқбўйидаги олимлар ҳам буни тан олдилар. Улар ҳам аслан тукрларнинг аждодларидирлар.

Бу ерда ҳатто юнон-македонларнинг излари бор.

Ўртада жойлашганимиз туфайли бу ердан кўпчиликнинг ўтишига ва яшаб қолишига тўғри келган. Шундай бўлса-да, маҳаллий халққа аралашиб кетаверган. Чунки, бу ерда ўқ илдизлар ўтроқ ва ярим ўтроқларда кучли бўлиб, ҳамма ажнабийлар буларга кўникишга ва ерли аҳолининг менталитетига мослашишига тўғри келган.

Бу ерда ўзбекларнинг минг йилликларга тенг маданияти ва тамаддуни шаклланган.

Ассимиляция босқичларида форслар, арабларнинг кўчиши ҳам анча кучайган. Лекин юртимизга келган минглаб араблар бугун ўзбеклашиб кетган. Қаерда илдиз кучли бўлса, миллат ва халқлар ана шу ердан сув ичадилар.

Чингизхонга келсак, у айнан ўзбекларнинггина эмас, балки бутун турк халқларининг қариндошидир. Табиий-географик шароитлар сабабли улар цивилизациядан анча ортда қолган. Чўл ҳудудида яшагани учун ҳам мўғуллар кўчишга мойил ва хавф-хатарлар туфайли жанговар бўлган. Ўша пайтларда ҳам қабилалар ўзаро бир-бирларининг ерларини босиб олаверган.

Қолаверса, уларнинг тилида маълум фарқлар ҳам бўлган, аммо татар тили нисбатан ўзбек тилига ҳам яқиндир. Чингизхон армиясида Ўрта Осиё ва уйғур аскарлари кўпчиликни ташкил этгани маълум ва унинг барча кейинги юришларида бу аскарлар қатнашишган ва уруш тугагач, ўша ерларда ҳам муқим яшаб қолаверишган, истагани кўчиб юраверган.

Ассимиляция жараёнига ўша ердаги этносоциал ва этнолингвистик, маънавий-мафкуравий омиллар катта таъсир кўрсатади.

Агар суриштирув ишлари давом этаверса Америка, Европа, Россия, умуман Евроосиё тарихларини ҳам суриштириш керак. Шунда жуда кўп ҳақиқатлар очилиб кетади.

Нимага АҚШга у ернинг асл эгалари улар, булар демайсизлар-да, қарийб 650-700 йилги воқеаларни суриштиришга тушиб кетасизлар?

Амир Темур мўғулча сўзлашмагани аниқ. Унинг боболари қарийб, у туғилмасидан 100 йил олдин ҳозриги Қашқадарё ҳудудларига кўчиб келган ва бу ерда ўтроқлашиб, маҳаллий халқ маданиятини қабул қилган. Қолаверса унинг онаси Текина хотун насл-насабига кўра Қорахонийларнинг асл ҳумкдор оиласига мансуб бўлган. Амир Темур айнан Мўғулистон учун эмас, мана шу киндик қони тўкилган юрти учун хизмат қилди.

Ассимиляциялар ва уларнинг этнос ва миллатларга таъсири ҳақида тинмай гапирамиз ва яна «мўғул» деб тураверасизлар. Қачонгача ҳадеб бир гапни изоҳлаш мумкин?!

Мустақиллик даврида АҚШга кўчиб кетганларнинг аксарият болалари ўзбекчани яхши гапира олмайди. Холбуки, ҳали АҚШга кетганига энди 25-30 йил бўляпти. Янги муҳит ва янги этносоциал муносабатлар уларга ўзининг кучли таъсирини кўрсатди. Улар шу шароитга мослашишга мажбур, чунки ўша ернинг қоидалари асосида яшашларига тўғри келади. Бу қайсидир маънода яшаш учун кураш ҳамдир. Улар жамиятга эмас, жамият уларга таъсир кўрсатган. Бу ассимиляциянинг муҳим қонуни!

Россиянинг бепоён ҳудудларида яшаган шунча турклар нимага бугун асосан рус тилида гапириб маданияти ҳам трансформацияга учраган? «Сибир Бухорийлари» мақоласини ўқиган бўлсангиз керак. У ерга минглаб ўзбекларнинг аждодлари савдо-сотиқ ва диний тарғибот учун бориб яшаб қолишган. Афсуски, уларнинг авлодлари ана шу анъаналарини унутиб, аралашиб кетдилар. Уларни қандай ажратиб, таниб оламиз?Бунга сиёсат ҳам катта таъсир кўрсатади.

Муаллиф: Тарихчи, хуқушунос. Тарих фанлари доктори Шоҳиста Ўлжаева

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг