ЎЗБЕК КИНОСАНЪАТИДА ЯНГИ НИГОҲ ( ЁКИ “ИСЛОМХЎЖА” ҲАҚИДА ИККИ ОҒИЗ СЎЗ)

0
1019

Ниҳоят, мен ҳам “Ўзбеккино миллий агентлиги” томонидан тайёрланган, анча вақтдан бери “шов шув” бўлаётган “Исломхўжа” номли бадиий публицистик фильмни тамоша қилдим (2018 йил 27-август, А. Навоий номидаги санъат саройи). 

Фильм ҳақида турли хил, бир-бирини тасдиқ ёки инкор қиладиган фикр-мулоҳазалар айтилди, айтилмоқда ва бу ғоят табиий жараёндир. Мен, аввало, шу юртнинг бир фарзанди, зиёлиси сифатида мавзунинг Исломхўжа каби миллатнинг ислоҳотчи қаҳрамонларига бағишланганлигидан севинганимни айтиб ўтишим лозим. Йўқса, чорак аср мобайнида халқни чимилдиқнинг ичида “тарбия” қилишга уриниб келдик. 

Дарвоқе, чимилдиқда миллат пайдо қилинади, тарбияланмайди! Буни билганимиз ҳолда, кино мавзуларини чимилдиққа яқин жойлардан тайин қилдик. Гўё миллат сифатида ҳамма ишни дўндириб, дунёда ҳамма соҳаларда ҳар томонлама олдинга чиқиб олгандек, энди фақат кўнглимизни хушлаш қолгандек тутиб келдик ўзимизни. 
Ҳолбуки, ҳолимиз кўпгина масалаларда, юмшоқ қилиб айтганда, ҳавас қилгулик эмасди. Аммо халқнинг кўзини очишга хизмат қиладиган анча-мунча мавзуларга норасмий равишда тақиқ қўйдик. Аввало, тафаккуримизда бор эди ўша тақиқ. 

Эслайман, 7 ё 8 йил бурун телевидениега кўрсатувга таклиф қилишганди. Мавзу кино ва театрларда кечаётган ўзгаришлар билан боғлиқ эди. Соҳанинг етакчилари, раҳбарлари, журналистлар ва ёзувчилардан камина, ҳаммаси бўлиб, 6 ё 7 киши қатнашдик. Ораларида энг ёши мен эдим, табиийки, сўз ҳам охирида тегди. Йиғилганлар соҳани ривожлантириш учун, асосан, ишнинг техник томонларига эътибор қаратиш кераклиги борасида сўзлашди. 
Камина бўлса, “хонтахта атрофида юз бераётган сюжетлардан тўйдик, энди уйдан, чимилдиқдан, хонтахтадан узоқлашиб, юрт ва дунё кезадиган, миллат ва дунё миқёсида фикрлайдиган қаҳрамонлар ҳақида ҳам бош қотиришимиз керак…”, дея гапимни бошлашимни биламан, ўтирганларнинг деярли ҳаммаси бирданига “ташланишиб”, сўзимни бўлишди, сўнг уни оғзимдан олишди. Аслида, мен сўзимни олдириб қўядиган ювош одам эмасман, лекин ораларида отам тенгилари бор эди, андишага бордим, индамадим.

Мен маиший мавзуларни тамомила инкор қилмайман. Улар ҳам керак, албатта. Фақат меъёрида бўлсин, дейман. Чорак асрлаб маиший мавзулар ҳақида ўйлайдиган, санъат ва адабиётни ҳам хонтахта атрофида ёнбошлаб олиб “ясайдиган” миллат секин-аста таназзулга юз тутади. Бунга шубҳа йўқ! Чунки у ўзининг “маиший роҳати” йўлида тонг оттириб, кун боттирар экан, бу ёқда дунёларини рақибнинг сувлари босиши муқаррар. 

Шунинг учун ҳам тамошабинга унинг миллат сифатида дунёда тутган ўрни, миллат бўлиб шакллангунга қадар босиб ўтган йўли, қаҳрамонлари, уларнинг ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи киноасарларни тақдим қилиш керак, деб орзулаб юрардик. 

“Исломхўжа”ни тамоша қилиб, орзу қилинган ўша кунлар етиб келибди, дея қувонганимнинг сабаби шунда.

Энди кинонинг хусусий масалаларига келсак, у қандай савияда олинган, замонавий киносанъати ютуқларидан қай даражада фойдаланилган, “спец.эффектлар”и қандай, актёрлар таркиби, уларнинг маҳорати, режиссёрлар, операторлар, либослар дизайнерлари, рассомлар ва ҳ.к.бошқа техник ходимларнинг иши каби кинонинг ўнлаб, балки юзлаб хусусий масалаларига кирмайман. 

Киносценарий муаллифининг ютуқ ва камчиликлари, маслаҳатчиларнинг хизматлари борасида ҳам тўхталмайман. Чунки бу соҳанинг ўз шарҳловчилари, тадқиқотчилари, журналистлари бор. Улар енг шимариб ишга киришгандирлар ҳам. 

Мен учун муҳим бўлгани – мавзу ва шу мавзуга тушган бугунги ўзбек киносанъатининг нигоҳи! Чунки киночиларимизнинг нигоҳи маиший мавзулардан ижтимоий-сиёсий мавзуларга қараб бурилмоқда. Буни қутлаш керак! Санъатда нигоҳ, янги нигоҳ – бу жуда муҳим. Албатта, “Исломхўжа” йўқ ерда бино бўлгани йўқ. Киночиларимизнинг яхши-ёмон уринишлари бўлди. Лекин улар фрагментар (парчалар ҳолида) тарзда олинган, монографик (тизимли, пойдеворли) планда анча вақтдан бери бундай киноасар суратга олинмаган эди. Буни эътироф этиш адолат тақозосидир.

Шундай қилиб, “Исломхўжа” эътиборимизни маиший мавзулардан олиб, тарихий-ижтимоий-сиёсий мавзуларга қаратади. Натижада ўзимизга ўзимиз савол бера бошлаймиз: биз киммиз, дунёдаги ҳолимиз қандай, атрофимиздаги дўст ва душманимизга бўлган муносабатимиз-чи? Қаҳрамонларимиз кимлар эди? Уларни йўқ қилган номардлар ва қўрқоқлар-чи? Юртни кимлар олдинга, тараққиётга етаклагану кимлар уни сўриб, пароканда қилган, дарвозаларни очиб бериб, қаҳрамонларини сотган?.. 
Биз буларни билишимиз керак. Айниқса, киносанъати орқали. Чунки унинг таъсир доираси бугун ниҳоятда катта. Бугун ўзбек киносанъати фақат кўнгилочар восита бўлиб қолмаслиги зарур. У бу вазифасини ҳам бажарсин. Лекин унинг домида аср бўлиб қолиб кетмасин! Айниқса, бугун!

 Бугун биз ўзимизнинг миллат сифатида яхши таниб олмасак, эртага айнан миллат сифатидаги ҳолимиз ҳароб бўлади. Одам бўлиб умргузаронлик қилиб юраверишимиз мумкин: дейлик, кимгадир уйланиб, кимгадир турмушга чиқиб, уни кийиб, буни еб, гоҳ эшак аравага, гоҳ эса “Малибу”га миниб, гоҳ унинг тилида, гоҳ буникида сайраб… умримиз ўтаверади. Лекин миллат сифатида бор бўлишимиз амримаҳол. 

Бугун дунёда бор бўлиш учун кучли бўлиш шарт. Кучли бўлиш учун эса хабардор бўлиш керак. Шунинг учун ҳам бизга “Исломхўжа”га ўхшаган киноасарлар сув ва ҳаводек зарур, токи халқ орасидан яна исломхўжалар туғилсин, шакллансин ва ўз миллатига, керак бўлса, бутун башариятга камарбаста бўлсин!
“Исломхўжа” бадиий-публицистик жанрда суратга олинган, дейилди. Жаҳон кино тарихида бу жанрда кўп ишлар қилинган. Ўзбек ўқувчиларига ҳам у таниш. Чунончи, бир неча йил муқаддам “Ёшлар” телеканали буюк италян рассоми ва олими Леонардо Да Винчи ҳақида шундай бир фильмни намойиш этган эди. Унда ҳам тарихчи ровий образи кино қаҳрамонлари ичида, улар билан бирга “аралашиб” юрарди. Шунинг учун ушбу кино жанридан бегонасирашнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, айнан мана шу руҳда олинган маърифий мазмундаги кинолар халқ қаҳрамонларининг ҳаёт ва фаолиятини тамошабинга тўлиқроқ, тезроқ, таъсирлироқ етказиб беради. 

Жумладан, жадид боболаримизнинг ҳар бири ҳақида шундай кинолар ишлаш зарур бўлиб турибди. Чунки уларнинг кимлигини уч-тўрт зиёлидан бошқалар жуда кам билади. Ваҳоланки, Амир Темур замонидан то Истиқлолгача бўлган даврда, орада, юрт ва миллат ҳаётидаги энг катта ўзгаришларни айнан жадидлар амалга оширган ёки оширишни орзу қилган. Уларнинг ислоҳотчилиги оламларни тутишга қодир! 
Мазкур кино талқинидаги қаҳрамон Исломхўжанинг фаолияти ҳам ўз халқининг манфаатлари билан боғланиб кетган экан. Мен уни кузатар эканман, миллат йўлида, унинг манфаати йўлида моллари ва жонларини фидо қилган ўша буюк жадидларнинг ҳаёту фаолияти билан нақадар руҳдош эканлиги ҳақида ўйладим.

Энди кимдир менга “кино ҳақида фақат яхши гаплар гапирдингиз, нима, кинонинг камчиликлари йўқми?” демоқчи бўлса, айтай: аввало, атай камчилик қидирилмайди. Иш бор жойда камчилик бўлади. Хусусан, камчилик қидирмаган ҳолимда ҳам кўзим айрим жиҳатларга тушдики, биттасини баён этай. 

Чунончи, кинода Исломхўжанинг пайғамбаримиз авлодидан эканлигига ҳадеб урғу беришнинг ҳожати йўқ эди. Саид, хўжа, хон, тўра… каби унвонлар қандай олинганини текширишга тушсак, жуда кўп сирлар фош бўлиб кетади. Чунки, биринчидан, бу унвонлар соҳиблари ўз вақтида анча-мунча имтиёзларга эга чиқишлари важидан уни сотиб олишга уринишлар тарихда тинимсиз равишда юз бериб турган. Демак, ким ҳақиқий саиду ким сохта, энди ажратиш қийин. 

Иккинчидан, инсоннинг қариндошчилик унсурлари қонда маълум муддатгача сақланади. Буни ХХ аср илми исбот қилди. Кейин бегоналик бошланади. Қарангки, илм ҳисоблаб чиққан қариндошчилик муддати етти авлоднинг умрига тенг экан. Маълумки, Шарқ халқларида етти авлодни билиш керак дейилади. Нега? Чунки бу муддатдан сўнг қонда қариндошчилик ришталари тамомила узилар, бегоналик бошланар экан: 7 авлод ўртача 70 йилдан яшаса, жами 490 йил бўлади. Демак, илмий хулосаларга кўра, тахминан 500 йилдан кейин биринчи авлод билан саккизинчи авлод ўртасида ҳеч қандай қариндошчилик унсурлари қолмайди. 

Пайғамбаримиз 1400 йил муқаддам яшаб ўтганликларини назарда тутсак, орадан шунча муддат ўтиб, яхши одамнинг яхшилигини фақат унинг саид ёки хўжа эканлигига боғлашга уриниш, юмшоқ қилиб айтганда, анчайин содда дунёқарашнинг маҳсули бўлиб кўринади. Қолаверса, Ислом дини банданинг иймонли бўлиб-бўлмаганини ҳеч қачон унинг томирида оқаётган қонига, ирқига, миллатига, келиб чиқишига боғлаб тушунтирмаган. 

Банданинг қалбидаги нияти ва амалига қараб унга баҳо берган. Ажабки, мазкур қараш ХХ асрнинг илғор Оврупа мутафаккирлари томонидан қўллаб-қувватланган. Улар ҳам ҳақиқий зодагонлик инсоннинг қони ёки бойлигида эмас, балки тафаккур тарзида, деган гуманистик қарашни илгари суришади. Демоқчиманки, Исломхўжанинг кинода тасвир этилгандек халқпарвар, адолатпарвар, жасур ва илғор фикрли инсон бўлишининг негизида, аввало, унинг оилавий муҳити, таълим-тарбияси, ўзининг инсоний фазилатлари ётади.

Таҳлилу танқидни шу биргина мисол билан чеклаймиз. Зеро, “Исломхўжа”ни янада теран таҳлил қилиш учун камина мазкур киноасарнинг, юқорида таъкидлаганимдек, ич-ичига киришим, ичига кириш учун эса, Исломхўжа ҳаёт йўлини бир тарихчи-тадқиқотчи даражасида яхшилаб ўрганишим, тарихий ва киноасардаги Исломхўжа образини қиёслашим, ундан кейин, бадиий-публицистик жанрнинг ўзига хосликларидан мутахасис даражасида бохабар бўлиб, “Исломхўжа” фильмининг жанр талабларига қай даража жавоб бериб-бермаганига баҳо беришдан тортиб, асар сценарийси, актёрлар, диалоглар, тасвирлар, костюмлар каби масалаларни ҳам теран ўрганишим керак бўлади. Мақолада бундай масалалар тадқиқи аввалбошданоқ мақсад қилинмаган. Айтмоқчи бўлганим асосий гап – ўзбек киносанъатида НИГОҲ, ҚАРАШ ўзгарди, деган фикрни айтиш ва баҳоли қудрат исботлаш эдики, камина шу ишни адо қилди, деб ўйлайман.
Демак, ҳаётга, тарихга, миллат қаҳрамонларига қаратилган янги нигоҳ – кинонигоҳ барчамизга қутлуғ бўлсин!

Улуғбек ҲАМДАМ,
ёзувчи,филология фанлари доктори
2018 йил, август

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг