Жакартада «Ўзбекистонга хуш келибсиз!» номли анжуман бўлиб ўтмоқда.

0
1339
Манба: facebook.com

Ўзбекистонни танитишда бу анжуманнинг ўрни катта. Вазир ўринбосари ва элчи қатнашаётган бу йиғин яхши ташкил этилган. Индонезияликларнинг мамлакатамизга қизиқиши ўта катталигига гувоҳ бўлдим.

Аммо туризм соҳасига озгина кирган киши сифатида айта оламанки, биздаги ҳозирги имконият ва шароит бунча катта қизиқиш ва талабни кўтара олмайди.

Бизда бор нарса, бу сайёҳлик маконлари. Бўлганда ҳам ўта бой ва қизиқарли.

Аммо хизмат кўрсатиш ва шароитлар ўта ёмон (бошқа мамлакатлардаги турдош ишларни кўриб айтяпман). Туристларни ўзига тортаётган жойлардаги шароитлар эса кўпчиликка маълум.

Ўзим гувоҳ бўлаётган анжуман яхши ўтяпти, дедим. Лекин унинг иши яхши ташкил қилинмаган.

Делегация аъзолари анжуман иши билан қониқарли таништирилмаган, бинобарин туристик фирмалар ўзаро ҳамкорлик музокараларига тайёр бўлмаган ҳолда келишган (масалан, кўргазмали қуроллар кам, конкрет таклифлар йўқ, кўпчилик вакиллар ажнабий тилларни билмайди).

Сафар кун тартибига амал қилинмади, яъни ташкилотчилик мукаммал эмас. Бундан бошқа ҳам камчиликлар бор, аммо мақсад танқид бўлмагани учун чўзилиб ўтирмайман.

Нима бўлганда ҳам, булар биринчи қадамлар. Ҳаммаси яхши бўлади. Лекин тезроқ ҳаракат қилишимиз керак. Чунки биринчи таассурот кўп нарсани ҳал қилиб қўяди.

P.S. Инглиз тилида бўлаётган маърузада имом Бухорий, Термизий, Мотуридий каби улуғлар номлари тез-тез зикр қилиняпти. Ўлиги ҳам бизни боқаётган (!) аждодларимиз номларидан фақат қорин тўйғазишни ўйлайвермай, меросларини ўқиб-ўрганиб ва амал қилиб онг ва қалбларимизни тўйинтиришга ҳам йўл очишимиз керак.

Бўлмаса, аждодлар иши олдида ҳам, ажнабийлар олдида ҳам уятга қоламиз!

 

Муаллиф: Мубашшир Аҳмад

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг