Грузиядан келтирилган мандаринда зарарли организмлар аниқланди

0
1597

2018-йилнинг 28-декабрь куни Грузия давлатидан келтирилган 20,2 тонна мандарин махсулотида Япония чўпсимон қалқондори билан сариқ (pomerans)қалқондори аниқланди ва жорий йилнинг 4 январь куни мазкур маҳсулот инспекциянинг фумигаторлари томонидан зарарсизлантирилди. Мазкур аниқланган ҳолат юзасидан Грузия давлатига эътирознома жўнатилди. Бу хақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси томонидан хабар берилмоқда.

Япон таёқчасимон қалқондори (Leucaspis japonica Ckll)

Зарари. Бу ҳашарот кўпгина мева дарахтларига (олма, беҳи, нок, данакли мева дарахтлари, цитрус ўсимликлари, хурмо, анжир ва бошқалар) ҳамда манзарали дарахтлар ва буталар (магнолия, сирен, атиргул, заранг дарахти, терак ва ҳоказо)га зарар етказади. Япон таёқчасимон қалқондори баргларни сўлитиб тўкиб юборади, новдаларни ва шохларни қуритади, баъзан эса бутун-бутун дарахт ва буталарни нобуд қилади. Қалқондор тушган мевалар доғлари борлиги учун яроқсиз ҳисобланади.

Тарқалиши. Япония, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Эрон, Корея, Покистон, Калифорнияда учрайди. Владивостокда, Кавказнинг қора денгиз соҳилидаги Батуми, Кобулети ва Поти туманларида тарқалган жойлари бор.

Таърифи. Урғочисининг қалқони чўзиқ бўлиб, бош томонидан орқа томонига қараб секин-аста кенгая боради, узунасига кетган ва оч кул ранг-оқ тусли қирраси бор. Қалқоннинг узунлиги 1,5-2 мм. Эркаги майдароқ бўлиб, бир жуфт қаноти бор, қорнининг учи ўткирланган.

Тухуми жуда майда, оч гунафша тусли.

Ҳаёт кечириши. Бу зараркунанда бир жойдан иккинчи жойга асосан кўчат билан, шунингдек мева ва хазон билан тарқалади.

Қалқондор дарахт ва буталарнинг тана ва шохларида икки ёшдаги личинкалик стадиясида қишлайди; совуққа жуда чидамли. Кўкламда личинкалар жуда секин ўсади, вояга этган дастлабки ҳашаротлар май охирида чиқади. Қалқондорнинг эркаги урғочисидан икки марта камроқ бўлади. Ҳашарот жуфтлашмасдан, партеногенез йўли билан кўпая олади. Май охирида тухум қўя бошлайди; тухум қўйиши деярли икки ойга чўзилади.

Урғочи қалқондор умрида 50 тача тухум қўяди: Бир ёшдаги личинкалар (бродяжкалар) урғочиларининг қалқонлари тагидан ўрмалаб чиқади ва пайдо бўлган кунлариёқ баргларга, шохларга, дарахт танасига ва меваларга ёпишиб олади. Қалқондорлар дарахтларда зич колониялар ҳосил қилади.

Июн-августда Кавказнинг денгиз соҳилидан Марказий Осиёга зараркунанда ўтиш хавфи каттароқ бўлиб, қалқондорнинг иккинчи насли шу даврда етилади. Қалқондор йилига икки насл беради.

Кураш чоралари. Эрта кўкламда (куртаклар бўртгунча) дарахтлар пўстлари нобуд бўлган тангачалардан тозаланади ва йиғилган чиқиндилар ёқилади. Шундан кейин 10 % ли минерал мой эмулсияси пуркалади. Зараркунанданинг кичкина маконларида дарахт ва буталар палаткада цианид кислота билан фумигатсия қилинади.

Карантин чоралардан-қалқондор тарқалган туманлардан дарахт ва бута кўчатлари келтирилган тақдирда улар метил бромид ёки цианид кислота билан зарарсизлантирилади.

Сариқ (pomerans) қалқондор (Aonidiella citrina Coq)

Зарари. Сариқ (pomerans) қалқондор кўпгина дарахт, бута ва ўтсимон ўсимликларни зарарлайди, айниқса анжир, цитрус ўсимликлари, тут дарахти, чой туплари, атиргул, хурмо ва бошқа дарахтларга жуда катта зарар етказиши маълум бўлган. Шу билан бирга ток, дағал каноп ва бошқа кўпгина ўсимликларга ҳам зиён етказиши аниқланган.

Сариқ (pomerans) қалқондор зарарлаган ўсимликлар ҳосили анча камайиб, ўсиши секинлашади, қаттиқ зарарланган шох ва новдалари нобуд бўлади, баъзан ўсимлик бутунлай қуриб қолади. Шимолий Ҳиндистонда сариқ (pomerans) қалқондор ғўзанинг жиддий зараркунандаси сифатида маълум бўлган.

Тарқалиши. Ҳиндистон, Сейлон, Фаластин, Сиам, Индонезия, Филиппин ороллари, Япония, Миср, Ўрта ва Жанубий Африка, АҚШнинг жанубий штатлари, Мексика, Шимолий Ҳиндистон, Бразилия, Гвиана, Гавайя ороллари, Самоа, Таити ороллари, Янги Зеландия, Австралияда учрайди.

Таърифи. Вояга етган урғочиси кенг овал шаклида, баъзан чўзиқ овал шаклида бўлиб, усти қавариқ, ранги қора ёки тўқ жигаррангдир. Мўйловларининг асосида иккитадан узун ингичка қили бор. Сариқ (pomerans) қалқондор гавдасининг орқа юзаси силлиқ, узунлиги 3-5 мм.га етади. Эркагининг қорни ингичка, қаноти бир жуфт, узунлиги 1-1,5 мм.ча келади.

Ҳаёт кечириши. Сариқ (pomerans) қалқондор янги минтақаларга кўчат билан тарқалади, яқин жойларга эса бошқа қалқондорлар ва сохта қалқондорлар ёш личинкалик стадиясида тарқалганидек пассив йўллар билан тарқалади.

Тропик минтақаларда Сариқ (pomerans) қалқондори қишки уйқуга кирмайди, субтропик минтақаларда эса дарахтларнинг тана ва шохларида сўнгги ёшдаги личинка стадиясида ва жинсий жиҳатдан етилмаган урғочи стадиясида қишлайди. Бу ҳашарот Кавказнинг Қора денгиз соҳилида май охирида тухум қўя бошлайди. Урғочиси ўз умрида ўрта ҳисоб билан 2000 тача, кўпи билан 4000 тача тухум қўяди.

Июнда-июл бошларида тухумдан личинкалар чиқади, бу ёш личинкалар серҳаракат бўлиб, ўсимликларда ўрмалаб юради.

Одатта озуқа танламайди, лекин зайтун ва олеандр дарахтларини жуда хуш кўради. Кавказнинг Қора денгиз соҳилида йилига 1 марта, Калифорния жанубида эса йилига 2 марта насл беради, тропик мамлакатларда қишки уйқуга кирмай ҳаёт кечиради. Қулай шароитда ва кураш олиб борилмаганда жуда кўпайиб кетади.

Кураш чоралари. Бошқа коксидаларга қарши қандай карантин чоралари кўрилса, Сариқ (pomerans) қалқондорига қарши ҳам ҳудди шундай карантин чоралари кўрилади.

Сариқ (pomerans) қалқондори топилган жойларда дарахтларни палаткада цианид кислота билан фумигатсия қилиш ва қиш фаслида (ёки эрта кўкламда-куртаклар бўртгунча) минерал мой эмулсияларини пуркаш тавсия этилади.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг