Хайрли ишларни қўллаб-қувватлаш ўрнига нималар қилаяпмиз?!

2
432
Манба: www.facebook.com

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қамоқхоналарда айбли ё айбсиз ётган инсонларнинг озодликка чиқарилиши, ўтган ҳафтада 156 нафар аёллар ва болаларнинг Яқин Шарқдан ватанимизга қайтарилиши кимларгадир ёқмаётган ўхшайди.

Шу ўринда, бир неча саволлар туғилади: Нима қилиш керак? Қамалган қамалиб ётавериши, бегона юртларда юрганлар юравериши керакми? Шунда жамият жипслашадими? Шунда миллий бирлик бўладими?

Президентимиз жамиятда муҳим ўзгаришларни амалга ошираяпти. Мутлақ кўпчилик бу ўзгаришларни эътироф ҳам этаяпти.

Узоқ йиллар давомида жамиятимизда ўзбошимчалик ҳукм сурди. Ижтимоий адолат издан чиқди. Судларда айблов эълон қилинган инсон борки, албатта қамоқ жазосини татиб кўрди. Юртимизда судланган одам борки, порахўр прокурорлар, судялар, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган адвокатларга таланди.

Одамлар бир-бирларни сотди, қаматди. Социофобия ривожланиб, одамлар бирон ишга қўл уришга қўрқиб қолди. Фирма очган “мошенник”, намоз ўқиган “ваҳҳобий”, ҳаққини талаб қилган “иғвогар”, боласини боқиш учун четга кетганлар “ватанфураш” аталди. Аммо дипломли юрист, адолат посбонлари пора олса ҳеч ким айбламади. Депутатлар халққа фойдаси тегмайдиган қонунларни тасдиқлаб берса, айбдор бўлмади.

Минглаб виждонли ва иймонли олимлар талаба қўлидан пора олмаслик учун олийгоҳларни ташлаб кетди. Ўрнига юзсиз порахўрлар келди. Таълим издан чиқди. Олийгоҳга кириш нархи осмон бўлди. Битириб чиқаётганларнинг билими ва обрўси эса итнинг думидан бир қарич паст бўлди.

Ишсизлар сони кўпайди. Меҳнат вазирлиги иш ўрнини фақат ҳисоботларда яратди. Четга кетиш, Корея мисолида кўрсак, фалон минг доллар бўлди. Ҳукумат одами одам сотиб бойиди. Кореяга кетишга пули йўқлар Россия ва Қозоғистонга кетди. Эркаклар мардикор, аёллар фоҳиша бўлди. Элни талаб ўрганганлар эса четда ҳам уларни тинч қўймади. Бутун дунё устимиздан кулди. Ҳукумат одамлари ҳам буни тузатиш ўрнига уларга қўшилиб кулди.

Давлат мулки ишониб топширилган молиячилар бебурд пудратчиларга бюджет маблағларни сотди. Ҳар пудратчидан “откат” олиб бойиди. Оддий давлат хизматчисининг эса бир ой ишлаб топган ойлиги, мукофот пулини, сафар харажатини “қулоғига ўлчаб” берди. Ташкилотлар бир штат очса аввал молиячининг оғзини мойлади. Ҳалол давлат хизматчилари кетиб, уларнинг ўрнини “олди-берди”ни уддалайдиган юзсиз ва паскаш раҳбарлар эгаллади.

Жамиятимизда синфлар шаклланди. Бир-бирини ёқтирмайдиган бойлар, камбағаллар, амалдорлар ва йўқсиллар пайдо бўлди. Ҳатто иймонли намозхонлар ҳам бир-бирини сотадиган, бир-бирини қаматадиган замон бўлди. Кимки икки юзламачи бўлса яхши яшади.

Бир раҳбарча йигит намоз ўқиб юрарди. Ўзининг айтишича прокурор чақириб “намоз ўқийсанми?” деб сўраганмиш. “Ўлай агар ўқимайман” деб қасам ичиб қутулганмиш. Унга чўчқа гўштини еб кўрсат, деса еб кўрсатади. Шундай каслар раҳбар бўлди. Ўз сўзидан қайтмайдиганлар қамалиб кетди.

Ислом дини ёмон отлиқ қилинди. Дин олимлари фитнага учраб, иккиюзламачи ва қўрқоқ муллаларга кун туғди. Жамиятда исломофобия юзага келди.

Одамлар раҳбарга, суд-ҳуқуқ тизимига, дин пешволарига ҳам ишончини йўқотди. Бу йўқотишлар жам бўлиб эса футурофобияни келтириб чиқарди. Одамларда келажакка ишончсизлик пайдо бўлди. Мана нега одамлар четга кетиб қолди?!

Бугун шу аҳволимизни кўриб, ислоҳотлар қилаётган, жамиятни бирлаштириш учун уринаётган Президентни айблаш паскашлик эмасми?!

Президент фақат диний айблов билан айбланганларнигини эмас, элни талаган юз минглаб порахўрларни, бюджетни талаган талончи “откат”чиларни ҳам кечириб турибди. Фақат энди ўзингни тузат, миллат учун ишла, деяпти.

Ўзини 33 миллион аҳоли учун, ўзини жавобгар ҳис қилиб турибди. Шу 33 миллион ичида Сурияда юрган жангарилар, Россияда юрган мардикорлар, Дубайда юрган фоҳишалар ҳам бор.

Бирлик йўқолган жамиятда социализацияни амалга ошириш осон иш эмас. Аммо Президент халқ учун ишлаяпти. Ҳар бир шахснинг жамиятда муносиб ўрнини топиши учун шароит яратишга уринаяпти.

Четта юрган ҳар бир фоҳиша халқимиз учун иснод. Ҳар бир мардикор номус. Уларни тузатиш ва бу иллатни тугатиш учун эса аввало Ватанда иш ўринларини яратиш, сўнг уларни қайтариш керак.

Эътибор беринг, Президент энг чекка қишлоқнинг чекка уйларига ҳам ўзи кириб бораяпти. Оддий одамларнинг тазиясига бориб, тазия билдираяпти. Вазирлар, хокимларни ҳам халқ билан ишлашга ўргатаяпти. Кеча кабинетига кирсанг тиззанг қалтирайдиган прокурорлар бугун тадбиркорга ёрдам бераяпти.

Қўшни республикалар билан алоқалар тикланди. Мажбурий меҳнат таъқиқланди. Ислоҳотларни санасанг охирига етмайсан. Аммо кимлардир буни кўришни истамаяпти.

Фейсбук тармоғидаги блоггерларнинг танқидий чиқишлари яхши. Аммо ҳайирли ишларни ҳам “қора фон”да айлантириш яхши эмас.

Ўзимиздан авлиё ясаб олмайлик. Ҳаммамиз гуноҳкормиз. Суриядан келтирилганлар ҳам, қамоқдан чиқаётганлар ҳам Ўзбекистон фуқаролари, Яратганнинг бандалари. Яхшиси уларнинг уйига бориб хурсандчилигига шерик бўлинг!

Зулмга қарши туришни билган киши, хайрли ишларни қўллаб-қувватлашни ҳам билиши керак!

Муаллиф: Анвар Буронов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

2 Фикрлар

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг