Мусо ва Шуъайб алайҳиссаломлар қиссаси

0
5745

Қуръони Кариймда, «Қасос» сурасининг 23-28 оятларида Мусо алайҳиссалом, Шуъайб алайҳиссалом ва Шуъайб алайҳиссаломнинг икки қизи билан кечган ибратли воқеа қуйида ҳикоя қилинади.

У (Мусо алайҳиссалом) Мадян сувига етгач, (ҳайвонларини) суғораётган одамларга дуч келди. Ва улардан бошқа яна икки аёл (сувга яқин бормаслик учун ҳайвонларини) қайтариб турганини кўрди. Мусо уларга деди: «Дардингиз нима?» (яъни, ҳайвонларингизни сувга олиб бориб суғоришдан сизни нима тўсиб турибди?). У икки қиз шундай деди: «У чўпонлар тарқалмагунча суғора олмаймиз, отамиз эса анча кексайиб қолган». (Яъни, чўпонлар эркак кишилар бўлгани учун, у икки қиз, ўша эркак кишиларга аралашиб, суғоришдан ҳаё қилишини, фақат эркак чўпонлар кетгачгина, улардан қолган сув билан чорваларини суғоришини, оталарининг ўзи келиб суғорай деса анча кексайиб, бундай ишга қодир бўлмай қолгани хақида айтадилар).

Сўнгра, (Мусо алайҳиссалом) уларнинг қўйларини суғориб берди, кейин соя жойга бориб ўтирди ва «Эй Роббим, менга бирор- бир ҳайр юборишингга муҳтожман» деди.

Ва бу орада ҳалиги икки қиздан бири ҳаё билан (яъни ҳижобда, сатр авратли ҳолда, уяла-уяла) Мусони олдига келиб, «Отам бизга (ҳайвонларимизни) суғориб берганингиз учун буни ҳаққини бериш ниятида сизни чақиряптилар» деди. (Яъни, у икки қиз, ҳайвонлари (Мусо алайҳиссалом томонидан) суғорилгач уйларига қайтганларида, оталари (Шуъайб алайҳиссалом) уларнинг одатдагидан кўра тез қайтиб келишганлигини кўриб, нега бунча тез қайтишганлиги сабабини сўрайди. Чунки, одатда қизлари чўпонларнинг тарқалишини кутиб, кейин қўйларини суғориб уйга қайтгунларича кўпроқ вақт кетар эди. Ва қизлари бўлган воқеани айтиб беришгач, Шуъайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломни уйларига чақириб келишни айтади).

(Мусо алайҳиссалом) келди ва (Шуъайб алайҳиссаломга) бўлган воқеаларни айтиб берди (ҳикоя қилиб берган, ушбу бўлган воқеаларни билиш учун «Қасос» сурасининг 23-оятдан аввал келган оятлари тафсирига қаранг). (Ва Шуъайб алайҳиссалом) «Қўрқма, золим қавмдан нажот топдинг» (Яъни, бу ерларда золимлар сенга зулм қилолмайди) дедилар.

Қизлардан бири: «Эй отажоним, бу кишини ижарага (чўпонликка ишга) олинг. Ижарага олиш учун қувватли ва ишончли энг яхши кишидир» деди. (Шунда Шуъайб алайҳиссалом қизига: «Қувватли ва ишончли эканини сен қаердан билдинг?» деди. Қизи жавобан: «У киши ҳайвонларни суғориш учун 10 киши базўр кўтара оладиган тошни кўтариб, оғзи ёпилиб қолган қудуқни очди (шунинг учун қувватли) ва чақириб келаётганимда, менга кўзи тушмаслиги учун ўзини ортидан юришини ва йўл кўрсатишимни айтди» деди).

(Шуъайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга) дедики: «Саккиз йил ишлаб беришинг эвазига шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб беришни истайман. Агар ўн йил ишлаб берсанг, бу сендан (бир лутф бўлади), (аммо бу қўшимча икки йил ихтиёрий ва) сенга бир машаққат бўлишини истамайман. Иншааллоҳ, мени (ваъдасига вафо қилувчи) солиҳ кишилардан топасан».

(Мусо алайҳиссалом): «Бу мен билан сизнинг орангизда (келишувдир). Бу икки муддатдан қайси бирини тамомласам ҳам менга бошқа ҳусумат йўқ. Бу сўзларимизга Аллоҳ вакилдир», деди.

(Бу воқеа «Қасос» номли суранинг 23-28 оятларида келган ривоятлар эди. Ва шундан сўнг, Мусо алайҳиссалом келишилган муддатини тамомлаб, аҳли аёлини олиб, Мадяндан Мисрга қараб кетадилар. Воқеани давомини билиш учун кейинги оятларни тафсирларига қаранг.)

Бу қиссада бир неча ибратли ҳолатларни кузатиш мумкин.

Биринчидан, қизларнинг номаҳрам эркакларга аралашмасдан, уларни тарқалишини кутишгани, аёлларга ҳос бўлган нақадар гўзал одоб, ахлоқ, ибо намунасини бу ҳаёли қизлар мисолида кўриш мумкин!

Иккинчидан, қизларнинг бир мушкули борлигини фаҳмлаган Мусо алайҳиссаломнинг эркакларга ҳос тарзда, уларга ёрдам берганлигидан ибрат олиш мумкин.

Учинчидан, яхшиликка, яхшилик билан жавоб қайтариш намунасини кўрсатган Шуъайб алайҳиссаломнинг Мусо алайҳиссаломни ўз ҳузурига чақиртирган холатида кўриш мумкин.

Тўртинчидан, Мусо алайҳиссаломни чақириш учун келган қизнинг, номаҳрамдан қилган ҳаёси битта ибрат бўлса, Мусо алайҳиссаломнинг эса ўша қиз билан Шуъайб алайҳиссаломнинг ёнига келишида, қизга кўзи тушмаслиги учун ўзини ортидан юришни сўраганлиги холатида иккинчи ибратли холатни кўриш мумкин.

Бешинчидан, қизлардан оталарига бўлган таклиф, яъни Мусо алайҳиссаломни ишга олиш таклифини бериш одобини кўриш мумкин.

Олтинчидан, Шуъайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломни куёв қилишни истагани ва бу билан Шуъайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломнинг бир қийинчилик вазиятида унга юпанч бўлган холатидаги ибрат.

Еттинчидан, икки киши ваъдалашганда, албатта, Аллоҳ таъло уларнинг ваъдасига вакил, гувоҳ бўлиб турганини таъкидлаш ибратидир.

Мана шу 6 оятнинг ўзида яна биз билган ва билмаган қанча ибрат, ҳикмат ва дарслар бор.

Аллоҳ таъло барчамизга Ўз каломини ўрганиб, унга гўзал амал қилмоқлигимизни насиб этсин!

Majiddin Ibrohim томонидан тайёрланди.

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг